Линклар

logo-print

Ўшда 16 ёшли келинчак йўқолди


Ўш воқеаларидан кейин ўзбек аёлларини ўғирлаб кетиб, зўрлаганларнинг бирортаси жавобгарликка тортилганича йўқ.

Ўш воқеаларидан кейин ўзбек аёлларини ўғирлаб кетиб, зўрлаганларнинг бирортаси жавобгарликка тортилганича йўқ.

Ўшда яна бир келинчак бедарак йўқолди. 9 декабр куни эрталаб соат саккиз яримлар атрофида 16 ёшли келинчак Ирода Зулунова ўз уйи олдида бедарак йўқолди. Ўш қирғинидан кейин ўзбек қиз-жувонларининг ўғирлаб кетилиши ҳоллари тез-тез рўй бермоқда.

Ўшнинг Черёмушки мавзесидаги хонадонлардан бирига тўрт ой аввал келин бўлиб тушган 16 ёшли Ирода Зулунова 9 декабр куни эрталаб ўз уйи олдида бедарак йўқолди.

Унинг қайнонаси Хилола Тошмаматова Озодликка бўлган воқеани гапириб берди:

- Боламнинг иштони краннинг олдида турган эди. Келиним челакка сувни қўйган эди, иштон кўчага оқиб чиқиб кетиб қолди. "Югуринг, олиб келинг, кўчага чиқиб кетиб қолди" десам, "бўпти", деб чиқиб кетиб, қайтиб келмаган эди, 10 минутларда чиқсам, йўқ. Эрининг олдига кириб кетгандир десам, эрини олдида йўқ экан. Қайтиб чиқиб, қўшнилардан сўрасам “хозир деворни олдида турган эди”, деди. Иккита таксист бола кўрган экан. Улардан бири “мен уйга кириб кетган эдим, кўрмай қолдим”, деди. Яна бири эса “кўриб, қараб, ўтиб кетган эдим”, деди. Уйга кириб, милиция участковойга бордим. Участковой билан ариза ёзиб, ҳаммани оёққа тургизган эдик. Ҳалигача хабар йўқ.

Озодлик: Балки урушиб қолгандир уйдагилар билан?

- Йўқ, урушгани йўқ. Кулиб, супургини кўтариб уйни супургани кирган эди. "Хоп, бўпти ойижон", деб югуриб кўчага чиққан эди. Икки минутда кириши керак эди-да, кирмади.

Озодлик: Кўчангизда одам йўқолиши хавотири бор эдими?

- Паст маҳаллада йўқолаётган эди. Келинларимизни эшик супуртирмаётган эдик. Саккиз яримда мактаб болалари мактабга ўтаётган эди. Шунга “чиқаверинг” дебман. Келиним 16га кирган.

Озодлик: Исм фамилиясини айтсак бўладими?

- Ҳа, Зулунова Ирода. Биринчи келиним, ўғлим 17га кирди. Бир-бирини яхши кўриб қолишган эди. Тўйи урушдан кейин, августда бўлган эди.

Озодлик: Энди хозир нима бўлаяпти?

- Кеча кечки пайт келиб туриб, “агар уч кундан кейин топилмаса, ўғлингни қамаб қўямиз”, деб кетди терговчи, дейди келини йўқолган Хилола опа.

Биз Хилола опадан уларнинг уйига келган жиноят қидирув бўлими ходимининг телефонини олиб, қўнғироқ қилдик. Ўз исмини айтмаган Ўш шаҳар ички ишлар бўлими ходими шундай деди:

- Биз ҳали топганимиз йўқ. Биз ҳозир мазкур факт бўйича иш олиб бораяпмиз. У қизнинг ўзи уйдан эрталаб чиқиб кетганми йўқми, хозирча аниқ маълум эмас. Бундай воқеа ҳақида биринчи марта эшитаяпман, деди Ўш шаҳар ички ишлар бўлимининг жиноий қидирув бўлими ходими.

"Сиз ҳақиқаттан ҳам йўқолган келинчак уч кунда топилмаса, унинг эрини олиб чиқиб кетамиз, деб айтганмисиз", деган саволимизга ички ишлар ходими “йўқ” деб жавоб берди ва телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Замир Сидиқов билан боғланиш уринишларимиз натижа бермади.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг матбуот котибидан ҳам Ўшда ўзбек қиз-жувонларининг ўғирланиши ҳақида президент Роза Ўтунбаеванинг хабари бор ёки йўқлигини била олмадик.

16 ёшли ўшлик келинчак Иродахоннинг онаси шу пайтга қадар қизидан дарак йўқлиги боис ўзини қўярга жой топ олмаяпти:

- Қизим бизникига келгани йўқ.Телефон ҳам қилгани йўқ. Ҳеч бир дом-дараксиз йўқ. Ҳамма йўқни истадик, кезиб келдик. Лўли маҳалла дейдими, тоғни, боғни қидириб келдик. Ҳеч қаерда дараги йўқ. Терговчи ҳам шу бўлган воқеани ёзиб чиқиб кетди. Илтимос, ёрдам беринглар, ўлиб қоламан. Бугун яшагим келмай қолди, дея йиғлаб гапирди бедарак кетган Иродахоннинг онаси.

Ўш қирғинидан сўнг ўшлик ўзбек қиз-жувонларининг ўғирлаб кетилиб, калтакланиши ҳоллари тез-тез рўй бермоқда.

30 октябр куни 18 ёшли 3 ойлик келинчак ўғирлаб кетилиб, калтакланган ҳолда топилган эди.

14 ноябр куни тўрт боланинг онаси Дилноза Ўктамова ўғирлаб кетилиб, зўрланган холда тўрт кундан сўнг топилган эди.

10 декабр кечга қадар Ирода Зулунованинг дараги бўлмади.

Бу воқеани Озодлик кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG