Линклар

Москвада МДҲ ва КХШТ саммитлари бўлиб ўтди


Каримов КХШТ саммитида охирги марта қарийб икки йил аввал қатнашган.

Каримов КХШТ саммитида охирги марта қарийб икки йил аввал қатнашган.

10 декабр куни Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳамда МДҲ давлатлари раҳбарларининг саммитлари ўтказилди. Бу йиғинларда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам иштирок этди.


КХШТ ва МДҲ давлат раҳбарлари йиғилишида Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари иштирок этмоқда.

Соат 12:00да Кремлда бошланган етти мамлакат раҳбари КХШТ доирасидаги музокараларида 30дан зиёд масалалар муҳокама этилди. Жумладан, КХШТга аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий-техникавий ва ҳарбий-иқтисодий ҳамкорлик, ахборот хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилди ва бошқа масалалар муҳокама этилди. Куни-кеча аъзо давлатлар етакчилари томонидан ушбу хужжатлар тўпламини имзолаш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтган эди.

Президент Каримов КХШТ доирасида тезкор кучларни ташкил этишга оид Тошкент позициясини яна эслатди.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов КХШТнинг асосий вазифалари ҳақида эслатиб, мазкур тузилма биринчи навбатда аъзо давлатлар ички низолари эмас, балки ташқи хуружларга қарши курашиш мақсадида тузилганлигини таъкидлади.

- Яна бир бор Ўзбекистоннинг қатъий ишончи ва позициясини таъкидлашим жойиз - КХШТнинг биринчи навбатдаги вазифаси КХШТ ва МДҲ доирасидаги давлатлар ўртасида юзага келаётган келишмовчиликларни бартараф қилиш эмас, балки ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишдир, деди Ислом Каримов.

У шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати сайи-ҳаракатлари туфайли Қирғизистондаги вазият янада кескинлашувининг олди олинганини эслатди.

Интерфакс хабарига кўра, Ислом Каримов КХШТ саммити доирасида ишлаб чиқилган 43 ҳужжатдан 33 тасигагина имзо қўйишинини маълум қилди.

- Бу ҳужжатларнинг айримлари борасида Ўзбекистоннинг алоҳида мулоҳазаси мавжуд ва шу сабабли мамлакатимиз имзоси барча ҳужжатлар остида турмайди, дея КХШТ Олий кенгаши олдида баёнот берди Ислом Каримов.

Натижада, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида 34 ҳужжат имзоланди.

Баъзи таҳлилчилар¸ КХШТ анжуманларида икки йилдан буён иштирок этмаётган Ислом Каримов МДҲ саммити билан бир вақт ва бир жойда ўтказилаётгани боис КХШТ йиғилишида иштирок этишга мажбур бўлганини айтмоқда.

“Независимое военное обозрение” нашри муҳаррири Виктор Литовкин КХШТ ичида турли манфаатлар тўқнашаётгани боис бирор бир масалада умумий тўхтамга келишиш қийин, деган фикрда. “Бу қарама-қаршилик, айниқса Қирғизистон воқеаларидан кейин яққол кўзга ташлана бошлади", дейди таҳлилчи.

- КХШТ аъзолари орасида ўзаро келишмовчиликлар сақланиб қолаётгани боис¸ Қирғизистон воқеалари пайтида Бишкек ҳукуматига қўзғолонни бостиришда ёрдам бериш ҳақида ҳатто қарор қабул қилинмади. Ўзбекистон ва Беларус қўшин киритишга қарши чиқди. Чунки КХШТ Низомида ташкилотга аъзо давлатларга қўшин киритиш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. КХШТ ташқи хуружга қарши тузилган ташкилот!

Қолаверса, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари ўртасида шахсий қарама-қаршиликлар ҳам сўнгани йўқ. Масалан, Беларус президенти Лукашенка назарида Роза Ўтунбаева нолегитим давлат раҳбари, чунки у Бакиевни президент, деб ҳисоблайди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ўртасидаги совуқчилик ҳам ташкилот доирасида имзоланган шартномаларни расмиятчиликка айлантириб қўймоқда, дея ўз фикрини билдирди Виктор Литовкин.

“Независимое военное обозрение” муҳарририга кўра, КХШТга аъзо давлат раҳбарлари ўртасида бирлик йўқлигининг асосий сабаби – президентлар шахсий амбицияларининг давлат манфаатидан устун қўйилишидир.

Айни пайтда, саммитда Беларус Президенти Александр Лукашенко КХШТнинг ҳарбий таркибини кучайтириш таклифи билан чиқди.

- Очиқчасига гапиришимиз керак, КХШТ Тезкор коллектив кучларини амалиётда қўллаш учун кўп куч сарфлаш зарур... Ишончим комил, КХШТ аъзолари ўз миллий контингентлари билан ташкилотда иштирок этишга умумий қизиқишларини орттиради, деди Коллектив хавфсизлик кучларида фаол иштирок этишдан бош тортаётган мамлакатларга ишора қилган президент Лукашенка.

КХШТ саммити якунида ташкилотга аъзо давлатлар Декларацияси имзоланди ва Ташкилотнинг Тинчликпарвар кучлари ҳақида баёноти эълон қилинди.

Саммит якунида 2011 йилда КХШТда Беларус раислик қилишига келишилди.

Соат 15:00да МДҲ давлат раҳбарлари мажлиси бошланди. Унда КХШТ раҳбарларидан ташқари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Украина Президенти Виктор Януковичлар иштирок этди. МДҲга аъзо давлатлар саммитида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Молдова президенти вазифасини бажарувчи Михай Гимпу иштирок этмади.

Михай Гимпу “МДҲ саммитида принципиал аҳамиятга эга бўлмаган масалалар муҳокама этилаётгани” боис иштирок этмаётганини айтган бўлса, туркман етакчиси 11 декабр куни Ашхободда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган Туркманистон-Афғонистон-Покистон музокараларида иштирок этиши важидан Москвага келолмаслигини билдирди.

МДҲ учрашувлари доирасида ҳамдўстликда эркин савдо зонаси ҳақидаги шартномалар лойиҳалари муҳокама этилди. Шунингдек, МДҲ давлатлари раҳбарлари 2011-2013 йилларга мўлжаланган жиноятчилик, экстремизм ва террорчилик, наркотикларнинг ноқонуний савдоси ва одам савдосига қарши кураш ҳамда шахсларни халқаро қидирувга бериш бўйича мақсадли дастурлар лойиҳаларига имзо қўйди.

МДҲ доирасида ўтказилаётган саммитда 2015 йилга қадар ҳарбий ҳамкорлик концепцияси бўйича келишиб олинди.

МДҲ давлатлари анжумани давомида 2011 йилда МДҲ ташкилотига Тожикистон раислик қилиши эълон қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG