Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:50

Қирғизистон Омбудсмени: "Азимжон Асқаровнинг айбсизлиги исботланган"


Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Ўшда судланаётган ўзбекларга нисбатан адолатли суд ўтказилмаётганини эътироф этадилар.
Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Ўшда судланаётган ўзбекларга нисбатан адолатли суд ўтказилмаётганини эътироф этадилар.

10 декабр куни Қирғизистонда БМТнинг халқаро инсон ҳуқуқлари декларация қабул қилинган кун нишонланди. Мана шу кун муносабати билан қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат расмийлари диққатини Ўшда инсон ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганига қаратмоқчи бўлишди.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Манзура опа июн воқеаларида иштирок этганликда айбланиб қўлга олинган ўзбекларнинг асосий қисми милиция ходимлари учун пул ундириш манбаи бўлиб қолгани ҳақида гапиради:

- Маҳалламизда ҳибсга олишларни энг аввало бойлардан бошлашди. Милицияга кимдир маҳалламиздаги 30 та бойнинг рўйхатини берган. Шундан кейин облавалар бошланиб, бирин- кетин бойларни қамаш бошланди. Калтакланиб, пул тўлашиб қамоқдан чиқишди, улар. Бу ҳақда аниқ фактлар бор, - дейди Манзура опа.

10 декабрь куни Бишкекда ўтган инсон ҳуқуқлари масаласига бағишланган йиғинда ҳам ҳуқуқ фаоллари мана шундай муаммоларни кўтардилар.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлайкан Исмоиловага кўра, бугунги кунда Қирғизистондаги ҳуқуқбузарликларнинг асосий қисми Ўшда содир этилмоқда.

- Ноқонуний қамоққа олишлар ҳозирги кунда асосан жанубий вилоятларда содир этилмоқда. Иккинчидан, барча ҳибс қилинганлар қийноқларга солинаяпти. Учинчидан эса, айбланганлар адолатли тарзда суд қилинмаяпти, -деди Тўлайкан Исмоилова.

Бишкекда ўтган йиғилишда Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун июн фожеаси пайтида Бозорқўрғонда тартибсизликларни уюштирганликда ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг бегуноҳ эканлигини мустақил текширув комиссияси аниқлаганини эълон қилди. Бироқ Ички ишлар вазири вакили Турсунбек Акуннинг бу баёнотини кескин танқид қилди ва уни жиноятчини оқлаётганликда айблади.

Халқаро ташкилотлар вакиллари эса Турсунбек Акуннинг Азимжон Асқаров борасидаги баёнотини қўллашларини билдирдилар.

- Бизнинг ташкилот Азимжон Асқаров қамоққа олинганидан бошлаб то шу кунгача унинг ишини кузатиб келди. Айтишим мумкинки, Азимжон Асқаров қийноқларга солинган, унга босим ўтказилган. Унинг суди хавфсизлик меёрларига амал қилинмаган ҳолатда ўтказилган. Шунинг учун ҳам Азимжон Асқаровга нисбатан ўқилган суд ҳукмини адолатсиз ҳисоблаймиз,- деди халқаро “Фронт лайн” ташкилоти раҳбари Андрю Андерсон.

Қирғизистон ҳукумати расмийлари эса Ўшдаги инсон ҳуқуқлари вазияти июн ойидагига нисбатан анча яхшилангани ва бу шаҳарда вазият барқарорлашиб бораётганидан бонг урмоқдалар.

Бу ҳақда гапирган президент маъмурияти раҳбари Эмил Қаптагаев айни пайтда ҳукумат инсон ҳуқуқлари масаласини янада яхшилаш йўлида ҳаракат қилаётганини, лекин бу йўналишдаги масъулият фақат ҳукуматнинг зиммасида эмаслигини урғулади.

- Давлатчилик масъулияти ҳам, мамлакатимизда яшаётган бошқа миллатлар масъулияти ҳам қирғизларнинг зиммасида. Шунинг учун қирғизлар мана шу масъулиятни ҳис қила билишни ўрганишимиз лозим, - деди Эмил Қаптагаев.
XS
SM
MD
LG