Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:59

Бедарак йўқолган 16 ёшли ўшлик Ирода топилмади


Ўзбек аёллари шу кунларда Ўш кўчаларида юришга чўчиб қолдилар.
Ўзбек аёллари шу кунларда Ўш кўчаларида юришга чўчиб қолдилар.

Ўшда, ўз уйи ёнида йўқолган 16 ёшли Ирода Зулунованинг бедарак кетганига 11 декабрда уч кун бўлди. 9 декабр куни эрталаб ўз маҳалласидан ўғирлаб кетилгани гумон қиланаётган Ирода Зулуновани қидириш ишлари натижасиз якунланмоқда. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Ироданинг турмуш ўртоғини айблашга ҳаракат қилмоқдалар.

11 декабр куни Ироданинг турмуш ўртоғи Абдулло Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасига сўроққа борган.

- “Истаяпмиз. Агар сен урган бўлсанг, бўйнингда синади ҳамма нарса. Ўзи топилиб қолса - яхши, биз истаяпмиз. Топилмаса - сенинг бўйнингга синади”, дейишди. Мен "Нимага?" деб сўраганимда эса, “Бекордан бекорга 8 яримда биров ўғирламайди.Уришиб кетиб қолган ёки бирор нарса бўлган”, деди. "Мен 8 яримда ўғирлаб кетган бўлиши ҳам мумкин", деб айтдим. ”Урушганим йўқ”, дедим. Тушунтириш хати ёзиб бердим, - дейди Ироданинг турмуш ўртоғи 17 ёшли Абдулло.

Эслатиб ўтамиз, 9 декабр куни эрталаб тахминан соат 8.30ларда ўз уйи олдида 16 ёшли Ирода бедарак йўқолган. Ирода асли аравонлик, августда Ўш шаҳрига турмушга чиққан.

Ироданинг қайнонаси Ҳилола Тошмаматова 11 декабр куни ҳам келинини қидиришганини, ўшликлар келиб ёрдам қўлини чўзаётганини ҳам айтди:

- Таксистларга суратини бериб қўйдик.”Кўрамиз, учратиб қолсак айтамиз”, дейишаяпти. “Ёрдам берамиз,” деб келишаяпти. Қандай қилиб машинага чиқиб кетганини хеч ким кўрмаган экан, - деди йўқолган Ироданинг қайнонаси Ҳилола опа.

Бедарак йўқолган 16 ёшли келинчак ҳақида Ўшдаги ҳуқуқ фаоллари ҳам хабардор. Улардан бири Равшан Гапировга кўра, сўнгги бир ой ичида Ўшда тўрт нафар ўзбек аёллари ўғирлаб кетилгани ҳақида маълумотлар бор.

- Шаҳарнинг ҳар жойидан бўлаяпти-да. Бир бурчагида бўлаётган иш эмас. Ҳар бурчагидан, шаҳарга тарқаб кетаяпти бу нарса.Одамларнинг орасида ваҳима. Аёлларни одамлар кўчага чиқаришга қўрқиб қолди. Кўчада аёллар юргани қўрқиб қолишди. Бўлаётган мана бу тўртта ҳолат ҳам эшигининг тагидан олиб кетилган. Тўрт воқеа ҳам бир ой давомида бўлаётган ҳодиса,- деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоли ўшлик қиз-жувонларни ўғирлаганлар ва уларни калтаклаб, азоб берганлар шу пайтга қадар топилмаганлигини айтиб, уларнинг жазоланишига шубҳа билдирди.

Қирғизистон президентининг мамлакат жанубидаги ваколатхонаси ходими Қубаничбек Жороев Ўшда Ирода Зулунова бедарак йўқолганлиги ҳақида унинг онаси ва қайнонасидан мурожаатнома тушганлигини айтди:

- Тегишли хизматларнинг бу воқеадан хабари бор. Мен ҳозиргина Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи билан ҳам телефон орқали бу ҳақда гаплашдим. Барча кучлар жалб қилинган. Бундан ташқари Қирғизистон президентининг маслаҳатчиси Виктор Черноморецга ҳам бу ҳолат етказилди,- деди Ўшда жойлашган Қирғизистон президентининг мамлакат жанубидаги ваколатхонаси ходими Қубаничбек Жороев.

Жороевга кўра, ваколатхона уч ойдан буён мамлакат жанубида фаолият юритмоқда. Уч ой ичида биринчи бор Ўшда одам йўқолганлиги тўғрисида фуқаролар уларга мурожаат қилган.

Бундан ташқари Қирғизистон президентининг жанубдаги ваколатхонаси вакили қирғиз миллатига мансуб аёлларнинг йўқолиши ҳақида бирорта ҳам мурожаат бўлмаганлигини ҳам айтиб ўтди.

Ўш ҳуқуқ-тартибот идоралари, Ироданинг яқинлари қидирувига қарамасдан, 16 ёшли келинчак ҳозиргача топилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG