Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:47

Тожикистонда яҳудийлар илк бор расман Ҳанокани нишонладилар


Жаҳон яҳудийлари шу кунларда Ҳанока байрамини нишонламоқда
Жаҳон яҳудийлари шу кунларда Ҳанока байрамини нишонламоқда

Тожикистонда яшаётган юзлаб яҳудийлар шам ёқиб, қадимий байрамлари саналмиш Ҳанока байрамини нишонлашди. Яҳудийларнинг айтишича, уларга ота-боболаридан мерос қолган бу байрам милоддан олдинги 2-асрда пайдо бўлган экан.

Тожикистонда яшаб турган яҳудийлар Ҳанока байрамини ҳар қандай шароит ва вазиятдан қатъий назар албатта нишонлашларини айтишди.

Ортда қолган ҳафтанинг жума куни Душанбе шаҳрида нишонланган бу байрам нур ва ёруғлик байрами, деб аталиши ҳам маълум бўлди.

Тожикистондаги яҳудийлар канисаси раҳбари Михаил Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, эрамиздан олдинги иккинчи асрда Александр Македонский Исроилни босиб олинганидан сўнг яҳудийларга ибодатни таъқиқлаган. “Ҳатто, - дейди Михаил Абдураҳмонов, - юнонлар Тавротни ўқишни ҳам чеклаган ва яҳудийларнинг қурбонлик қиладиган қудуқларию ибодат қилинадиган муқаддас жойларини чўчқа сўйиб ҳаром қилган”.

- Шундан сўнг яҳудийлар пешвоси Мататяҳо беш ўғли билан юнонларга қарши бош кўтариб, Исроилни озод қилишга киришади. Шу тариқа ўз мустақиллиги учун курашган аждодларимиз юнонлар устидан ғолиб келдилар. Ҳанока байрамининг муҳим тарихий жиҳати шу, - деди тожикистонлик яҳудийларнинг раҳбари Михаил Абдураҳмонов.

Унга кўра, байрамнинг бошқа жиҳати ёруғлик ва нур экан.

- Юнонлар устидан ғолибликни қўлга киритганларидан сўнг яҳудийлар зайтун ёғини оловга ташламоқчи бўладилар. Аммо ёғни юнонлар ҳаром қилган эдилар. Шунда яҳудийлар ҳажми жиҳатидан фақат бир кечаликка етадиган бир қути ёғ топиб олишади ва Худо билан алоқалари узилмаслиги учун уни ёндиришади. Қарангки, бу ёғ саккиз кунга етади. Шунинг учун бу байрамни нур байрами ҳам деб атаймиз. Бу байрамда асосан шам ёқилиб, саккиз кун давомида шамлар ўчирилмайди,- дея билдирди Михаил Абдураҳмонов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ҳанока байрамида яҳудийлар бир- бирларининг уйларида меҳмон бўладилар ва дастурхон атрофида тўпланишиб хурсандчилик қиладилар.

Душанбе шаҳрида яшаб турган 60 ёшли Сайёра ая Ҳанока байрамини нишонлашни онасидан ўрганганини айтади:

- Кичкина эдим, онам раҳматлик уйда шам ёқиб, бу байрамни нишонлар эди.Турли хил таомлар пишириб, болаларга ширинлик улашарди. Ҳафта давомида хурсандчилик қилардик, - дейди Сайёра ая.

Асли бухоролик яҳудийлардан бўлган Сайёра ая ҳам Ҳанока байрами арафасида турли ширинликлар, маззали ва асосан ёғли таомлар тайёрлаб, яқинларига улашишини айтди.

Аёл бу йил ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ яҳудийларнинг қадимий байрами Тожикистонда расман нишонланганидан суюнди.

Ота-онаси самарқандлик яҳудийлардан бўлган Писар Бақоев Ҳанока байрами кўпроқ яҳудийлар миллий қадриятларига эҳтиром тариқасида нишонланишини айтди.

Писар Бақоев тожикистонлик аксарият яҳудийлар ўз ўтмиши ва қадриятларини унутилмаслик ниятида фарзандларига болаликдан Ҳанока байрамини нишонлаш тартибини ўргатиб боришларини айтди:

- Ўтганларимизни шамлар ёқиш билан ёдга оламиз. Ўғил - қизларимиз ҳам бунга ёшликдан одатланишлари ва бу байрамни нишонлаш тартибини ҳозирдан билишлари лозим. Акс ҳолда биз вафотимиздан сўнг унут бўлиб кетамиз, - дейди Писар Бақоев.

Шу ўринда айтиб ўтсак, айни пайтда Тожикистонда тахминан беш юзга яқин яҳудий яшайди.

Тожикистондаги фуқаролик урушигача ( 1992 ва 1997 йиллар - таҳр,.) Душанбе шаҳрида яҳудийлар маҳалласи бор эди.

Ўша пайтлар республика ҳудудларида тахминан 12 мингга яқин яҳудий яшаб, турли соҳаларда фаолият қилар эдилар.

Бироқ мамлакатдаги бесаранжомликлар ортидан аксарият яҳудийлар АҚШ, Канада каби давлатларга кўчиб кетишди.
XS
SM
MD
LG