Линклар

Ўшда йўқолган Ирода топилди


Ўшда ўғирлаб кетилган 16 ёшли Ирода Зулунованинг турмушга чиққанига эндигина 4 ой бўлганди.

Ўшда ўғирлаб кетилган 16 ёшли Ирода Зулунованинг турмушга чиққанига эндигина 4 ой бўлганди.

12 декабр куни Ўшда ўз уйи ёнида йўқолган 16 ёшли Ирода Зулунова топилди. Маълум бўлишича, уни бир аёл ва икки эркак ўғирлаб кетган. Шифокорлар Ироданинг аҳволини "оғир", дея баҳоламоқда.


12 декабр куни тушдан сўнг Ирода Зулунова Аравондан топилгани ҳақида Озодликка унинг қайнонаси Хилола Тошмаматова хабар берди:

- Ирода “уйга кетаман”, деган экан, дори ичиришиб, оқ “Матиз”га солиб, жўнатиб юборишибди. У айтаяпти: “Кеча йўқолган эдим, бугун қўйиб юборишди”, деб айтаяпти. Икки кун хушсиз ётган. Келаётганида, дори ичириб қўйишибди. “Дори ичасан” деб, бўйнига пичоқ тақаган экан. Пичоқнинг излари ҳам турибди, кесилиб қолган. Дорини мажбур ичирган,- деди Ироданинг қайнонаси Хилола Тошмаматова.

Эслатиб ўтамиз, Ирода 9 декабр куни эрталаб соат тахминан 8.30ларда Ўшдаги келин бўлиб тушган уйдан кўчага чиққан пайтда йўқолган эди. Хилола опанинг айтишича, Ирода уйдан ташқарига чиққанижа нотаниш аёл уни гапга солган.

- “Битта жингалак сочли хотин шартта оғиз-бурнимга бир нима томизди, шундан кейин ҳушимдан кетиб қолдим, олиб кетиб қолди”, деяпти. "Икки эркак, бир хотин. Хотин киши ёмон экан. Жингалак сочли хотин киши мени роса урди”, деяпти. “Оёғимга дубинкалар билан урди”, деяпти. Ирода ҳозир ҳушсиз ётибди, уйқуда ётибди. Бошқа рўмол ўраб қўйишибди. “Ўзимнинг рўмолимни ташлаб юборишди” деяпти, қон бўлиб кетган. Ташлаб, бошқа рўмол ўраб қўйибди бошига. Зираклари, нарсаларини олишибди.

Озодлик: Хилола опа, Иродахонни зўрлашганми?

- Ҳозир энди кўришади. Унинг ўзи “билмадим” деяпти,- деди Ироданинг қайнонаси Хилола опа.

Ирода уни азоблаган аёл бир неча тилларда гаплашганини ҳам айтишга улгурган.

Айни пайтда Ирода Зулунова Ўш вилояти Аравон туман касалхонасининг травмотология бўлимида.

Мазкур туман касалхонасининг травмотология бўлими доктори Озодбек Тоштемиров қабулхонага олиб келинган Иродани тиббий кўрикдан ўтказганлигини айтади:

- Бош мия чайқалиб, лат еган ва дори билан заҳарланган. Бўйнида жароҳати бор, пешонасида ҳам тилинган жойи бор. Ўнг оёғининг тиззасидан пастида кўкарган ерлари бор. Бошида ёрилган ери бор,

Озодлик: Аҳволини қониқарли, деса бўладими?

- Йўқ, йўқ. Аҳволи оғир, - деди Аравон туман касалхонасининг шифокори Озодбек Тоштемиров.

Келин бўлиб тушганига эндигина 4 ой бўлган 16 ёшли Ирода Зулунованинг қидирувига Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси, Қирғизистон президентининг жанубдаги ваколатхонаси қўл урган эди.

Айни пайтда топилган Иродани терговчилар сўроқ қилганини ҳам унинг қайнонаси айтиб ўтди.

Айтиш жоизки, Ўшда сўнгги бир ой ичида тўрт нафар ўзбек қиз-жувони ўғирлаб кетилган. Жабрланган аёлларга кўра, уларни ўғирлашда ҳам, худди Ирода каби, бир аёл ва икки эркак қатнашган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG