Линклар

Тожикистонда журналист ҳибс этилди


Кузатувчиларга кўра, сўнгги пайтларда Тожикистонда журналистларни ёзган мақоласи учун таъқиб қилиш тенденцияси кучаймоқда.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги пайтларда Тожикистонда журналистларни ёзган мақоласи учун таъқиб қилиш тенденцияси кучаймоқда.

Сўғд вилоятида “Нури зиндаги” ҳафтаномаси мухбири Муҳаммадюсуф Исмоилов ҳибсга олинди. Журналистнинг ҳамкасблари сўзларига кўра, бунга унинг расмийларни танқид қилган қатор мақолалари сабаб бўлган.

Сўғд вилоятининг Ашт туманида фаолият юритган журналист Муҳаммадюсуф Исмоиловни, “Нури зиндаги” (Ҳаёт нури) газетаси бош муҳаррири Жумаи Мирзонинг айтишича, милиция вакиллари уйидан олиб кетишган.

- Мана икки ҳафтадирки, Муҳаммадюсуф Исмоиловдан дарак йўқ. Лекин редакция номига туман прокуратурасидан бир неча маротаба мактуб келди ва биз уларга жавоб ёздик, - дейди Жумаи Мирзо.

Унинг сўзларига кўра, Муҳаммадюсуф Исмоилов 2008 йилдан бери “Нури зиндаги” ҳафтаномасида мухбир сифатида ишларди. Шунингдек, у мазкур газетани тарқатиш ва сотиш билан ҳам шуғулланган.

Биз мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Ашт туман прокуратураси вакиллари билан боғланишга ҳаракат қилдик. Лекин уринишларимиз натижа бермади - прокуратура вакиллари биз билан суҳбатлашишни исташмади.

Исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган милиция вакилининг сўзларига кўра, журналист маҳаллийчиликни тарғиб қилишда, ёлғон гапларни тарқатиш ва пора талаб қилишда айбланмоқда.

Бироқ “Нури зиндаги” газетаси бош муҳаррири Жумаи Мирзо бу иддаоларни рад этади. Унинг сўзларига кўра, журналист сўнгги пайтларда тумандаги муаммолар ҳақида қатор танқидий мақолалар ёзганди.

- Муҳаммадюсуф Исмоилов Ашт туман ҳукуматида ердан ноқонуний фойдаланиш ва сотиш, аҳоли турмуш тарзи ва ободончиликка эътибор берилмаётгани каби мавзуларга бағишланган танқидий мақолалар чоп қилганди. Охирги мақоласи эса туманда сўнгги пайтларда худкушлик кўлами ошиб бораётгани ва бунда маҳаллий ҳукумат, куч ишлатар тизимларининг айби борлигига ишора қилган. Назаримда, журналистнинг ҳибсга олинишига айнан шу танқидий мақолалар сабаб бўлган, - дейди Жумаи Мирзо.

Журналистнинг қариндошларидан бири Муҳаммадюсуф Исмоилов нима сабабдан ушлангани ҳануз қоронғилигича қолаётганини айтди. Боз устига, Исмоиловнинг яқинлари унинг ҳозирда қаерда экани ҳам билмайдилар. Улар туман ички ишлар бўлими, прокуратура ва миллий хавфсизлик қўмитасига ҳам мурожаат қилишган, у ерда эса Муҳаммадюсуф Исмоилов йўқлигини айтишган.

Айни пайтда Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси журналист Муҳаммадюсуф Исмоиловнинг ҳибсга олиниши юзасидан мустақил текширув бошлади.

- Биз биринчи навбатда Муҳаммадюсуф Исмоилов қайси сабабларга кўра ҳибсга олинганлигини ойдинлаштиришимиз керак. Шунинг учун ташкилотимиз юристи мазкур иш билан шуғулланаяпти ва тез кунлар ичида нима гап бўлганлиги аниқланади. Зурурат туғилса, биз журналист ҳимоясига турамиз, албатта, - деди ассоциация раиси Нуриддин Қаршибоев.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, сўнгги пайтларда Тожикистонда оммавий ахборот воситаларига нисбатан тазйиқ кучайган, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият эса жорий йилда ёмонлашган. Жумладан, қатор газеталар устидан ўтган йил бошлаган маҳкама ҳанузгача давом этмоқда. Шу боис ҳам қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари яқин кунларда мамлакат парламенти биноси олдида норозилик намойиши ўтказишга тайёрлик кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG