Линклар

logo-print

Қозоқ жамоатчилиги ўзбек қочқинлари ҳимоясига чиқди


Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларининг рафиқалари берган гувоҳлик кўрсатмалари ҳам Олмали туман суди ҳаками ҳукмига ижобий таъсир кўрсатолмади.

Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларининг рафиқалари берган гувоҳлик кўрсатмалари ҳам Олмали туман суди ҳаками ҳукмига ижобий таъсир кўрсатолмади.

Қозоғистондаги бир қатор жамоатчилик ташкилотлари Олмаотадаги ўзбек қочқинлари устидан ўтказилаётган маҳкама юзасидан норозилик билдириб чиқдилар. Уларга кўра, ўзбек қочқинлари ишини кўраётган ҳакам ҳатти-ҳаракати Қозоғистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга мутлақо зиддир.

“Бошбошдоқликка қарши кураш” ва “Толмас” жамоатчилик жамғармалари раҳбарлари Вадим Курамшин ва Айнур Қурманов, касаба уюшмалари ҳаракати раҳбари Есенбек Уктешбаев имзо чеккан мазкур норозилик хатида Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ишини кўраётган Олмали туман суди ҳаками Даурен Тлеубаев халқаро ва Қозоғистон қонунчилигига номувофиқ иш юритаётгани қайд этилади.

Эслатиб ўтамиз, 6 декабрдан бошлаб Олмаотанинг Олмали туман судида Қозоғистондан вақтинча бошпана топган ўзбек қочқинларининг Олмаота шаҳар миграция департаменти қарори юзасидан шикоят аризаси кўрила бошлади. Аввалроқ мазкур департамент Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинларининг Қозоғистон ҳудудидан вақтинча бошпана бериш бўйича илтимосини рад қилганди. Агар бу қарор ўз кучида қоладиган бўлса, ҳозирда Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинлари Ўзбекистонга қайтариб юборилиши мумкин.

Айни пайтда Олмаотадаги икки ҳибсхонада сақланаётган 29 ўзбек қочқини шу йилнинг 9-11 июн кунлари ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олинган. Ўтган ярим йил мобайнида Қозоғистонда ушланган ўзбек қочқинларидан тўрттаси (уларнинг бири қирғизистонлик, яна бири тожикистонлик) Ўзбекистонга бериб юборилган.

10 декабр куни ўтказилган маҳкамада ҳакам Тлеубаев Олмаота шаҳар миграция департаментининг ўзбек қочқинларига рад жавоби бериш бўйича қарорини тўғри деб топиб, қочқинлар Сирожиддин Толипов, Саидакбар Жалолхонов ва Олимжон Холтўраевларнинг шикоят аризасини қондирмади.

Ўзбек қочқинлари шикоят аризасини кўриб чиқиш жараёни шу кунда ҳам давом этмоқда. Бугун, 13 декабр куни Олмали туман судида бўлиб ўтган маҳкамада Олмаота шаҳридаги 1-тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинлари Остонов, Пўлатов ва Болтаев ишини кўриб чиқилди. Маҳаллий вақт билан соат 20.00 гача давом этган маҳкама мажлисида ҳакам Тлеубаев бу қочқинларга бошпана изловчи шахс мақомини олиш бўйича Олмаота шаҳар миграция департаменти рад жавобини асосли берган, дея хулосага келиб, қочқинларнинг шикоят аризасини қондирмади.

Олмаота ҳибсхонасида қолаётган бошқа қочқинлар иши бўйича маҳкама мажлиси эртага ҳам давом этиши айтилмоқда.

Аснода Олмаота ҳибсхонасида қолаётган ўзбек қочқинлари тақдири халқаро ташкилотлар хавотирига ҳам сабаб бўлаяпти. Бу хавотир Ҳюман Райт Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Рейчел Денбернинг яқинда Қозоғистон бош прокурори Кайрат Мамига ёзган хатида ҳам акс этган. Унда ҲРУ масъули қозоқ расмийларидан халқаро ва маҳаллий қонунчилик меъёрларига мувофиқ равишда Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари ҳақларига риоя қилишни, уларни қийноқлар мунтазам равишда қўлланиб келган Ўзбекистонга бериб юбормасликни сўрайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG