Линклар

WikiLeaksда навбат Гулнора Каримовага келди


АҚШ депешаларида Гулнора Каримова “қароқчи барон” ва “мамлакатдаги энг ёмон кўриладиган шахсдир”, дея таърифланади.

АҚШ депешаларида Гулнора Каримова “қароқчи барон” ва “мамлакатдаги энг ёмон кўриладиган шахсдир”, дея таърифланади.

WikiLeaks сайти ошкор қилган АҚШга тегишли махфийлаштирилган дипломатик ёзишмаларнинг навбатдаги қисмини чиқди. Британиянинг Guardian газетасида эълон қилинган ҳужжатларнинг бу сафарги қаҳрамони¸ АҚШ дипломатлари таъбири билан айтганда¸ “Ўзбекистоннинг биринчи қизи” – Гулнора Каримова.


Guardian газетаси эълон қилган мақола номини “WikiLeaks депешалари АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан жамоатчилик ва хос сиёсати ўртасида келишмовчиликлар борлигини кўрсатади”, деб таржима қилиш мумкин.

Гулнора Каримова “Ўзбекистонда энг ёмон кўриладиган шахс”, дея таърифланган мақола мазмуни билан танишинг:

Собиқ иттифоқ давлатларидан бири бўлмиш Ўзбекистон “чуқур илдиз отган коррупция”, уюшган жиноятчилик, пахта далаларида мажбурий маҳнат ва қийноқлар авж олган даҳшатли давлатдир, дейилади сиздирилган депешаларда.

Лекин WikiLeaks ошкор қилган махфий депешаларга кўра¸ АҚШ Афғонистондаги ҳарбийлари учун шимолий таъминот тармоғи, деб аталмиш транзит йўлак орқали юкларни етказиб бериш имконини сақлаб қолиш илинжида президент Ислом Каримовнинг кўнглини олишга уриниб келмоқда.

Депешаларнинг кўпи Каримовнинг жозибадор ва мунозаралар объекти бўлмиш қизи Гулноранинг ҳатти-ҳаракатлари ҳақидадир. АҚШ дипломатик каблогарммаларида Гулнора Каримова очиқчасига “мамлакатдаги энг ёмон кўриладиган шахсдир”, дея таърифланади.

Айтилишича, у мамлакатдаги деярли барча даромад келтирувчи ширкатларнинг улушини куч билан ўзлаштириб олган ва “қароқчи барон”, деган ном билан ҳам танилган. Отасидан дипломатик мақом олган Гулнора асосан, бир вақтлар ўзига қарашли бўлган "Зеромакс" ширкати рўйхатга олинган Женева ва Испанияда яшайди.

У шунингдек, поп-қўшиқлар ижрочиси, заргарлик буюмлари дизайнери ва Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети профессори ҳамдир.

Британиянинг Тошкентдаги элчиси Руперт Жой¸ Гулнора билан модалар шоусида кўриниш бериб, унинг имижини кўтаришга ҳисса қўшгани учун инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан танқид қилинди.

Дипломатлар томонидан “биринчи қиз”, дея аталадиган Гулнора АҚШ элчихонаси назарига 2004 йилда тушади.

Депешалардан бирида Гулноранинг Тошкентдаги тунгги клублардан биридаги кабинада, кечаси соат 3 ларда синглиси Лола билан тўртта барзанги тансоқчи даврасида кўнгилхушлик қилгани ҳақида ёзилган.

АҚШнинг Тошкентдаги собиқ элчиси Жон Пёрнеллга нисбат берилган махфий депешанинг бири "Лола Каримова арқонни узди", деб номланган.
Лола ўзига тегишли экани айтиладиган тунгги клубга “Тошкентда битта бўлган” Porsche Cayenne русумли машинада келган ва ўзининг “бандитни эслатувчи йигити” билан рақс мадонини бўшатмаган. Дипломатлар, бу клубда “қонунга зид равишда” катта миқдорда хориждан келтирилган спиртли ичимликлар сотилишини ҳам қайд этади.

Кейинги беш йил давомида юборилган каблограммаларда Гулноранинг бизнес оламида мисли кўрилмаган кўтарилиши хроникаси тасвирланади. Дипломатларнинг таъкидлашича, Гулнора бунга маҳаллий тадбиркорларга улар рад эта олмайдиган таклифларни қилиш билан эришган.

Масалан, Америкалик тадбиркорлардан бирининг иддао қилишича, у ишлаган Skytel мобил ширкати Гулноранинг фирма улушини сотиб олиш таклифни рад қилганида “ширкатнинг алоқа тўлқинлари Ўзбекистон ҳукумати агентлиги томонидан бўғиб қўйилган.”

Гулнора “маҳаллий мафия ўғрибошиларидан бири” билан келишган ҳолда¸ "Зеромакс" ширкатининг нефтга оид шартномаларида ўз улушига эга, дейилади элчихона депешаларида. Бу каблограммаларда айтилишича, Гулнора шунингдек (Ўзбекистондаги) Coca-Cola ширкати солиқлардан бўйин товлаганликда айблангандан кейин¸ корхонанинг акцияларнини ўзлаштирган.

“Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Гулнора Каримовани очкўз, ҳокимиятни қўлга киритиш иштиёқида бўлган ва отасидан фойдаланиб, тадбирокрларни ёки йўлидан чиқиб қолганларни йўқ қиладиган шахс сифатида билади... У Ўзбекистондаги энг ёмон кўриладиган ягона шахс бўлиб қолмоқда.”

"Зеромакс" билан яқин алоқада бўлган вашингтонлик бизнесмен Нейл Ливингстон Guardian билан суҳбатда Гулноранинг яқинда Ўзбекистондаги активлари тортиб олинган ширкатга алоқаси бўлганини инкор қилган. "Зеромакс" Каримовлар оиласининг коррупциялашганига оид хабарлар пайдо бўлгач¸ муаммоларга дуч келди.

Ливингстон “агар, миш-мишлардаги каби, ҳукумат ёки президентнинг қизи билан алоқамиз бўлганида эди... ҳозир жиддий молиявий муаммоларга дуч келмаган бўлардик. Мен ҳеч қачон президент қизи билан учрашмаганман ва ҳатто гаплашмаганман ҳам”, дея таъкидлаган Guardian билан суҳбатда.

Гулноранинг ўзи эса¸ Guardian нашрининг бу иддаоларни изоҳлаб беришни сўраб юборган мактубларига жавоб бермади. Лекин унинг "Зеромакс" ширкатига тўлиқ ёки қисман эгалик қилганига оид иддаоларни инкор қилгани айтилади.

АҚШ дипломатлари ёзишмаларида Ўзбекистонга берилган баҳо Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэйг Мюррейнинг бу мамлакат ҳукуматига қарши илгари сурган айбловларни тасдиқлайди. Мюррей Тошкент режимини қоралагани учун 2004 йилда дипломатик лавозимидан бўшатилган эди.

АҚШ элчихонаси хабарларига кўра, Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик ва ҳукумат ўртасида яқин алоқалар ўрнатилган. Ҳукумат ва хусусий сектордаги лавозимлар “сотиб олинади”, дейилади АҚШ депешаларида.

(Guardian газетаси эълон қилган мақоланинг оригинал варианти бу ерда)

Озодлик WikiLeaks сайти ошкор қилган махфий депешаларда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи, қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Испаниядаги фавқулодда ва мухтор Элчиси Гулнора Каримова ҳақида билдирилган фикрларга изоҳ беришни сўраб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов номига расмий мактуб жўнатди. Ҳозирча бу мактубга жавоб олганимизча йўқ.

Айни пайтда, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасидан ҳам Гулнора Каримова шаънига жиддий айбловлар айтилган каблограммалар юзасидан тушунтирш беришни сўраб мурожаат қилдик. Элчихонанинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими раҳбари Молли Стивенсен Озодлик мухбири саволларига бундай жавоб берди.

- Бу ҳақда кўп нарса айта олмайман. Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ҳужжатларнинг қанчалик ҳақиқий экани ҳақида изоҳ бера олмайман. Лекин дипломатларнинг ўзаро телеграммалар ёзишига оид амалиёт ҳақида айтишим мумкин. Бундай каблограммалар ички фойдаланишга мўлжалланган кундалик воқеъликнинг таҳлили ва оддий баҳосидир. Бу таҳлиллар ҳукуматнинг ташқи алоқаларига оид мулоҳазаларда назарда тутилади холос. Бу каблогарммалар, шунингдек, ташқи сиёсатнинг номукаммал ва якуний бўлмаган кўринишидир. Ва улар алоҳида кўрлмаслиги ва АҚШнинг ташқи сиёсатини акс эттирувчи ҳужжат, деб қабул қилинмаслиги лозим, деди АҚШ элчихонаси расмийси.

Молли Стивенсен, Ўзбекистон ҳукумати 13 декабр куни эълон қилинган дипломатик ёзшишмалар бўйича элчихона билан боғландими, деган саволни жавобсиз қолдирди.

WikiLeaks ошкор қилган махфий ёзишмалар нимани англатади ва улар АҚШ – Ўзбекистон муносабатларига путур етказиши мумкинми, деган савол билан собиқ дипломат ва сиёсий таҳлилчи Алишер Таксановга ҳам мурожаат қилдик.

Собиқ дипломат Алишер Таксанов АҚШ дипломатларининг Гулнора Каримова шахсига эътибори табиийдир, деган фикрда.
- WikiLeaks бу материалларни ошкор этиб тўғри иш қилди, деб ҳисоблайман. Менимча, бу маълумотлар АҚШ дипломатиясининг бошқа томонини акс эттиради. АҚШ дипломатлари бир томондан табассум ва мулозамат қилса, бошқа томондан мамлакатдаги вазиятга реал баҳо берадиган материалларни тайёрлайдилар. Икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилашни ўз олдига мақсад қилар экан, дипломатлар ўз тавсияларини реал вазиятга асосланиб беради. Шу маънода WikiLeaks АҚШ дипломатиясининг икки юзламачи сиёсатини фош этмоқда. Бу эса дунёдаги барча дипломатик хизматларга ҳосдир.

Озодлик: АҚШ ҳукумати WikiLeaks ҳужжатларни фош этганини қораламоқда. Ўзбекистоннинг ҳам бундан хурсанд эмаслигини фараз қилиш қийин эмас. Сизнингча, Ўзбекистондаги вазият ва президент оиласи кескин танқид қилинган бу ҳужжатларнинг пайдо бўлиши АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларига салбий таъсир қилади-ми?

- Менимча аввалига қандайдир муносабатларнинг совуқлашуви бўлади. Лекин охир-оқибат прагматизм устун келади. Чунки америкаликлар Ўзбекистоннинг диктатура эканлигини билсалар ҳам бу давлат билан яхши муносабатларни сақлаб қолишдан қанчалик манфаатдор бўлсалар, Ўзбекистон ҳам АҚШ билан муносабатларни сақлаб қолишдан шунчалик манфаатдор. Каримов қанчалик мақтанмасин, Ўзбекистон хавфсизлиги нуқтаи назаридан у ҳам коалиция кучларининг Афғонистонда муваффақиятга эришишини хоҳлайди.

Озодлик: WikiLeaks томонидан ошкор этилган ҳужжатларда асосий эътибор президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қаратилган. Сизнингча бунинг боиси нимада?

- Албатта, исталган дипломат у ёки бу давлатдаги мансабдор шахсларнинг ваколатлари даражасини изоҳлаб беради. Буни истасайсизми, йўқми Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг ички сиёсатида нуфузли ўринга эга. Амалда Ўзбекистоннинг бош рейдери сифатида у ҳокимият ва бизнес ўртасидаги воситачи ролини ўйнайди. Ўзбекистонга сармоя ётқизмоқчи ва бу ерда бизнес қилмоқчи бўлаётганлар Гулнорани четлаб ўтолмайди.

Шу маънода исталган сармоядор¸ авваламбор бу мамлакатда фаолият юритаётган ўз дипломатик идоралари билан маслаҳатлашади. Ўзбекистоннинг ўта коррупциялашган давлат эканини инобатга оладиган бўлсак, бунга кўникиб ишламоқчи бўлаётган сармоядор "кимга ва қанча бериш кераклиги"ни билиши лозим. Шу маънода Гулнора Каримовага нисбатан эътибор табиий деб ўйлайман. WikiLeaks материалларидан кўринишича, АҚШ дипломатлари Рустам Азимов, Рустам Иноятов ва бошқа юқори мартабали расмийларга камроқ эътибор берар эканлар ва бу менга жуда қизиқ туюлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG