Линклар

Ржев аграр коллежи президентга мурожаат қилди


Июн воқеаларида Қирғизистон жанубидаги асосан ўзбеклар ўқийдиган университетлар ёқиб юборилган ёки ёпилганидан кейин, минглаб ўзбек талабалари ўқишни давом эттиролмаяпти.

Июн воқеаларида Қирғизистон жанубидаги асосан ўзбеклар ўқийдиган университетлар ёқиб юборилган ёки ёпилганидан кейин, минглаб ўзбек талабалари ўқишни давом эттиролмаяпти.

Россиянинг Твер вилоятидаги «Ржев» аграр коллежи маъмурияти Россия президенти, бош вазири, бош прокурори, Давлат думаси раиси ва Россия таълим ва фан вазирларига мурожаат қилди. Коллеж раҳбарияти 270 нафар қирғизистонлик ёшларни ўқитаётгани боис Ржев шаҳар маъмурияти тазйиқларига учраётганини айтмоқда.


Жорий йилнинг сентябр ойида Россия ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган келишувга асосан 270 нафар Қирғизистон фуқароси ўз ўқишини давом эттириш мақсадида Ржев аграр коллежига етиб келди. Лекин ўзбек миллатига мансуб қирғизистонлик ёшларининг шаҳарда пайдо бўлиши Ржев шаҳар маъмуриятининг тинчини бузиб қўйди, дейди коллеж директори Сергей Жегунов Озодлик билан суҳбатда.

- Мен очиқчасига айтишим мумкин - шаҳарнинг янги мэри гастарбайтерлардан, тадбиркорлардан пул йиғишга ўрганиб қолган. Губернатор Зеленин уни ҳатто ишдан олиб ташламоқчи эди. Барча муаммолар пулга бориб тақалмоқда. Яъни, бошқа мамлакат фуқаролари шаҳарга келибди - қандай қилиб улар порасиз коллежга жойлашиб олди?! Пулини тўласин, деган фикрда юрибди. У болалар орасида кимнинг уйи йўқ, кимнинг ота-онаси ўлган, ким ногирон... Санлар кимни “соғмоқчисан”? Бу текширувлар шаҳар маъмурияти босими билан бўлаётганини текширувчиларнинг ўзлари бизга айтди.

Қолаверса, 24 сентябр куни прокуратура текширишидан бир кун олдин қирғизистонликлар ўзбек талабалари масаласида шаҳар маъмуриятида махсус йиғилиш ўтказилган. У ерда очиқчасига миллатчилик руҳидаги - “Мана, “қоралар” келиб шаҳарда касаллик тарқатяпти, барчаси жиноятчи!”, деган гаплар бўлган. Қизиғи, олиб борилган ва давом этаётган тинимсиз текширувлар бошдан-оёқ қонунбузарлик билан амалга оширилмоқда. Биринчидан, биз шаҳарга бўйсинмаймиз; иккинчидан, нима асосда текширув олиб борилаётганини ўзлари ҳам билмайди. Биз текширувларга қарши эмасмиз, лекин қандайдир хужжат бўлиши керакку! Бу бедодликка, менимча, Александр Шчетинин бошчилигидаги Ржев шаҳар маъмурияти сабабчидир, дейди Ржев аграр коллежи директори.

Унинг сўзларига кўра, шаҳар маъмуриятидаги айрим мутассадилар кўтарган шов-шув боис маҳаллий аҳоли ўртасида қирғизистонлик ўзбекларга нисбатан адоватнинг кучайиши кузатилмоқда.

Ваҳоланки, дейди Жегунов, қирғизистонлик талабалар орасида шахмат бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари, курашчилар, ажойиб физик ва математик йигит-қизлар бор.

Айни пайтда, Ржев шаҳар маъмуриятида аграр коллеж раҳбариятининг бундай баёнотлари асоссиз эканини таъкидлашди. Светлана Бантеева Ржев шаҳар маъмуриятининг иш бошқарувчиси.

- Текширувлар шаҳар маъмурияти ташаббуси билан олиб борилмаган. Прокуратура алоҳида федерал давлат тузилмаси бўлганлиги сабабли, улар ўз хоҳиши бўйича текширувларни ўтказади. Шунингдек, ўт ўчириш, таълим бошқармаси ва бошқа муассасаларнинг текширувларига бизнинг мутлақо алоқамиз йўқлигини сизга расман маълум қиламан. Ўзларидан сўраб суриштинг, дея маслаҳат берди Ржев маъмурияти расмийси Светлана Бантеева.

“Ржев” аграр коллежида тинимсиз олиб борилаётган текширувлар сабабларини аниқлаш мақсадида Ржев туманлараро прокуратурасига қилган мурожаатимиз жавобсиз қолди. Шаҳар прокурори Евгений Блохин расман мурожаат йўллашимизни талаб қилди.

Лекин, Ржев прокуратураси расмий сайтида коллежда олиб борилган текширувлар натижасида “ёнғин хавфсизлиги ва санитария-эпидемиология талабларига риоя этилмагани боис” ўқув маскани фаолияти 20 кунга тўхтатилгани ва 15 минг рубл маъмурий жарима солингани ҳақида хабар эълон қилнган.

Ўш қирғинидан кейин ўзбек талабаларини Россияга олиб келиб, ўқитиш ташаббуси Россия ва Қирғизистон қаҳрамони, Ўзбекистоннинг “Амир Темур” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби, асли ўзганлик космонавт Солижон Шариповга тегишлидир.

Уларни “Ржев” коллежига олиб келиш ва жойлаштириш аслида давлатлараро келишув асосида амалга оширилган, дейди Солижон Шарипов Озодлик билан суҳбатда.

- Мен ташкил қилувдим бу ишни. Биласиз, Ўшда, Жалолободда қийинчиликлар бўлдику ёзда. Болалар кўпи ўқишни битираолмасдан, ўқишга кираолмасдан қолди. Шунинг учун озгина шароит пайдо бўлган эди Қирғизистондаги танишларимга телефон қилиб, қийин аҳволга тушган болаларни тўплаб, шу ерга олиб келиб коллежга жойлаштирдик. Ржевдаги коллеж раҳбари Сергей Михайлович Жегунов катта ёрдам берди. Ҳозирда уйи куйган, ота-онаси халок бўлган, ўзлари шикаст еган 270-тача бола келиб ўқияпти.

Озодлик: Хато қилмасам, улар ўзининг ҳисобига келган...

- Ха, ха. Ўзларининг ҳисобига келган.

Озодлик: Буларнинг бу ерга келишини Россия ҳукумати, Ржев шаҳар маъмурияти олдиндан билганми?

- Албатта билган! Аввалига биз мурожаат қилдик: қийин аҳвол, шароит, болалар ўқишсиз, кўплари уйсиз қолган. Шундай қийинчилик маҳалида бир-биримизга ёрдам бермасак агар, деган ўй билан мурожаат қилдим. Россия Таълим вазирлиги, коллеж бошлиқлари сўзларимизни тушуниб, пулсиз давлат ҳисобига ўқишни ташкил қилди.

Озодлик: Хабарингиз бўлса керак, директор Сергей Жегунов Медведев, Гризлов ва бошқаларнинг номига хат йўллаган. Унда шаҳар маъмурияти томонидан қаттиқ тазйиқ ўтказилаётгани ҳақида гапирилган...

- Хабарим бор. Мен ҳам Мироновга (Россия Федерацияси Кенгаши раиси- таҳр.) хат ёздим. Энди, маъмурият, маҳаллий бошлиқлар томонидан тушунмовчилик бўляпти. Улар қилинган ишни, мақсадларимизни, берилаётган ёрдамни нотуғри тушуняпти. Қандайдир бошқа мақсадлар билан келган бу боллар, қандайдир бошқа алоқалар бор, деб бемалол юриш-туришга йўл қўймаяпти. Шунга Сергей Жегунов ҳам озгина қийналиб қолди.

Озодлик: Мурожаатларингизга бирор жавоб бўлдими?

- Йўқ. Ўзи ўтган ҳафта мурожаат қилган эдим. Унгача суд бўлди. Шу судда пожарний служба, миграционний службалар претензия қилди, бўлмаса ҳаммаси қонуний қилинган. Ётоқхоналарни ўзимиз ремонт қилдик - хоналар ремонтсиз экан - болалар ўзлари қилишди. Асосан босим шу пожарний билан санэпидстанция томонидан бўляпти. Кейин, менимча, шу прокуратурага шаҳарнинг бошлиғи қандайдир кўрсатма берганми- аниқ айтиш қийин – прокуратура ўзи қилаётган ишига ҳеч ким тушунмаяпти. Кимгадир ёқмаяпти: “ўзбеклар, қирғизистонликлар кўп келиб қолди! Нимага келишди?”, деган гаплар бўляпти, дейди Солижон Шарипов.

Ҳозирча коллежда олиб борилган текширувлар натижасида директорнинг маъмурий-хўжалик ишлари бўйича муовини ўз хоҳишига биноан ишдан бўшатилди. Ржев аграр коллежи педагоглари можаро давом этаётгани ва янги текширувларни кутаётганини яширмаётир.

Коллеж директори Жегунов эса ўз мурожаатларига ҳукумат расмийларидан жавоб олганича йўқ.

Озодлик “Ржев” аграр коллежи атрофидаги можарони кузатишни давом этади.
XS
SM
MD
LG