Линклар

Эски ускуна учун янги жарима

  • Абдулла Искандар

Янги йилдан бошлаб эски ускуналардан фойдаланган ишлаб чиқарувчилар жаримага тортилиши айтилмоқда.

Янги йилдан бошлаб эски ускуналардан фойдаланган ишлаб чиқарувчилар жаримага тортилиши айтилмоқда.

Ўзбекистонда 2011 йилдан бошлаб, эскирган ускуналарни ишлатганлар жаримага тортилади. Ўзбекистон ҳукуматидаги манбага кўра, мамлакат бюджетига тушумни кўпайтириш учун, келаси йилдан технологик умрини яшаб бўлган ишлаб чиқариш воситаларини эксплуатация қилиш тақиқланади.


Озодлик билан суҳбатлашган иқтисодчи мутахассисларга кўра, бу тадбирдан икки мақсад кўзланган.

Биринчидан, эскирган ускунaларнинг қолдиқ нарxи жуда паст бўлгани учун улардан деярли мулк солиғи олинмаяпти. Солиқ ўрнига жарима ускунанинг бирламчи нарxининг 0,5 фоизи миқдорида олинади.

Иккинчидан, Ўзбекистон корхоналарини янги ускуналар билан жиҳозлашга ундашдан иборат.

Эски дастгоҳ учун жарима тўлагандан кўра тадбиркор янгисини олганим маъқул десин, деган ният кўзланмоқда.

Наманган машинасозлик заводининг собиқ бош директори Абдувоҳид Паттаев назарида, эски дастгоҳлар ўрнига янги дастгоҳлар ўрнатилиши бюджетга тушумларни кўпайтирмайди, балки камайтиради.

- Янги дастгоҳларни сотиб олса, қўшимча харажат қилади. Қиммат дастгоҳларнинг тан нархи чиқарилаëтган маҳсулотга киради. Бу дегани чиқарилаëтган маҳсулотдан олинадиган фойданинг фоизи камаяди. Чунки корхона янги дастгоҳ олиш учун пул сарф қилган. Янги дастгоҳдан олинадиган амортизация ҳам ўшанга яраша катта бўлади. Шунинг учун дастгоҳлар янгиланса, солиқ кўпаяди деган гапнинг маъносини мен тушунмадим, дейди Абдувоҳид Паттаев.

Суҳбатдошимиз айни пайтда ҳар қандай қонуннинг салбий ва ижобий тарафлари бўлишини қўшмча қилади.

- Емирилиб тугаган дастгоҳни қайтадан ишлатишни ман қилишдан мақсад илғор технология бўйича ишлайдиган дастгоҳларни йўлга қўйиш мўлжалланган бўлиши мумкин.

Ëки иккинчиси дастгоҳлардан олинадиган амартизация солиғи камайиб кетганлиги учун уни кўпайтириш учун қилинган ҳаракат бўлиши мумкин.

Энди эски дастгоҳлар қаерда ман қилинади? Шунга боғлиқ. Айтайлик оддий бир ҳунарманд уйда ишлатаëтган дастгоҳ бўлса, агар у унинг кунига кор келиб турган бўлса, уни ман қилишнинг ҳожати йўқ. Тирикчилигини қилавериши керак. Илғор корхона бўлса, шу корхонада янги дастгоҳ олиш учун пули бўлса, эски дастгоҳни ишлатаверадиган бўлса, корхона бунга мажбур қилинса, бундан корхона зарар кўрмайди. Қайтанга фойда бўлади. Илғор технолгияни сотиб олади, дейди Абдувоҳид Паттаев.

Эски ускуналарнинг замонавий хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги ҳам бундай ускунларнинг жаримага тортилишига сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Самарқанддаги касб касалликлари билан боғлиқ касалхона раҳбари Эркин Жуманиëзовга кўра, носоз ва эски ускуналардан жабр кўрган, майиб мажруҳ бўлганлар кўп.

- Иш фаолиятда касб билан боғлиқ бўлган жароҳатлар келади. Бизда унинг касбига қайта олиш қайта олмаслиги, касбини қила оладими ëки йўқми, коллективда ўшани бошқа ишга ўргатиш, масалан олдин тикка туриб ишларди, энди ўтириб ишлаши керак, ўша бошқа ишга тавсия берамиз. Бу одам оғир иш қила олмайди, тикка туриб ишлай олмайди ëки бу станок унга тўғри келмайди, компютер унинг кўзига тўғри келмайди. Бандликка кўмаклашув маркази бор. Улар иккинчи касбга ўқитиб беради. Касб билан боғлиқ ногиронлар келиб туради, дейди Эркин Жуманиëзов.

Эркин Жуманиëзовга кўра, майибларни даволашдан кўра майиб бўлишнинг олдини олган, ишхоналарни носоз ва эски ускунлардан ҳоли қилган маъқул.

- Албатта яхши. Масалан битта одам ногирон бўлса, ўҳҳў, жуда катта маблағ кетади. Бу ногиронга қанчадир нима тўланади. Унинг реабилитацияси, санаторияси. Жуда катта харажат кетади битта ногиронга давлат томонидан. Албатта олдини олган яхши, дейди Самарқанддаги касб касалликлари билан боғлиқ касалхона раҳбари Эркин Жуманиëзов.

Андижонлик ўзбек дурадгори Равшанбек ҳозир Европадаги ëғочни қайта ишлаш устахоналаридан бирида ишлайди. Равшанбекка кўра, асосий муаммо ускунанинг янги эскилигида эмас.

- Замонавий ускуна десангиз, мана мен Европада айнан ривожланган битта цехда ишлаяпман. Мен Андижонда тадбиркор бўлиб, 30-40та одамнинг устидан бошлиқ бўлганман. Цехимдаги шароитдан бу ердаги шароитнинг деярли фарқи йўқ. Демоқчиманки, хавфсизлик жиҳатдан эски билан янги станокнинг фарқи жуда озгина. Инсоннинг ўзининг ишлатишига боғлиқ. Бу ерда бошқа нарса рол ўйнаяпти шекилли.

Озодлик: Эски станокка жарима солса, қанча зарар кўради Ўзбекистондаги ҳунармандлар?

- Ўзбекистонда мен билган ҳунарманднинг 100 фоиздан 90 фоизининг эски асбоб-ускунаси бўлган. Янги асбоб-ускунани олиш учун ҳунарманднинг топаëтган даромади қоплай олмайди ҳеч қачон. Эскини йўқотаяпти дегани ишсизликнинг сонини кўтариб, одамларни яна қул мисолига айлантириш иштиëқидада. Бошқа нарса дея олмайман.

Озодлик: Ўзбекистонда қўлини станок кесиб юборганлар кўпайибди. Ҳозир мен касалхонага телефон қилдим. Европада бу камми ëки тахминан бир хилми?

- Ҳозир мен қўлимда мотопила деган пилани ишлатаяпман. Бу арра. Бунда ҳеч қанақа зашита йўқ. Сал хато қилсам, қўлим, каллам, оëғим кетиши мумкин. Лекин Европадаги умумий дурадгорларга ишлатишга рухсат берилган. Агар буни Ўзбекистонда ишлатсангиз, жиноий жавобгарликка тортса керак. Бу ерда инсоннинг ўзига боғлиқ бу нарса. Бир хил бу ердаги шароит Ўзбекистондаги билан. Ўзбекистонда шароитни қилиб берсин, ўша станокларни ўрнатиб берсин шу қонунни чиқарганлар, дейди андижонлик ўзбек дурадгори Равшанбек.

Ўзбекистондаги эски ускуналар соҳиблари жаримага тортилар экан бундан кичик бизнес вакиллар зарар кўради, дейди Равшанбек.

Ўзбекистонда ускуналарнинг техник кўриги билан шуғулланадиган назорат идораси мутахассиси Хайриддин Бутуновга кўра, ҳали эски ускуналар эгаларини ëппа жаримага тортиш ҳақида кўрсатма келмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG