Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:23

Елимдай эшилган, бироқ нақдга айланолмаган пластик


Ўзбекистонда пластик карточка жорий этилганига уч йилдан ошган бўлса-да унинг терминал "бўсасига" эришиши қийин бўлмоқда.
Ўзбекистонда пластик карточка жорий этилганига уч йилдан ошган бўлса-да унинг терминал "бўсасига" эришиши қийин бўлмоқда.

Ўзбекистонда келгуси йилдан бошлаб, пластик карточкалар ва ҳисоб-китоб терминаллари ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади. Бироқ ҳукуматнинг бу қарори ҳали бери карточкалар билан боғлиқ муаммолардан безиган ўзбекистонликлар жонига оро кирмайдиганга ўхшайди.


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорга кўра, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, Банклар уюшмаси ва Марказий Банк биргаликда 2011-2015 йилларда маҳаллий хом ашё ҳисобидан пластик карточкалар ва терминаллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш комплекс чораларини ишлаб чиқиши керак.

Бу хабар Ўзбекистонда кун сайин қийинлашиб бораётган нақд пул муаммосини бартараф қилишга ёрдам беради, деган таассурот пайдо қилади одамда. Бироқ, бу тадбир ҳали-бери амалга ошмайдиган кўринади. Номлари тилга олинган ташкилотлар билан боғланганимизда бу нарса аён бўлди.

Озодликнинг “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бўлим бошлиғи Мансур Ҳошимов билан микрофонсиз суҳбатидан ҳукуматнинг бу қароридан ҳали барча мутасадди ташкилотлар хабар топмагани аён бўлди "Бу масала аввал бир муҳокама қилинган эди. Лекин карточка ва терминалларни ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусияти бор. Буни Марказий банк ҳал қилади. Шунинг учун ҳозир пластик карточка ва терминаллар ишлаб чиқариш масаласи кўрилмаяпти", деди Мансур Ҳошимов.

Ўзбекистон Молия Вазирлигидаги манбамизга кўра, мамлакатда амал қилаётган терминалларнинг ҳаммаси хориждан келтирилади. Пластик карточкалар ҳам ярим тайёр ҳолатда импорт қилинади. Банклар эса, карточкаларга ўз кодлари ва ҳимоя чизиқларини қўйиб, бутлаб, муомалага чиқаради. Суҳбатдошимиз бу Ўзбекистон учун қимматга тушмоқда ва пластик карточкаларнинг ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилса яхши бўларди, дейди:

"Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим" дейди Озодлик радиосига Ўзбекистон Молия вазирлигидаги манба. "Пластик карточкалар ва терминаллар ишлаб чиқариш жуда қийин жараён. Унинг технологияси мураккаб, Ўзбекистонда эса бундай имконият йўқ. Аслида бундай товарга бизда доим потенциал мижоз бор, бу банклар."

Иккинчидан, дейди суҳбатдошимиз, Ўзбекистондаги аксарият савдо дўконлари терминаллар билан ишлашни истамайди. Бунинг фақат бир сабаби бор. Сотилаётган маҳсулотларнинг бир қисми контрабанда йўллари билан олиб келинган маҳсулотлардир. Агар терминал орқали савдо қилинса, бу пул айланмаси хатга тушади, унинг қаердан олиб келингани сўралади, демак ундан солиқ тўлаш керак, дейди Ўзбекистон Молия вазирлигидаги манба.

Ўзбекистонликларнинг айтишларича, икки йилдан буён маошларнинг пластик карточкаларга ўтказиб борилиши амалиёти, терминаллар жуда кам ҳудудлардаги аҳолининг тинкасини қуритиб боряпти. Даврон ака Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида шифокорлик қилади:

- Бизнинг туманимизда уч-тўрт жойда пластик карточка билан савдо қиладиган дўконлар бор. Лекин бошқа дўконларга қараганда 20 фоизга, бошқа жойларда ундан ҳам кўпга қиммат. Жуда қиммат. Ҳозир одамлар 15-20 фоизга нақд пул қилиб алмаштириб олаяпти. Пластик карточка кимнингдир фойдасига чиқарилганми ким билади,- дейди Даврон ака.

Бундай шикоятларни Озодлик радиосига жуда кўп тингловчилар ҳам айтишган. Биз Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Пардавой Нурилллаев билан боғландик. Унинг айтишича, пластик карточкалар билан боғлиқ шикоятлар аҳолидан деярли тушгани йўқ:

- Бизларга ҳали шикоят тушгани йўқ. Бизларга шикоят тушса, кўриб чиқамиз. Тушмаса, тўғридан тўғри бориб кўришга ҳаққимиз йўқ.

Озодлик: Шу пайтгача шикоят тушгани йўқми?

- Ишонч телефонларига баъзан “Пластик карточкамизни алмаштирмоқчимиз” ëки шу фалон дўконда, фалон дорихонда бундай деб айтишади. Телефон билан масалани ҳал қилиб қўямиз.

Озодлик: Шикоятлар кўламини қандай деб айтсак бўлади? Кўпми камми?

- Ҳозирча кам,- дейди Пардавой Нуриллаев.

Қашқадарёлик суҳбатдошимиз Даврон акага Пардавой Нуриллавнинг гапларини айтиб бердик:

- Фойдаси йўқку шикоят қилганингиз билан. Ҳеч қанақа фойдаси йўқ. Шунча айтганмиз биз. Айтсангиз, “У ëққа бор, бу ëққа бор”, ҳеч ким тингламайди ҳам. Шикоят қилганингиз билан инобатга олинмайди. Сўрайдиган одамнинг ўзи қолмади десам ҳам бўлаверади.

Озодлик: Сизда шундай ҳуқуқ борку, пластик карточкадаги пулни хоҳлаган пайтингизда банкка бориб нақд қилиб олишингиз мумкин?

- Бизларда йўқ ҳеч қанақа банкомат. Алмаштириб оладиган ҳеч қанақа жой йўқ. Банкларга борсангиз, қабул ҳам қилмайди. Ҳали мен туманда ëки вилоятда пул алмаштириб олибди деганини эшитганим йўқ,- дейди яккабоғлик шифокор Даврон ака.

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидан бўлган яна бир шифокор Нодир ака, пластик карточкаларни, шунчаки “ерунда” деб атади:

- Пластик карта ерунда бўлиб қолди. Магазинчиларнинг ўзи “Пулга бўлса шунча, пластикка бўлса шунча” деб айтади. Кеча бир магазинга кирдим. Бир электрический аппаратни сўрадим. Пишириқлар қиладиган аппаратда.
“Пулга бўлса 13 минг, пластикка бўлса 15 минг”, деб рўй рост айтаяпти. Қўрқиш-пўрқиш йўқ..

Озодлик: Банкоматлар борми сизларда ҳам? Банкларга бориб алмаштирса бўладими?

- Банкларга келган билан қишлоқда бобойлар, бошқалар келади. Тентаги чиқиб “эртага кел, индинга кел”, банкда пул йўқ. Бир киши айтаяпти, бир бобойнинг мазаси қочиб тез ëрдам келиб олиб кетибди. Навбатда турган эканда. Одамлар эрталабдан келиб туради,- дейди самарқандлик Нодир ака.

Маълумотларга кўра, 2010 йилнинг учинчи чорагигача Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан 7,5 миллион дона пластик карточкалар муомалага чиқарилган. Савдо нуқталарига эса яқин 65 мингта терминал ўрнатилган.
XS
SM
MD
LG