Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:57

Ўш милицияси Амир Темурдан қурол топди


Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга таяниб хабар қилишича, шаҳардаги Амир Темур мавзеидаги уйлардан биридан портловчи модда, битта Калашников автомати, юздан зиёд ўқ топилган.

Текширув давомида, деб маълумот берган ички ишлар бошқармаси, мавзе яқинидан оқиб ўтувчи Увом дарёси соҳилидан 5 та магазини билан бир неча автомат, битта граната, қўлбола портлатгич, автоматнинг 370та ўқи, ҳарбий кийим, MEGASIL кўчма радиостанцияси топилган.

"Кейинроқ дарё бўйидаги яна бир ердан 20 кг алюминий кукуни солинган 5 та банка, учта автомат, уч мингтача ўқ, битта милтиқ ва мерганлар милтиғининг ўқлари топилди", деб маълумот берган Озодлик мухбирига Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси вакили.

Хабар қилинишича, воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган, гумон қилинганлар қўлга олинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўш шаҳрининг Амир Темур мавзеида (10 адир ҳам деб аталади) асосан ўзбеклар яшайди. Июн қирғини кунлари, норасмий маълумотларга кўра, бу мавзе аҳолисидан 50 дан зиёди босқинчилар томонидан ўлдирилган эди.
XS
SM
MD
LG