Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:19

Қочқинларни қутқариш қўмитаси қозоқ ҳакамларига мурожаатнома йўллади


Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига ўтган олти ой мобайнида Ғарбдаги йирик шаҳарларда бир неча бор пикетлар уюштирилди.
Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига ўтган олти ой мобайнида Ғарбдаги йирик шаҳарларда бир неча бор пикетлар уюштирилди.

Олмаота ҳибсхоналаридаги ўзбек қочқинларини қутқариш қўмитаси мазкур қочқинлар шикоят аризасини кўриб чиқаётган қозоғистонлик судьяларга мурожаатнома йўллаб, улардан 29 қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилинишига йўл қўймасликни сўради.

Олмаота шаҳрининг Олмали туман суди судьялар Шўлпан Умбеталиева, Даурен Тлеубаев ва Талғат Садиқовларга йўлланган мурожаатнома қозоқ ҳакамларини Қозоғистон мустақиллиги куни ила табриклаш билан бошланган. Ўзбекистонлик таниқли жамоатчилик фаоллари томонидан имзоланган бу мактубда қозоғистонлик судьялардан Олмаота ҳибсхоналарида 6 ойдан буён сақланаётган ўзбек қочқинларига нисбатан адолатли ҳукм чиқариш сўралган.

“Биз Қозоғистон суд тизими адолат, қонунийлик, инсонпарварлик ва инсон қадр-қиймати каби фундаментал қадриятларга асосланганига ишонамиз. Биз фақат битта нарсага – қарорлар чиқаришда Сиз ўша қадриятларга таянишингизга умид қиламиз”, дейилади қўмита мурожаатномасида.

Эслатиб ўтамиз, 6 декабрдан бошлаб Олмаота шаҳрининг Олмали туман судида Қозоғистондан вақтинча бошпана топган ўзбек қочқинларининг Олмаота шаҳар миграция департаменти қарори юзасидан ёзган шикоят аризаси кўриб чиқила бошлади. Шу йилнинг 9-11 июн кунлари Қозоғистоннинг жанубий пойтахтида ўтган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олинмиш ўзбек қочқинларига шаҳар миграция департаменти август ойида бошпана беришни рад қилганди. Олмаота шаҳар миграция департаменти қарори юзасидан судга шикоят аризаси ёзган ўзбек қочқинлари Қозоғистонда бошпана изловчи шахс мақомини олиш ёки учинчи давлатга чиқиб кетишга умид қилмоқдалар. Аммо ўтган ҳафта бошланмиш маҳкамаларда иши кўриб чиқилган ўзбек қочқинларидан 6 нафарининг аризаси Олмали туман суди ҳакамлари томонидан қондирилмади.

Ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларининг Қозоғистондан бадарға қилинишию Ўзбекистонга қайтарилиши улар ҳаёти учун хавф экани ҳақида инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ҳам бир неча бор баёнотлар тарқатган. Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига ўтган ярим йил мобайнида Қозоғистоннинг ўзида ҳамда Европа ва Америка қитъасининг катта шаҳарларида бир неча маротаба пикетлар ўтказилди.

Ўзбек қочқинлари шикоят аризалари бўйича маҳкама бугун ҳам давом этиши кутилмоқда.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.
XS
SM
MD
LG