Линклар

logo-print

Қишлоқ таркибидаги мамлакат

  • Сарвар Усмон

Маевкадаги зўравонликда уйи куйганлардан бири....

Маевкадаги зўравонликда уйи куйганлардан бири....

Жорий йилнинг 19 апрелида Маевка қишлоғида амалга оширилган погромлар оқибатида 3 киши ўлган, 4 уй ёндирилган, 7 машина мажақланган, 40қа яқин киши тан жароҳати олган, жумладан ўқ еган эди.


Бугунги блогда оригинал гап йўқ. Ёки деярли йўқ.

Бир неча хабарни бир жойга йиғиб бераман, холос.

Биринчи хабар


24 kg агентлигининг 13 декабр кунги хабари:

Қирғизистоннинг Чуй вилояти, Аламедин туман суди шу тумандаги Маевка қишлоғида амалга оширилган оммавий тартибсизликлар иштирокчиларини шартли жазолади.

Судланганлардан бир киши – Исабай Ашировни 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм ўқилди.

Бироқ Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 65 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия туфайли Ашировга белгиланган жазо муддатининг учдан бир қисми қисқартирилди. Аширов тергов давомида 8 ой тергов изоляторида ўтиргани ҳисобга олинса, бундан буён қамоқда бир йилга етмаган муддат ўтиради.

Судья фикрича, судланганларни "Безорилик" моддаси бўйича айблашга етарли далиллар йўқ. Исабай Ашировнинг Қирғизистон республикаси ЖК 167-моддаси ("Талончилик") бўйича айби тўла исботланди. Ашировдан ташқари 4 киши
4 йилданга 3 йиллик синов муддати билан озодликдан шартли маҳрум қилинди.

Жорий йилнинг 19 апрелида Маевка қишлоғида амалга оширилган погромлар оқибатида 3 киши ўлган, 4 уй ёндирилган, 7 машина мажақланган, 40қа яқин киши тан жароҳати олган, жумладан ўқ еган эди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўша куни ҳужум қилганлардан 120 кишини қўлга олган, улардан 7 киши жавобгарликка тортилганди. Охир-оқибат суд курсисига 5 кишигина - Исабай Аширов, Эдилбек Кулмурзаев, Чингиз Кубаничбек, Хайрулла уулу Талант и Ганзамидин уулу Шамиллар ўтирди ва шартли жазо олди.

Яна бир хабардан парча

Қирғизистондаги воқеаларни Россиядаги оммавий ахборот воситалари ҳам диққат билан кузатиб келмоқда.

Улардан бири - "Росбалт" агентлигининг хабаридан сўнгги абзацни юқорида ўқиганингиз хабарни тўлдириш учун келтирамиз:

"Маевка қишлоғидаги тартибсизликлар туб миллатга мансуб мингдан зиёд ёшларнинг шу қишлоқда яшовчи этник туркларга қарашли ер улушларини босиб олишга уринганидан келиб чиққан. Ер участкаларининг қонуний эгалари қаршилик кўрсатиб, босқинчиларни ерларидан ҳайдаб чиқарди. Бироқ кечқурун босқинчилар қайтиб келиб, туркларнинг уйларига ҳужум қила бошлади".

Учинчи хабар

Буниси, энди, 5 кун олдинги гап.

Мухбиримиз Элмуроднинг 9 декабр кунги лавҳасидан парча келтираман:

"Ўш қирғини пайтида асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган Шаҳидтепа мавзесида қирғиз оиласини ўлдирганликда айбланаётган олти ўзбекка нисбатан суд ҳукми ўқилди. Улардан бири умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Ўшда бўлиб ўтган мазкур суд жараёнида иштирок этган Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг хабар беришича, судланувчиларга сўнгги сўз берилган бир пайтда жабрланувчи тараф шовқин-сурон кўтарган ва судланувчиларни калтаклашга ҳаракат қилишган. Милициянинг аралашуви билан уларнинг бу ҳаракати амалга ошмай қолган.

Жабрланувчи тараф тинчлантирилгач, суд ҳукми ўқилди:

- Суд ҳукм қилади. Қирғиз республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддасига мувофиқ Дилдор Солиев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинсин, - деди судя Жўлбўрс Қудаяров.

Суд ҳукмига кўра, 12 июн куни Алмазбек Раимжоновнинг турмуш ўртоғи ва 10 ёшли ўғлини ўлдирганликда, 15 ёшли қизни зўрлаб, кейин унга ўт қўйиб юборганликда айбланган қолган беш судланувчи - Фотима Акбаралиева 15 йилга, Акром Солиев ва Дилдор Боймирзаев 4 йилга, Ҳотамжон Отажонов ва Тўрабой Нўъмонов 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Уларнинг мол-мулклари мусодара қилинди".

Тўртинчи хабар

АкиПресс агентлигининг 13 декабр куни хабар қилишича, Ўш воқеаларини ўрганиш учун Қирғизистон Омбудсмани идорасида тузилган комиссия ўз ишини якунлаган.

- Бу ҳақда Омбудсман Турсунбек Ақун шу куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида баёнот берди, деб ёзди агентлик.

Турсунбек Ақун айнан мана бундай деган (сўзма-сўз таржима):

"Қирғизистон жанубида маҳаллий можаро юз берган бўлиб, уни Қ. Ботиров, И. Расулов, Ж. Салахутдинов, Абдуллаева каби ўзбек миллатига мансуб кишилар бошлаган. Можарони улар бошлаган, улар молия билан таъминлаган, оддий деҳқон ўзбекни қирғизга қарши гиж-гижлаган, қирғизлар эса, жуда қатъий, кескин тугатган. Провокаторларнинг мақсади автономия тузиш, ўзбек тилини расмий қилиш бўлган. Ўш ва Жалолобод вилоятларини Ўзбекистоннинг автономияси қилмоқчи бўлган. Уларнинг ўзбек фуқаролари билан, Каримовга қарши чиқаётган бой ўзбек одамлар билан алоқалари бўлган. Ва улар Каримовни йиқитиб ва унинг ўрнига ўз одамини сайлаб ва бутун Ўзбекистонни Жалолобод ва Ўш вилоятлари таркибига киритиб олиб бошқаришни истаган".

Иқтибос тугади.

Маевка қишлоғида яшайдиган турклар ўз қишлоғини Туркиянинг автономияси қилмоқчи бўлганми-йўқми, бутун Туркияни Маевка қишлоғи таркибига киритиб олиб бошқаришни истаганми-йўқми ва бу ҳақда Қирғизистон Омбудсмани баёнот берганми-йўқми – бу ҳақда 24 kg ҳам, Росбалт ҳам, Элмурод ҳам, АкиПресс ҳам хабар қилмади.

Хабар қилишлари биланоқ, Сизга, албатта, етказаман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG