Линклар

Тожикистонда гаровга олинган ўзбекистонлик озод бўлди


Ўзбекистонлик Беҳзод Холбоев куч ишлатар тизим ходимларининг махсус амалиёти натижасида озод қилингани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик Беҳзод Холбоев куч ишлатар тизим ходимларининг махсус амалиёти натижасида озод қилингани айтилмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида гаровга олиниб, бир ҳафта мобайнида асоратда бўлган ўзбекистонлик Беҳзод Холбоев маҳаллий куч ишлатар тизим вакиллари томонидан озод қилинди.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот маркази мулозими Фируз Боқийнинг айтишича, Ўзбекистоннинг Бекобод туманидан келган 21 ёшли Беҳзод Мастчоҳ туманидаги қариндошлариникида меҳмондорчиликда бўлган.

- Гаровдан озод қилинган ўзбекистонлик ҳақиқатан ҳам Мастчоҳ туманида яшаётган қариндошларини кўргани келган. Эртасига Беҳзод Холбоев туман марказида айланиб юрганда номаълум шахслар уни ушлаб, машинасига солиб, олиб кетишади. Орадан вақт ўтиб, Мастчоҳдаги қариндошлари уни излай бошлаган, дейди Фируз Боқий.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси мулозимининг сўзларига кура, Беҳзод Холбоевнинг Мастчоҳдаги қариндоши Беҳруз Самадов милицияга келиб, ариза ёзган. Маълум бўлишича, гаровга олганлар Беҳзод Холбоевнинг кариндошларидан 2000 АҚШ доллари талаб килганлар. Шундан кейин милиция вакиллари ўзбекистонликни қидиришга киришган.

Бир кун давом этган қидирув амалиёти натижасида гаровга олинмиш ўзбекистонлик қаерда ушланиб тургани аниқланган. Беҳзод Холбоев Ўзбекистоннинг Ойбек чегара постига яқин жойлашган Палдорак қишлоғидаги 25-ўрта мактабнинг буғхонасида қўл-оёғи боғланган ҳолда топилган.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ўзбекистонликни гаровга олган мастчоҳлик тўрт киши ҳам ушланган. Уларнинг Тожикистон фуқаролари Раҳмон Шоимбеков, Муҳаммад Ражабзода ва Бахтовар Давлатзода экани айтилмоқда. Бироқ тўртинчи тожикистонлик балоғат ёшига етмаганлиги сабабли унинг исми ошкор этилмади.

Мастчоҳ туманида истиқомат қилувчи Абдулҳаким Валиевнинг айтишича, ўзбекистонлик Беҳзод Холбоевнинг гаровга олинишига маълум сабаблар бор.

- Ўзбекистон фуқаросининг Мастчоҳ туманида гаровга олиниши ҳақида чоп қилинган фикрлар ҳақиқатдан йироқ. Чунки Ўзбекистон фуқароси бир неча йилдан буён мастчоҳликлар билан тижорат қилади. Мастчоҳлик тижоратчилар мол олиб келиши учун ўзбекистонликка пул беришган. Лекин Беҳзод Холбоев пулни олиб, товарни олиб келмай, алдаб юраверган. Шундан кейин мастчоҳликлар ўз пулларини ундириш мақсадида уни гаровга олишган, дейди Абдулҳаким Валиев.

Айни пайтда мазкур ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қўлга олинган шахсларнинг кейинги тақдирини, вилоят прокуратураси вакиллари сўзларига кўра, суд ҳал килади. Боз устига, Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланган. Агар Беҳзод Холбоев чегарадан ўтиш тартибини бузган бўлса, унга нисбатан маъмурий чора курилади ва озод қилинади.

Сўғд вилоятида Ўзбекистон фуқаросини гаровга олиш иккинчи бор қайд этилмоқда. Бундан бир муддат олдин ўзбекистонлик Хурсандали Шерматов ва Баҳодир Ботиров куч ишлатар тизим вакиллари томонидан озод қилинган эдилар. Конибодом шаҳар ички ишлар бўлими мулозими Диловар Ализоданинг айтишича, Фарғона вилоятидан келган бу ўзбекистонликлар Конибодом туманида мардикорлик қилишган.

Айтилишича, Чкалов шаҳрида истиқомат қилувчи Ғуфрон Баротов чегараолди Равот қишлоғига Ўзбекистонга ўтиш ниятида келган. Бироқ кеч бўлганлиги сабабли у қишлоқда қолган. Эрта билан Ғуфрон Баротов уяли телефони ва пуллари ўғирланганлиги ҳақида хабар килади ва бунда ўзбекистонликларни айблайди. Шундан кейин уларни зўрлик билан уйига Чкалов шаҳрига олиб келади.

Ғуфрон Баротов ўзбекистонликлар қўл-оёғини боғлаб, товуқхонага қамаб қўяди. Шундан кейин ўзбекистонликларнинг қариндошлари билан боғланиб, 2000АКШ доллари олиб келишгандагина яқинлари озод қилинишини айтади. Бу орада эса икки ой давомида Ўзбекистон фукаролари товуқхонада сақланади. Бу иш бўйича ҳибсга олинган Ғуфрон Баротов маҳкамага тортилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG