Линклар

АҚШ дипломатияси "Бульдозери" Ричард Ҳолбрук вафот этди


Ричард Ҳолбрук

Ричард Ҳолбрук

Ричард Ҳолбрук 13 декабр куни Вашингтондаги касалхонада 69 ёшида вафот этди. Сўнгги йилларда АҚШ президентининг Афғонистон ва Покистон бўийча махсус вакили лавозимида ишлаб келган Ҳолбрук Босниядаги урушга нуқта қўйган келишув архитектори сифатида тарихда қолди.


Ричард Ҳолбрук 10 декабр куни АҚШ Давлат Департаментида давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан учрашув пайтида ўзини ёмон ҳис қилди ва ўша ердан АҚШ пойтахтидаги Жорж Вашингтон касалхонасига олиб борилди. Эртасига Ҳолбрукнинг юраги опареция қилинди. 21 соат давлом этган жарроҳлик амалиёти пайтида шифокорлар юракнинг аорта томорини тузатишга уринишди.

Якшанба куни Ҳолбрук яна жарроҳлик хонасига олиб кирилди.

Президент Обама Ҳолбрукнинг вафоти муносабати билан қилган чиқишида “Американинг кучлироқ, хавфсизроқ ва нуфузли давлатга айланишига ҳисса қўшган улкан сиёсий намояндасидир. У ўзининг серғайрат дипломатияси, ватанига муҳаббати ва тинчлик учун кураши билан қалбимизда қолажак”, дея баён қилди.

- Ричард Ҳолбрук қарийб 50 йил давомида Америкага беқиёс хизмат қилди. У ўз фаолиятини Вьетнмдаги ташқи сиёсат масалалари бўйича ёш хизматчи сифатида бошлаб Болқон қатлиомнинг тугашига олиб келган келишувлар архитектори мақомигача кўтарилди. У шунингдек Афғонистон ва Покистондаги махсус вакилимиз сифатида бу минтақада тинчлик ўрнатиши уринишларимизга ҳам катта ҳисса қўшди. Бундан ташқари, у жуда кўплаб бўҳронларни ҳал этиш билан шуғулланди. Оддий қилиб айтганда у Америка ташқи сиёсатининш улкан намояндаларидан биридир, деди Обама.

Обама 2009 йилда Ҳолбрукни ўзининг Афғонистон ва Покистон бўзйича махсус вакили этиб тайинлаган эди.

Жорий йилнинг февралида Ричард Ҳолбрук бу мақомда Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган ва президент Ислом Каримов билан учрашган эди.

Ўшанда Ҳолбрук Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш ҳаракатларига қўшаётган ҳиссасини алоҳида қайд этган эди.

- Ўзбекистон Афғонистонга юкларни транзит қилишда муҳим ёрдам кўрсатмоқда. Бу жуда муҳимдир. Лекин бизнинг бу мамлакатда ҳарбий база очиш режаларимиз йўқ, деган эди Ўзбекистонга сафари якунлари ҳақида гапирган марҳум дипломат.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш бўйича АҚШнинг асосий мулозими сифатида Ҳолбрук жорий йилнинг ёзида Конгресс олдида қилган чиқишида Оқ уйнинг Афғонистон бўйича стратегиясини “ўз фаолиятим давомидаги энг қийин вазифа”, дея атаган эди. Лекин “агар бу стратегиянинг муваффақиятли якунланишига ишонмаганимда бу лавозимни эгаллашга рози бўлмас эдим” дея қўшимча қилган эди у.

Ҳолбрук 1995 йилда Американинг Дэйтон шаҳрида эришилган ва Босниядаги урушга нуқта қўйган Тинчлик келишувни имзолашда воситачилик қилгани билан ёдда қоладиган бўлди. Ўша пайтда у АҚШ давлат котиби ёрдамчиси лавозимида ишлаган эди.

Фаолиятидаги ютуқлари туфайли Ҳолбрук дипломатия “Бульдозери” деган ном билан ҳам танилган эди.

Босния бўйича халқаро вакил австриялик дипломат Валентин Инцко Ҳолбрукнинг Босния урушини тўхтатишдаги ролини қайд этди.

- Биринчидан, Дэйтон келишуви урушни тўхтатган эди, буни 1995 йилда тасаввур қилиб бўлмас эди. Дэйтон келишуви тинчлик олиб келди ва 15 йилдан бери тинчлик сақланиб қолмоқда. Буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Дэйтон келишуви Босния-Герцеговнанинг яхлитлиги ва Босния чегаралари даҳлсизлигини таъминлаб келмоқда. Бунинг учун 69 ёшида бевақт вафот этган Ричард Ҳулбрукка миннатдорчилик билдиришимиз керак, деди австриялик дипломат Инцко.

Ҳолбрук ўз дипломатик фаолиятини Вьетнам уруши авж палласига чиққан пайтда бошлаган эди. У 35 ёшида давлат котибининг Шарқий Осиё ва Тинч океани давлатлари бўйича ёрдамчиси этиб тайинланди ва бундай мақомга эришган энг ёш дипломат сифатида тарихда қолди.

1999 йилда президент Билл Клинтон Ҳолбрукни АҚШнинг БМТдаги элчиси этиб тайинлади.

Ҳолбрук кейинги ҳафталар давомида АҚШнинг Афғонистон бўйича янги стратегиясини ишлаб чиқиш устида ишлаётган эди. Бу стратегиянинг яқин кунлар ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Кўплаб дунё етакчилари, жумладан Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай ва Покистон Президенти Осиф Али Зардорийлар Ҳолбрук вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
XS
SM
MD
LG