Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:11

Ўш милицияси фақат ўзбеклардан "қурол топмоқда"


Ўшлик ўзбекларнинг айтишича, таркиби фақат қирғизлардан иборат бўлган ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фақат ўзбеклар яшайдиган маҳаллаларда қурол топмоқда.
Ўшлик ўзбекларнинг айтишича, таркиби фақат қирғизлардан иборат бўлган ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фақат ўзбеклар яшайдиган маҳаллаларда қурол топмоқда.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотда айтилишича, шаҳардаги Амир Темур мавзеидаги уйлардан биридан портловчи модда, битта Калашников автомати, юздан зиёд ўқ топилган. Бу иш юзасидан икки киши ўзбек ҳисбга олинди. Улардан бирининг Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда.


Текширув давомида, деб маълумот берган ички ишлар бошқармаси, мавзе яқинидан оқиб ўтувчи Увом дарёси соҳилидан 5 та магазини билан бир неча автомат, битта граната, қўлбола портлатгич, автоматнинг 370та ўқи, ҳарбий кийим, MEGASIL кўчма радиостанцияси топилган.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси маълумотида айтилишича, мазкур қуроллар Амир Темур мавзеида ўтказилган махсус амалиёт пайтида мусодара қилинган.

Қизиғи шундаки, қурол ва портловчи моддаларнинг асосий қисми, яъни 20 килограмм алюминий кукуни, учта автомат, уч мингта ўқ, бир милтиқ ва битта снайперлик винтовкаси мавзе аҳолиси уйларидан эмас, балки Увом канали қирғоғида топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, 2 киши қўлга олинган. Ҳибс қилинганлардан бири Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда.

- Қуролланган экстремистик гуруҳлар ҳудудимизга ноқонуний ўтгани ҳусусида маълумотлар бор. Кеча қўлга олинганлардан бири ҳам Ўзбекистон фуқароси. Айни пайтда биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга бу ҳақда маълумот жўнатдик. Биз ҳибс қилган ўзбекистонлик қидирувдаги шахс бўлиши мумкин,- деди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Малик Нурндинов.

Бу воқеадан хабардор бўлган, лекин овозларини ёзиб олишимизни истамаган Амир Темур мавзеси аҳолисига кўра, қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Қўқон шаҳрида яшаган ва мавзедаги бир қизга уйланган. У Ўшга қайнота ва қайнонасидан хабар олгани келган. Амир-темурликларга кўра, қўлга олинганлардан иккинчиси маҳаллий масжид имомларидан биридир.

Бироқ Ўш шаҳар милицияси бу маълумотларни тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ. Айни пайтда милиция расмийси Ўшнинг бошқа мавзеларида ҳам қуроллар мавжудлиги ҳақида маълумотлар борлигини ва бу йўналишда иш яна давом этишини билдирди:

- Худо хоҳласа, бу борадаги ишимиз давом этади. Яна бир қатор маълумотлар бор. Уларни ҳам амалга оширамиз,- деди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Малик Нурндинов.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров эса, таркиби фақат қирғизлардан иборат бўлган ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фақат ўзбеклар яшайдиган мавзелардангина қурол қидираётганига эътибор қаратади. Шу кунгача қирғизлар яшайдиган бирорта мавзеда қурол топилгани ҳақида маълумот берилмаган. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, бундан мақсад ўшлик ўзбекларга янада кўпроқ босим кўрсатишдир.

- Милиция хоҳлаган еридан хоҳлаган қуролини чиқариб бераяпти. Бунинг ҳаммаси “подставной” (атайлаб ташлаб қўйилган - таҳр.) нарсалар, аслида ҳеч кимда қурол йўқ. Мана кеча Увом бўйи деган жойда ариқнинг устидан ўтадиган кўприк тагидан қурол топишди. Қуроллар фақат ўзбеклардан топилаяпти, деган хулосани улар жамиятга сингдирмоқчи бўлишаяпти,- дейди Равшан Гапиров.

Эслатиб ўтамиз, Ўш шаҳрининг Амир Темур мавзесида асосан ўзбеклар яшайди ва бу мавзедаги аҳоли сони 30 мингдан ошади. Норасмий маълумотларга кўра, июн қирғини кунлари бу мавзе аҳолисидан 50 нафари босқинчилар томонидан ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG