Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:53

Каримов нега Россиядан чўчимоқда?


Таҳлилчилар¸ бугунги Россия ҳукуматининг нима қилиб бўлса-да Марказий Осиëда йўқотилган мавқеини қайта тиклаш уринишлари Тошкентнинг ҳақли хавотирига сабаб бўлаëтганини таъкидлашмоқда.
Таҳлилчилар¸ бугунги Россия ҳукуматининг нима қилиб бўлса-да Марказий Осиëда йўқотилган мавқеини қайта тиклаш уринишлари Тошкентнинг ҳақли хавотирига сабаб бўлаëтганини таъкидлашмоқда.

10 декабр куни КХШТ саммитида қатнашган Ўзбекистон президенти бу ташкилотнинг аъзо давлатлар ҳудудидаги низоларни бостириш иштаҳасини яна бўғди. Бундай ëндашувни оқилона деб баҳолаëтган таҳлилчилар фикрича¸ Каримовнинг ушбу қаршилиги остида жиддий асослар йўқ эмас.


Ислом Каримовнинг КХШТ Москва саммитидаги иштирокининг ўзиëқ¸ Оқсаройнинг бу ташкилот режаларига нисбатан кескин қаршилиги юмшагани ифодасидек кўринган эди.

Аммо Каримовнинг 10 декабр кунги саммитда қилган чиқиши¸ КХШТ учун Тошкентнинг йиллардан бери бу ташкилот йиғинларига эълон қилган бойкотиданда жиддийроқ зарба бўлди¸ дейиш мумкин.

Зотан¸ бу йиғинда Ислом Каримов 1992 йилда айнан Тошкентда ўз аъзоларини ташқи хатарлардан мудофаа қилиш мақсадида ташкил топган бу ташкилотнинг ўз асл йўлидан чалғиб¸ борган сари кўпроқ аъзо давлатлар ички ишига аралашиш иштиëқига берилаëтганини кескин танқид қилди.

Бундай принципиал ëндашувни изоҳлаган Uzmetronom интернет газетаси бош муҳаррири Сергей Ежков ўз мақоласига “Бу донишманд Каримов” дея сарлаҳва қўйди.

Таҳлилчи фикрича¸ Ислом Каримов¸ постсовет¸ айниқса Марказий Осиë давлат раҳбарлари орасида КХШТ га аъзо давлатлар ички ишларига аралашиш ваколати берилса¸ унинг қандай хатарли оқибатларга олиб келишини олдидан кўра олаëтган ягона лидердир.

- Россиянинг Варшава келишуви шинелини бугунги КХШТ устига кийдириш уринишлари шундоққина кўриниб турибди. Россия бу ташкилотни нафақат аъзо давлат сиëсатчилари¸ балки бу давлатлар халқини ўз итоатида ушлашга хизмат қилувчи таëққа айлантирмоқчи бўлаяпти.

Каримов КХШТ га эгалик қилишга уринаëтган Россиянинг яқин келажакда маҳаллий низоларни бостириш баҳонасида постсовет ҳудудларида ўз сценарийси асосида Қирғизистонда гувоҳи бўлганимиз каби ҳукумат тўнтаришлари қилишига имкон бермасликка ҳаракат қилмоқда ва мен буни оқилона сиëсат деб биламан¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Сергей Ежков.

“КХШТ ролига нисбатан позицияси учун Каримовни донишманд дейишгача бормаган бўлсам-да¸ Россиянинг аъзо давлатлар¸ хусусан Марказий Осиëга ўз қўшинларини тиқиштириш ҳаракатлари ортидаги ниятлари холислигига мен ҳам шубҳа қиламан”¸ дейди халқаро муносабатлар бўйича россиялик таниқли таҳлилчи¸ профессор Юрий Фëдоров.

Бу таҳлилчига кўра¸ Каримовнинг КХШТ га аъзо давлат ҳудудидаги маҳаллий низоларни бостириш ваколати берилган тақдирда¸ Россия бу ваколатдан Марказий Осиë давлатлари¸ хусусан Ўзбекистонни ўзига қарам мамлакатга айлантиришга уринишдан шубҳаланишига бир неча асослар бор.

- Биринчи¸ энг кучли эҳтимолга кўра¸ КХШТга бундай ваколат берилса¸ у Қирғизистон¸ хусусан унинг жанубидаги вазиятга аралашишни бошлайди. Бу мамлакатда вазият ўта қалтислигича қолмоқда – парламент исталган пайт тарқаб кетиши ва ҳокимият учун янги кураш бошланиши¸ айни пайтда мамлакат жанубида яна исталган пайт миллий низо қайта жонланиши мумкин.

Бундай вазиятда Россия КХШТ мандати билан Ўзбекистоннинг шундоққина бурни тагига кўп мингли қўшинни киритиши ва бу ердан қайтиб ҳеч қачон кетмаслиги мумкин. Каримов учун ўз чегарасидаги Россия қўшинлари ички ва ташқи манфаатларига нисбатан очиқча таҳдид ва шу боис у имкон қадар бундай кўнгилсиз сценарий олдини олишга уринмоқда¸ дейди профессор Фëдоров.

Кремл раҳбарларининг бир неча бор Россия ташқи сиëсатидаги устивор мақсадлардан бири Москванинг постсовет¸ биринчи навбатда эса¸ Марказий Осиëда йўқотилган мавқеини тиклаш экани ҳақидаги баëнотлари¸ Каримов шубҳаларида жиддий жон борлигини кўрсатади¸ деб қўшимча қилади бу таҳлилчи.

Тожикистондаги вазиятнинг ҳам кун сайин порох тўлатилган бочкага ўхшаб бораëтгани¸ агар КХШТга аъзо давлат ҳудудидаги маҳаллий низоларни бостириш ваколати берилса¸ Россия етакчилигидаги ҳарбийларнинг бу мамлакатга ҳам осонлик билан киришига имкон яратади ва бу Каримовни чўчитаëтган иккинчи эҳтимолдир¸ дер экан Фëдоров¸ Оқсарой раҳбарини ўз ҳовлисида ҳам можаро бошланиш эҳтимоли ва бундай вазиятда Россиянинг ўзига нисбатан дўстона позиция тутишига кафолат йўқлиги энг кўп чўчитаëтганини айтади.

- Ўзбекистонда Каримов ворисини белгилаш жараëни пишиб етилмоқда ва бу жараëннинг тинч амалга ошишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Агар Каримов ворисликка танлаган шахс¸ тахминларга кўра¸ бу унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бўлиши мумкин¸ минтақавий кланларга ëқмаса¸ улар ҳокимият учун кураш бошлаши ва бу жараëн ички можарога айланиши мумкин.

Бундай эҳтимол юзага чиққудек бўлса¸ Россия десантчилари КХШТ мандати билан Тошкентга тушишлари ва Каримов учун номақбул ечимни таклиф қилишлари мумкин. Каримовнинг КХШТ ваколатининг кенгайишига нисбатан асосий эътирозлари унинг ана шу хавотирлари билан боғлиқ деб ўйлайман¸ дейди россиялик таҳлилчи Юрий Фëдоров Озодлик билан суҳбатда.

“Бундай ëндашувни донишмандликдан кўра¸ ўз шахсий манфаатларини қаттиқ туриб ҳимоя қилиш уриниши деб баҳолаш¸ назаримда тўғрироқ бўлади”¸ деб қўшиб қўяди суҳбат давомида бу таҳлилчи.

Ўзбекистонлик журналист ва таҳлилчи Сергей Ежков¸ Каримов позициясининг бундай талқинини¸ Ўзбекистон президенти юрғизаëтган ташқи сиëсат аҳамиятини камайтириш сифатида баҳолайди.

Унга кўра¸ Ислом Каримов нафақат Ўзбекистон¸ балки бутун Марказий Осиë минтақасининг қайта Россия қарамлигига тушиши олдини олиш учун курашаëтган ягона лидердир. Туркманистон раҳбари ўз қобиғига кириб олган¸ Қирғизистоннинг бугунги ҳукумати ҳокимиятда қолиш учун миллий манфаатларни сотиб бўлса-да Россияга қуллуқ қилишга ҳозир¸ аллақачон ўз ҳудудидан Россия дивизиясига жой бериб қўйган Душанбе раҳбари учун бундай қаршилик ортиқча ҳашаматдир¸ дер экан Ежков¸ минтақадаги икки кучли давлатдан бири - Қозоғистон раҳбарини кўзини ëғ босганликда айблайди.

- Назарбоев асосан бугунги кун билан яшамоқда ва абадий президент¸ деган мақом уни анча сархуш қилиб қўйган. Ҳар бир инсон¸ хусусан ҳар бир раҳбар келажакдаги ҳар хил эҳтимолларни олдиндан кўриб¸ улар ечимини бугундан ҳозирлаш борасида ҳар хил имконга эга ва кўпчиликнинг бу имкони ўта чеклангандир.

Россия шохида юрса¸ бизнинг президент баргида юрадиганлардан ва у Москва режаларини олдиндан аниқ кўриб¸ аниқ чамасини олмоқда. Минтақанинг бошқа раҳбарларининг¸ ëки бунга чоғи келмайроқ турибди¸ ëхуд улар Россияга бундай ваколат берилса¸ бу ваколатнинг ўзларига қарши ишлатилиши мумкинлигига ишонмайроқ турибдилар. Ўзига ортиқча бино қўйиш¸ анчагина хатарли касаллик¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Сергей Ежков.
XS
SM
MD
LG