Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:39

Диний айблов билан қамалганлар 10 мингга етди


Эътиқод тутқунлари учун ўзбек қамоқлари кўп ҳолларда борса-келмас маконга айланган.
Эътиқод тутқунлари учун ўзбек қамоқлари кўп ҳолларда борса-келмас маконга айланган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, биргина Фарғона вилоятида шу йилнинг 8 ойи давомида 36 киши диний айблов билан қамалган. Ҳуқуқ фаоллари¸ 2010 йил Ўзбекистонда диний эътиқодга қарши репрессиялар авж олган яна бир йил бўлди¸ демоқда.

Шу йилнинг 8 ойи мобайнида Фарғона вилоятида қамалган 36 кишининг аксари нурчиликда айбланганлардир. Фарғоналик инсон ҳуқуқи фаоли Баҳодир Элбоевга кўра, бу йигитларнинг ўртача ёши ўттизда. Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистондаги турк лицейларининг битирувчилари:

- Буларнинг кўпи Нур оқими, "нурчилик" борку, ўшаларга аъзоликда айбланаяпти. Бирга ўқиб, битта жойда ишлагани учун, бирга ош ейишгани учун. Шунинг орқасидан уларни қамашган. Туркияда бирга ўқишган. Ҳаммаси эмас. Саккизтачаси. Қолганлари турк лицейини битирган бўлган,- дейди Баҳодир Элбоев.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Фарғона вилоятида яна 32 киши устидан тергов бормоқда, умуман бу йил бутун Ўзбекистон бўйлаб диний айблов билан қамалганлар кўп бўлди, дейди:

- Ўзбекистон бўйича жуда кўп. Буларнинг аниқ сонин айтиш ҳам жуда қийин. Менинг тахминларим бўйича, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва бошқа вилоятларнинг ҳаммасини олса, бир йил давомида диний айблов билан қамалганлар камида 600-800гача етади.

Суръат Икромовга кўра, бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида эътиқоди учун қамалган махбуслар сони 10 мингдан ошган:

- Диний айбловлар билан қамалганлар сони йилдан йилга фақат ошиб бораяпти. Мана ҳукуматнинг бир хил ҳисоботларида жуда кам кўрсатиляпти. БМТга ГУИНнинг бошлиғи борган. Ўша ҳисоботида қийноқлар масаласида гап кетган. Ўшанда сонини 1400та диний айблов билан қамалганлар бор, деган. Лекин бу мутлақо нотўғри. Фақат охирги бир ярим-икки йил ичида 1500дан ортиқ одамнинг фамилияси билан берганмиз, интернетда. У ерда 20 йилдан бери қамалганлар ўтирибди. Батафсил мана шу иш билан 10 йилдан бери шуғулланаëтганимиз учун бизларда архивлари бор, ҳамма қамалганлардан 7000дан кўпининг фамилияси ва исми бизларда бор. Умуман 10 мингдан кўпроқ одамнинг рўйхати бор,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Ўзбекистонда диний айблов билан қамалган тутқун жазо муддатини ўтаб бўлган бўлса ҳам, унинг қамоқдан чиқиши яккам-дуккам учрайдиган ҳолатдир, дейди С. Икромов. Аксарият ҳолларда қамоқ жазоси тугашига озгина муддат қолганда, маҳбуслар қамоқхона ички тартибларини бузди деган, айбловлар билан "раскрутка" қилиниб, жазо муддати қўшиб берилади. Бу кўп йиллардан бери давом этаётган амалиётдир ва юқоридан бунга оид буйруқ бор, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси:

- Биласизми, бу ерда бошқа нарса бўлаяптида. Юқори деганда бу президент аппаратидан буйруқ келаяпти шуларни чиқармаслик тўғрисида. Бундан 4-5 йил олдин биз ўйладик, балки буларни шунақа қилиб чиқармасдан ҳаммасини бир кунда амнистия қилишмоқчими, деб олдин тушунмай юрдик. Аммо лекин шу пайтгача мана шунақа қилинаяпти. Баъзилари бор, 12-14 йиллик қамоқ жазосини ўтаб бўлишига бир ой қолганда яна бир нарса уюштирилади ва тартибни бузгани ëки бошқа баҳона топилиб, ўша ерда жиноят иши қўзғатилиб, ўша ернинг суди билан 4-5-8 йилгача қўшиб берган воқеаларни биламиз,- дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Диний айбловлар билан қамалган тутқунлар бўйича мустақил мониторинг ўтказиш билан шуғулланадиган фарғоналик ҳуқуқи фаоли Аҳмаджон Мадумаров Ўзбекистон ҳукумати суд тизимида ислоҳотлар ўтказаётгани ҳақида жар солаётган бўлсада, диндорлар устидан ўтказилган суд маҳкамаларининг бирортаси ҳам адолатли бўлганини кўрмадик, дейди:

- Мен шахсан ўзим битта "нурчи"нинг иши билан танишдим. Етти киши қамалган ва уларнинг таъминотчиси сифатида қамалган яна бир одамнинг суд маҳкамасини яхшилаб ўрганиб чиқиб, худди 1998-2000 йилларда қандай ҳукмлар чиқарилган бўлса, худди ўшандай эртак, худди ўшандай тўқима гаплар. Ҳаммаси ëлғон гувоҳлар. Айблов хулосаси ва ҳукмни ўқиб одамни кулгиси қистайди. Бунда ўша одамнинг мол суяги ва гўштини тарқатганидан бошқа гап йўқ. Шу билан у гўёки, буларга ëрдам берган ва шу билан айбланиб, қамоққа олинган. 1998-2000 йилларда булар қандай қилиб 100 варақдан ëзган бўлса, худди ўшандай қилиб ëзилиб, тўлдирилиб, худди шундай ҳолатда ҳеч қандай исботларсиз айблов хулосалари чиқариб, суд маҳкамасига тортилаяпти,- дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячисига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўтказаётган репрессив сиёсат боис, маҳкамаларга раислик қилаётган судьялар ҳам юқори чизиб берган чизиқдан чиқмаяпти ва айбланувчиларнинг айби бор-йўқлиги ёки уларга нисбатан тергов давомида қийноқлар қўлланилганганидан қатъий назар бир томонлама ҳукм чиқармоқда:

- 2010 йилда БМТ томонидан ўтказилган семинарларда қатнашаëтган судьяларнинг оғзидан чиққан гапни келтирмоқчиман. Судьяларга семинар ўтказаётган одам савол беряптики, масалан ўша суд мажлиси, маҳкамаларида судланувчилар томонидан “бизга қийноқлар қўлланилди” деган саволлар бўлаяптими деса, ўша судда қатнашаëтган судьялар айтаяпти “ҳа, шунақа саволлар бўлди”. “Сизлар нима қилдингизлар?” деса, “Биз буни қанақа қилиб текширамиз”, деяпти. Яъни бу дегани, бўлаëтган қийноқларга ҳеч қайси судя томонидан бирор чора кўрилмаган, кўрилмайди ҳам. Бирорта инсоннинг эътирози бўйича, бирорта ота-онанинг шикояти бўйича бизнинг республика Омбудсманидан ҳам бирорта чора кўрилмаган. Холбуки, бундай ҳолатлар кучайгандан кучаймоқда. Камайгани йўқ,- дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи фаолларига кўра, мамлакатда диний айблов билан қамоққа ташланганларга нисбатан амнистия қўлланилмайди, улар қамоқхонада такрор-такрор "раскрутка" қилиниб, жазо муддатлари қўшиб берилмоқда. Хўш, нега Ўзбекистон ҳукумати диндорларга нисбатан бундай шафқатсиз сиёсат юритмоқда, нега жазо муддати тугаган бўлса ҳам тутқунлар қамоқдан озод этилмаяпти? Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер бу саволларга шундай деб жавоб беради:

- Биринчидан, Ўзбекистон қамоқхонасига тушган диндорлар янада радикаллашади. Иккинчидан эса, Ўзбекистон қамоқхоналарида қаттиқ қийноқлар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам ҳукумат қамоқдан чиққан диндорларнинг уларга нисбатан қийноқлар қўлланилганини ошкор этишларидан чўчийди. Албатта, бу аҳолида норозилик туйғусини кучайтиради. Учинчидан эса, ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати ислом факторидан жуда чўчийди ва ҳар қандай экстремистик хавфдан ўзини қаттиқ иҳота қилади,- дейди Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер.
XS
SM
MD
LG