Линклар

Сўнгги кунларда Қозоғистоннинг жанубий пойтахти ҳисобланмиш Олмаотада полиция томонидан ўтказилган тезкор-профилактик амалиёт натижасида 1100 дан зиёд қонунбузар муҳожир ушланди. Уларнинг 500 дан кўпроғи ўзбекистонликлар экани айтилмоқда.

“Ҳуқуқ-тартибот” дея номланиб, уч кун давом этган махсус амалиёт чоғида Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти томонидан Қозоғистон миграция қонунчилигини бузган 1109 хорижлик ушланди.

Мазкур департамент матбуот хизматининг маълум қилишича, қонунбузарларнинг аксариятини қирғизистонлик ва ўзбекистонликлар ташкил қилади. Жумладан, мазкур амалиёт чоғида 562 нафар қирғизистонлик, 510 нафар ўзбекистонлик, 37 нафар бошқа давлатлар фуқаролари аниқланган ва маъмурий жазога тортилган.

Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти маълумотларига кўра, қонунбузар муҳожирларнинг 133 таси мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган. Уларнинг 100 дан зиёди ўзбекистонлик ва қирғизистонликлар экани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўш воқеаларидан кейин Қозоғистоннинг турли жойларига кўплаб қирғизистонликлар вақтинча яшаб туриш илинжида келганлар. Россия, Беларус ва Қозоғистон ўзаро божхона иттифоқи бўйича келишиб олганидан сўнг Қозоғистон қирғизистонликлар учун 90 кунлик визасиз тартибни бекор қилган. Эндиликда Қозоғистонга келган қирғизистонликлар 5 кунгача визасиз юришлари мумкин, шундан кейин улар жойлардаги миграция департаментларида қайддан ўтишлари лозим. Уларга яшаш учун рухсатнома кўпи билан бир ойга берилмоқда. Бу рухсатномани яна бир ойга чўздириш мумкин, холос. Шундан сўнг Қозоғистонда яшаб турган қирғизистонлик албатта мамлакат ташқарисига чиқиб келишлари ва қайтадан маҳаллий департаментдан вақтинча яшаш учун рухсатнома олиши лозим бўлади. Бу эса Қозоғистонда муваққат яшаб турганларни ортиқча вақт ва маблағ сарф этишга мажбур қилмоқда. Молиявий имконияти йўқ кишилар эса баъзан қайддан ўтмай яшашда давом этмоқдалар.

Миграцион қонунчиликни бузгани айтилаётган ўзбекистонликларнинг аксариятини меҳнат муҳожирлари ташкил этади. Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти маълумотларига кўра, “амалиёт чоғида хорижликларни ноқонуний равишда ишга ёллаган иш берувчилар ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган”.

Уч кунлик амалиёт давомида полициячилар Олмаотадаги бозорлар ва савдо нуқталари ҳамда уларга яқин мавзеларни текширгани айтилмоқда.

Кузатувчилар бу амалиётларни 2011 йил феврал ойида Қозоғистон Остона ва Олмаота шаҳарларида ўтказиладиган 7-Осиё ўйинлари (“Азиада”) олдидан олиб борилаётган “тозалаш тадбирлари” ўлароқ баҳоламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG