Линклар

Маевкаликлар қирғиз суди ҳукмидан норози


Бишкек яқинидаги Маевка қишлоғида шу йилнинг апрел ойида 5 киши ҳалок бўлган, кўплаб уйлар ёндирилганди.

Бишкек яқинидаги Маевка қишлоғида шу йилнинг апрел ойида 5 киши ҳалок бўлган, кўплаб уйлар ёндирилганди.

Қирғиз суди 2010 йилнинг апрел ойида Бишкек яқинидаги Маевка қишлоғида 5 одамнинг ўлимига сабаб бўлган ва этник туркларнинг уйлари ёқиб юборилган тартибсизлик юзасидан ҳукм чиқарди.

Бишкек яқинидаги Маевка қишлоғида содир этилган тартибсизлик пайтида этник турк Жалол Агалиевнинг уйи ҳам ёндирилган, мол-мулки таланган эди. У Маевка қишлоғидаги тартибсизликларда иштирок этганлар устидан бўлган маҳкама жараёнини адолатсиз деб баҳолайди:

- Бизни судга бор-йўғи бир марта чақиртиришди. Суд залида бизга 4 кишини кўрсатиб, “шуларни танийсанми?” дейишди. Уларни танимас эдик, чунки улар бостириб кирганда, жонимизни сақлаб қолиш учун қочиб кетган эдик. Улар одамларни ўлдиришди, уйларимизни ёндиришди. Судга бир марта чақиртирганидан кейин бошқа чақиришмади. Шундоқ экан, суднинг ҳукми қандай қилиб ҳолис бўлсин? - дейди Жалол Агалиев.

Маевка қишлоғидаги тартибсизлик апрел ойида содир этилган эди. Ўшанда асосан этник турклар, курдлар ва руслар яшайдиган 7 800 хўжаликдан иборат Маевка қишлоғига қирғиз миллатига мансуб мингдан ортиқ одам бостириб кирган ва қишлоқдаги экин майдонларини тортиб олишга ҳаракат қилишган эди.

Юзага келган тартибсизликда 5 одам ўлган, этник турклар ва курдларга тегишли 7 уй ёндирилган, кўплаб уйлар таланган.

Маевкадаги воқеани ўрганган Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг билдиришича, вазият шу даражада кескинлашиб кетишига этник туркларнинг босқинчиларга қарата ўқ отгани сабаб бўлган.

- Шу қишлоқнинг четида яшаган қирғизлар турк миллатига мансуб одамлар ўқ отиб, вазиятни кескинлаштириб юборганини айтишган, - деди Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири.

Мазкур суд жараёнида судланган 5 кишидан 1 нафари 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 65 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия туфайли унинг жазо муддати учдан бирига қисқартирилди. Қолган 4 судланувчи эса 3 йиллик синов муддати билан 3 йилдан 5 йилгача шартли равишда озодликдан маҳрум этилди.

Судланувчиларнинг адвокатлари бу ҳукмни адолатли, деб баҳолайдилар. Уларга кўра, тартибсизликларда иштирок этганликда айбланганларнинг ўзлари жабрланувчиларга айланиб қолишган.

“Негаки улар босқинчилардан ҳимояланганлар отган сочма ўқлардан азоб чекишган”, -дейишади адвокатлар.

Маевкадаги воқеада турмуш ўртоғи ўлдирилган ва вояга етмаган икки фарзанди билан бева қолган Қизлархон Карибова мазкур суд ҳукмидан сўнг Қирғизистонда адолатли судлов борлигига ишонмай қўйганини айтади.

- Албатта бу адолатсиз ҳукм. Ўша куни бу ерда жуда кўп одам бўлган. Уларнинг орасидан фақат 5 тасигина судланаяпти. Мени жабрланувчи сифатида ҳатто судга ҳам чақиришгани йўқ. Аслида қишлоғимизда тартибсизлик уюштирган босқинчилардан 120 таси қўлга олинган эди, бироқ уларнинг ҳаммасини қўйиб юборишган. Мен бундай судга ишонмайман, - дейди Қизлархон Карибова.

Қирғизистон Омубдсмени Турсунбек Акун эса апрел ойидаги мураккаб вазиятни ҳисобга олганда суднинг ҳукми адолатли бўлди, деб ҳисоблайди:

- Апрел воқеасидан кейин сиёсий эйфория таъсирида мана шундай ҳолатлар содир бўлди. Бу вазиятда ҳар қандай оғир жиноятни ҳам сиёсат билан уйғунлаштириш керак бўлади. Ўша эйфория натижасида одамлар ер босиб олишга ҳаракат қилишди. Шунинг учун суднинг ҳукми адолатли бўлди, - деди Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун.

Шу ўринда қиёслаш учун маълумот: сентябр ойида ўшлик 4 диндор июн воқеларида аҳолини хавфдан огоҳлантириш мақсадида бомдод азонини муддатидан аввал айттиргани учун 4 йилга қамоққа ҳуқм қилинди. Уларга шартли жазо белгиланмади, бу одамлар амнистияга ҳам туширилмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG