Линклар

Тожикистондаги “Овози тожик” радиосининг ўзбек тилидаги эшиттиришлари эфирга ноқулай вақтда узатилаётгани мухлислар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида истиқомат қилувчи Ҳадича Аҳмадзода бир ҳафтадан буён республика радиоси орқали узатиладиган ўзбек эшиттиришларини тинглашнинг иложи бўлмаётганини айтади.

- Илгари телевидение ва радиода берилган эшиттиришу кўрсатувлар мамлакатдаги ўзбек тингловчилари учун катта аҳамиятга эга бўлган. Чунки бу кўрсатув ва эшиттиришлардан ўзбеклар ҳам маънавий, ҳам маданий озуқа олиш билан биргаликда ҳордиқ ҳам чиқаришарди. Бироқ эндиликда радио ва телевидение кўрсатув ва эшиттиришлари кескин қисқарди, эфирга узатиш тартиби ўзгарди. Айтайлик, радиодаги эшиттириш жуда ноқулай вақтда узатилмоқда. Илгари бир кунда уч марта узатиларди, ҳозир икки марта берилаяпти, вақти ҳам камайтирилган. Вилоят радиоси ва телевидениесида ҳам шундай бўлди. Телевидениедаги ярим соатли “Оқшом” кўрсатуви 15 дақиқага камайтирилган, - дейди Ҳадича Аҳмадзода.

Тожикистон радиосининг ўзбек бўлими ходимлари ўзбек тилидаги эшиттиришлар эфир вақти ноқулай вақтга ўтказилганлиги сабаб радио раҳбарларига ёзма равишда мурожаат қилганлар. “Овози тожик” радиосининг ўзбек тили эшиттириши бўлими катта муҳаррири Отабек Ғоибовнинг айтишича, раҳбарлар эшиттиришлар вақти нима учун ўзгартирилгани сабабларини айтишмаяпти.

- Дарҳақиқат биз ўзбек тилидаги эшиттиришларини тингловчиларимизга қулай вақтда эфирга узатилишини ёки яна ўша эски вақтига қайтарилишини сўраб, ариза ёздик. Бироқ радио раҳбарияти “янги сетка (эфирга узатиладиган эшиттириш вақти – таҳр.) тасдиқланган ва уни ўзгартириб бўлмайди”, дея жавоб берди, - деди Отабек Ғойибов.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган “Овози тожик” радиоси раҳбари Абдуқодир Абдуқаҳҳор радиодаги эшиттиришларнинг эфир вақти ўзгартирилишини мухлислар талаби ва эшиттиришлар мавқеи ҳисобга олингани билан изоҳлади.
- Биз, биринчи навбатда, тожик тилига яқин тиллардаги эшиттиришларнинг кетма-кет узатилишига эътибор берамиз. Чунки республика аҳолисининг асосий қисмини тожиклар ташкил этади. Шу боис аввал тожикча, дарий, форсий тилларда,кейин рус тили ва ана ундан кейин ўзбек тили эшиттиришларига ўрин бердик, - деди Абдуқодир Абдуқаҳҳор.

Бироқ, конибодомлик бир суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, илгари деярли ҳаммада қўлда кўтариб юрадиган радио бор эди - одамлар хоҳлаган пайтда радиони эшитиши мумкин бўлган. Шу кунда эса саҳарги ва кундузги эшиттиришларни аҳолининг аксарият қисми эшитмайди.

“Республикада 1,5 миллиондан ортиқ ўзбек яшайди. Тожикистонда атиги 100 мингга яқин руслар истиқомат қилади, дарий тилида эса беш-олти киши гапиради, холос. Республика аҳолисининг қарийб 30 фоизини ўзбеклар ташкил этса-ю, улар тили мавқеи шу тиллардан кейинга қўйилиши ажабланарли ҳол”, дейди суҳбатдошимиз.

- Тожикистон бош қонунида республикада истиқомат қилувчи барча миллат вакиллари ўз она тилида гапириш, билим олиш, радио ва телевидениеда тинглаш ҳуқуқига эга, деб белгилаб қўйилган. Бироқ аслида шундайми? Мана, бир ҳафтадирки, биз ҳар куни Тожикистон радиоси орқали бериладиган ўзбек тилидаги эшиттиришларни тинглай олмаяпмиз. Кейинчалик билсак, бу эшиттиришлар саҳар соат 3 да ва кундуз куни соат 15.00 да эфирга узатиладиган бўлибди. Рости гап, Тожикистон радиоси раҳбарияти ҳаракатларини тушунолмай қолдик. Назаримда, бу Тожикистонда яшайдиган ўзбекларга нисбатан эътиборсизлик, ҳурматсизликни англатади, - дейди конибодомлик суҳбатдош.

Таҳлилчиларнинг эътироф этишларича, бу янги тартиб ўзбекларга бўлган “босим”дир. Радио ва телевидениеда ўзбек дастурларининг жуда камлиги, адади жуда ҳам оз бўлган ўзбекча газеталар ўзбекзабон аҳоли эҳтиёжини қондира олмайди. Шунинг учун ҳам Тожикистонга Ўзбекистон сариқ матбуоти кириб келиш кўлами ошиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG