Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:59

Волгоградда ўзбекистонликлар касаба уюшмаси тузилди


Волгограддаги ўзбеклар жамияти тузган касаба уюшмаси бутун Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб олди.
Волгограддаги ўзбеклар жамияти тузган касаба уюшмаси бутун Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб олди.

Волгоградда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари касаба уюшмасини туздилар. Уюшма Волгоградда меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқларини химоя қилиш мақсадида, “Юртдош Ўзбеклар Иттифоқи” минтақавий жамоатчилик ташкилоти ташаббуси билан тузилди.


Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Волгоградда ташкил қилган янги тузилма “Юртдошлар” меҳнат муҳожирлари иттифоқи касаба уюшмаси”, деб номланади. Бу ташкилотни Россия минтақаларида мигрантлар томонидан тузилган илк касаба уюшмаси, деб ҳисобласа ҳам бўлади, дейди Волгоград вилояти касаба уюшмалари иттифоқининг Ташкилий ишлар бўлими мудири Егор Козловцев.

- Бизнинг ташкилотимиз - Волгоград вилояти касаба уюшмалари иттифоқига “Юртдош Ўзбеклар Иттифоқи” минтақавий жамоатчилик ташкилоти мурожаат қилди. Бу ташкилот раҳбарлари Дилбар Жуманиёзова ва Борис Гехтни анчадан бери таниганимиз учун, уларни вилоятимиздаги миллий масала соҳасида қилган ишларини ҳисобга олиб, касаба уюшма ташкил этилишини қўллаб-қувватладик. Ташкилотнинг асосий мақсади - меҳнат муҳожирларини ҳимоялаш. Айтишим зарур, вилоят касаба уюшмаси ҳам меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади, лекин бизда чет-эллик меҳнат муҳожирлари билан етарли даражада алоқалар ўрнатилмаган. Қолаверса, биласиз, уларнинг маҳаллий ташкилот ва муассасаларга унчалик ишонмайди. Масалан, Москвада мигрантларнинг касаба уюшмалари борлигини биламиз, лекин Россия минтақаларида бу биринчи прецедент бўлди. “Юртдошлар” меҳнат муҳожирлари ташкилоти вилоят касаба уюшмаси билан шартнома асосида ҳамкорлик қилади. Бу жуда долзарб ва керакли иш, чунки мигрантлар аҳолининг энг ҳуқуқсиз қатламига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас, дейди Егор Козловцев.

Волгоград касаба уюшмалари иттифоқи вакили муҳожирларнинг янги уюшмаси Россия Конституцияси, қонунчилиги ва умум қабул қилинган халқаро ҳуқуқ нормаларга мувофиқ иш юритади, дейди.

Лекин бу ташкилот нафақат ўзбекистонлик, балки Волгоград вилоятида меҳнат қилаётган барча мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга мўлжалланган ва шу сабабли уни “Юртдошлар” деб номладик, дейди меҳнат муҳожирлари касаба уюшмаси раҳбари Борис Гехт.

- Низомимиз бўйича уюшмага истаган киши, ҳатто Россия фуқароси аъзо бўлиши мумкин. Бунинг учун ягона талаб қўйилади: аъзоликка давогар шахс Россия ҳудудида қонунан қайддан ўтган бўлиши шарт. Бизнинг таъсис мажлисимизда 90га яқин одам иштирок этди. Бу бошланиши! Ташкилотимизнинг асосий мақсадларидан бири муҳожирнинг иқтисодий ва ижтимоий, керак бўлса, сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Соддароқ қилиб айтсак, биз шартномалар тузиш, суд ва бошқа давлат органларида вакиллик қилиш, юридик маслаҳатлар бериш ва ҳоказолар билан шуғулланамиз. Фаолиятимиз доирасида маҳаллий миграция хизмати, ички ишлар, шаҳар ва вилоят маъмурияти билан ҳамкорликда иш олиб боришни режалаштирдик. Ишончим комилки, яқин келажакда биз Волгоградда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг бузилишига қаршилик қила оладиган кучли ташкилотга айланамиз, дейди “Юртдошлар” номли касаба уюшмаси раҳбари.

Борис Гехт касаба уюшмасидаги фаолияти билан бир қаторда Волгоградда Ўзбеклар иттифоқини ҳам бошқаришни давом эттиради. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Волгоград вилоятида расман қайдга олинган 25 минг меҳнат муҳожиридан 17-20 мингини ўзбекистонликлар ташкил қилади.

Волгоград Федерал миграция хизматидан олинган маълумотга кўра, 2005 йилда вилоятда 5 миндан ортиқроқ меҳнат муҳожири расман қайдга олинган бўлса, 2009 йилга келиб уларнинг сони 30 мингга етган. 2010 йилда Волгоград вилоятида меҳнат муҳожирлари учун ажратилган квоталар пасайтирилиб, 18 мингни ташкил этди, лекин вилоятда мардикорлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Бир неча йил аввал Волгоград вилоятида асосан Озарбайжон, Тожикистон ва Вьетнам мамлакатларидан келган муҳожирлар меҳнат қилган бўлса, кейинги йилларда бу ерда ўзбекистонлик мардикорлар сони кескин ошган. Маълум бўлишича, Россиянинг бу минтақасида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари асосан фермер хўжаликларида меҳнат қилади. Волгоград вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 70 фоиздан ортиқроғи меҳнат муҳожирлари томонидан етиштирилиши айтилади.
XS
SM
MD
LG