Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:48

АҚШ янги йилда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтирмоқчи


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги муносабат йилдан-йилга илиқлашаётганини айтади.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги муносабат йилдан-йилга илиқлашаётганини айтади.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорликни келаётган йилда ҳам кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Робейт Блейк билдирди.

15 декабр куни журналистлар билан ўтган телефон орқали матбуот анжумани чоғида Роберт Блейк 2010 йили АҚШ Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаганини қайд этди.

- Биз Ўзбекистон ҳукумати билан, жумладан, хавфсизлик ва Афғонистонни тиклаш масалаларидаги ҳамкорлик даражасидан жуда қониқдик. Биз бу ҳамкорлик жуда қадрлаймиз ва уни кенгайтириш ниятидамиз, - дея иқтибос келтиради АҚШ давлат котиби ёрдамчиси сўзларидан Газета.уз сайти.

Роберт Блейкка кўра, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Марказий Осиёга қилган яқиндаги ташрифи ҳамда юқори даражадаги доимий ҳамкорлик АҚШнинг минтақа давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришга бўлган қизиқишини кўрсатади.

- Сизларни ишонтириб айтаманки, юқори даражадаги бу ҳамкорлик келаётган йилда ҳам давом этади, - деди Роберт Блейк.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Марказий Осиёга ташрифи доирасида 2 декабр куни Тошкентда ҳам бўлган ва юқори лавозимли ўзбек расмийлари билан қатор учрашувлар ўтказганди. “Клинтон хоним Тошкент унчалик илиқ кутиб олинмади” дея фикр билдирган таҳлилчилар буни “АҚШ Афғонистондаги ўз ҳарбийлари таъминоти учун Ўзбекистонга қарам бўлиб тургани сабабли Каримовнинг инжиқликларини кўтаришга мажбур бўлмоқда”, дея изоҳлагандилар.

Роберт Блейкнинг навбатдаги баёноти ҳам кузатувчилар томонидан дипломатик тавозе белгиси ўлароқ кўрилмоқда.

Чоршанба куни ўзбекистонлик журналистлар билан телефон орқали матбуот анжумани ўтказган жаноб Блейк 2010 йил АҚШ учун Марказий Осиёдаги беш мамлакат билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўта самарали бўлганини ва бу ҳамкорлик ўз натижасини бера бошлаганини таъкидлади.

- Биз минтақанинг барча мамлакатлари билан ҳар йили ўтказиладиган икки томонлама маслаҳатшувлар сериясини йўлга қўйдик. Бу борада фақат Қирғизистон билан консультациялар ўтказилмади. Бундай иш режаланганди, бироқ у мазкур мамлакатда ҳокимият алмашиши сабабли амалга ошмай қолди, - деди Роберт Блейк.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида илиқ муносабатларни тиклашга дипломатлар 2005 йилдаги Андижон воқеалари ортидан Қўшма Штатларнинг Хонободдаги базаси ёпилганидан буён уриниб келадилар. Ана шу ҳаракатлар натижаси ўлароқ 2009 йилнинг декабр ойида Вашингтонда Ўзбекистон-АҚШ консультациялари ўтказилганди. Бу маслаҳатлашувнинг иккинчи босқичи жорий йил қишида Тошкентда ўтказилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG