Линклар

Экологлар муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда


Тожикистонлик мутахассислар қуёш батареялари мамлакатдаги энергетик тақчиллик муаммосини бир қадар ҳал қилиши мумкин, деган ишончдалар.

Тожикистонлик мутахассислар қуёш батареялари мамлакатдаги энергетик тақчиллик муаммосини бир қадар ҳал қилиши мумкин, деган ишончдалар.

Тожикистонлик экологлар углеводородлар ва бошқа қазиб чиқарилувчи энергия манбаларидан фойдаланишни қисқартиш таклифи билан чиқдилар. Улар энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш вақти етганлигини таъкидлашмоқда.

Республикада фаолият юритаётган “Кичик Ер” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Тимур Идрисовнинг айтишича, энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланишга ўтиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши бўлмоғи зарур.

- Бугунги кунда Ашт, Исфара, Панжакент туманларида кичик ГЭСлар ишлаяпти. Хўжандда шамолдан электр энергияси олинмокда. Шунинг учун биз республика ҳукуматига кўмир, мазут, керосин, газ каби энергия берувчи манбалардан воз кечишни таклиф қилаяпмиз. Мамлакатда кўмир саноатини ривожлантириш борасида Давлат дастури амалга оширилмоқда. Бу дастур ҳам давлат томонидан молиявий таъминланмаслиги керак. Мазкур энергия воситалари атроф-муҳитни ифлослантираяпти, одамлар соғлиғига зарар етказилаяпти. Унинг ўрнига камхаражатли кичик ГЭСлар қуриш, қуёш батареяларни ўрнатиш, шамолдан электр энергияси олишни йўлга қўйиш лозим, - дейди Тимур Идрисов.

Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашларича, мамлакатдаги энергия тақчиллиги ҳукуматни яқин орада кўмир соҳасини ривожлантиришдан воз кечишига имкон бериши даргумон.

- Айтайлик, бугун биз кўмир ва бошқа углеводородлардан фойдаланишдан воз кечамиз. Бунинг ўрнига аҳолига нима таклиф қила оламиз? Ахир кичик ГЭСлар ва қуёш батареяларини қисқа муддатда қуриб, фойдаланишга топшириш мушкул. Одамларга эса ёруғлик ва иссиқлик бугун керак, - дейди “Тожикглавгидромет” корхонаси вакили Мусабия Маҳмадалиевa.

Хўжанддаги “Сўғд навовар” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Нўъмон Ҳасанов фикрича, аҳоли орасида муқобил энергиянинг афзалликлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилиши лозим.

- Ҳаммага маълумки, республика мустақилликка эришгач, катта қийинчиликлар дуч келди. Улардан бири энергетика муаммоси. Одамлар муқобил энергия ҳақида маълумотларга эга эмас. Шунинг учун тандир, “буржуй” печи, сандал, керосин лампаларига нисбатан кўпроқ иссиқлик берадиган, хонадонларни чароғон қиладиган воситалар борлиги ҳақида уларга тушунтиришимиз лозим. Масалан, қуёш батареяларини
олсак. Тўғри, бундай ускуналар қиммат, лекин бирорта қишлоқда ўрнатилиб, унинг афзаллиги намойиш қилинса, бу бошқаларни ҳам қуёш батареяларидан фойдаланишга ундаши мумкин. Давлат ва маҳаллий ҳукуматлар бундай
лойиҳаларни қўллашга қодир эмас. Бироқ жамоатчиликнинг имкониятлари, ниҳоят Халқаро ташкилотлар ёрдамида бундай ускуналарни ўрнатиш мумкин, - дейди Нўъмон Ҳасанов.

Мутахассисларга кўра, йирик ГЭСларни бунёд этишга мамлакатнинг қурби етмаяпти ва бунинг оқибатида Роғун ҳамда Сангтўда ГЭСлари қурилиши ўнлаб йилларга чўзилиб кетмоқда. Бундан ташқари, бу каби йирик гидроиншоотлар қурилиши қўшни Ўзбекистон билан муносабатларнинг
совуқлашувига сабаб бўлаётир. Расмий Тошкент Роғун ГЭСининг қурилиши минтақа экологиясига катта зарар етказишини даъво қилаётир, расмий Душанбе эса бу айбловни рад этиб келмоқда.

Сўғдлик кузатувчи Абдувосит Салимзоданинг айтишича, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни йўлга қўйиш давлат сиёсатига айлантирилса, қўшни давлатлар билан муносабатлар яхшиланади, шунингдек, муқобил энергия олиш қурилмалари йирик иншоотларни барпо этишдан кўра камроқ маблағ талаб қилади.

- Ҳукумат раҳбарларининг ниятини тушунса бўлади. Улкан гидроиншоотларни қуришдан мақсад энергетик жиҳатдан қўшниларга тобе бўлмаслик ва бу соҳада бошқалардан устун бўлишдир. Лекин бу иншоотлар қачон қуриб битказилиши, қачон ишга туширилиши номаълум. Аҳоли эса энергия манбалари етишмаётганидан азоб чекмоқда, - дейди Абдувосит Салимзода.

Унинг сўзларига кўра, бу масалада “олма пиш - оғзимга туш” қабилида иш тутиб бўлмайди. Тожикистонда аллақачон энергиянинг муқобил манбаларини ишлаб чиқарувчи кичик ГЭСлар ва қуёш батареяларидан фойдаланилмоқда, лекин бундай қурилмалар Тожкистон ҳудудида бармоқ билан санарли.

- Чунки аҳолининг асосий қисми “фуқароларни энергия билан таъминлаш давлатнинг вазифаси” деган тушунча билан яшамоқда. Лекин республикада энергетик тақчиллик муаммоси яқин йилларда ҳал этилмайди. Шунинг учун муқобил энергия воситаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш учун халқнинг ўзи ташаббус кўрсатмоғи керак, - дейди Абдувосит Салимзода.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG