Линклар

logo-print

Ўзбекистон йўллари бўйича масъул "Ўзавтойўл" давлат ҳиссадорлик жамиятида 18,6 миллиард сўмлик камомад аниқланди. Ўзбекистон Молия вазирлигининг Республика Йўл фонди “Ўзавтойўл”нинг 9 ойлик фаолияти якуни бўйича шундай хулосага келган.

Ўзбекистон республикаси Йўл жамғармаси ходимларидан бирининг Озодликка билдиришича, қонунбузарликлар орасида машина ва механизмлар эксплуатациясига нотўғри маблағ сарфлангани, йўл қурилиш ишлари хажми ва ўзида ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари бўйича қўшиб ёзишлар аниқланган.

Жумладан, қўшиб ёзишлар бўйича 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ, ноқонуний харажатлар бўйича ҳам 5 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ, сифатсиз ишларга 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўринсиз сарфлангани айтилмоқда.

Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Республика Йўл фондининг исми сир тутилишини сўраган ходимига кўра, приписка ва қонунбузарчилик ҳолатлари ҳар йили кузатилади.


- Ҳар йили бўлади. Фақат камроқ бўлган илгари, бу йил объём катталашган. Масалан, ўтган йили 100 километрли жойда текширишлар бўлган бўлса, бу йил 200 километрда текширилган. Чунки йилдан-йилга катта маблағ ташланаяпти. Кейин ўтган йили текширилмаган, уч-тўрт йил давомида кузатилмаган катта корхоналар бу йил режага киритилиб, текширилган. Умумий объемда кейин шундай рақам (18,6 миллиард сўм назарда тутилмоқда - таҳр.) 9 ой якуни бўйича чиққан. Бу материалларнинг деярли ҳаммаси миллий хавфсизлик билан прокуратурага берилади. Ҳозир нечтасида терговлар, суд жараёнлари кетаяпти бутун республика бўйича, - деди Йўл фондининг ходими.

Суҳбатдошимизга кўра, энг кўп камомад ва маблағнинг мақсадга мувофиқ сарфланмаган ҳолати Жиззах вилоятида қайд этилган.


- У ерда нафақат камомад, бу ерда экономия ҳам бор. Хато ва камчилик дейилган. Битумни "200 минг сўмдан оламан" деб расчет қилган бўлса, фактический бориб, накладной билан текширганда қайсидир заводдан 150 минг сўмга олган бўлиб чиқади. Мана шу экономия ҳам бу ерда ўтиради. Ўша 5 миллиард қўшиб ёзилган бўлса, шундан 3 миллиард атрофидагиси Жиззах вилоятидан чиққан, деди Республика Йўл фонди ходими.


Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг ҳам автомашинаси бор. У ўзи яшаётган жойдаги автойўлларнинг сифатидан унча қониқмаслигини айтади:

- Жиззах шаҳрининг маркази ва шаҳарга кириб-чиқиш жойларида йўл бир нав. Лекин қолган ерларда, масалан, туманларда, 20-30 километр нарида йўллар ўта хароб аҳволга келиб қолган. Айрим туманларнинг чекка жойларида Совет Иттифоқи қулаганидан буён ремонт қилинмаган жойлар бор. У ерда йўллар машина ҳам, мотоцикл ҳам юра олмайдиган ҳолга келиб қолган, - деди жиззахлик Бахтиёр Ҳамроев.

Шу билан бирга ҳуқуқ фаоли айни пайтда Жиззахда автомобил йўлларини таъмирлаш қизғин кетаётганини ҳам айтади:

- Бир ой мобайнида Жиззахда йўл ремонтлари, асфальтлаштириш бошлаб юборилган. Жиззахга кириш жойлари, аккумулятор заводи томонида ва бошқа кириш жойларида ремонт бошлаб юборилган. Анча ремонт ишлари қилинаяпти, янги асфальтлар тўкиб ишлашаяпти, деди жиззахлик Бахтиёр Ҳамроев.

Аснода Ўзбекистон бўйлаб автомобил йўлларнинг таъмирланиши учун жавобгар бўлган “Ўзавтойўл” давлат ҳиссадорлик жамияти ходимлари билан кун давомида боғланиш иложи бўлмади. Маълумотларга кўра, "Ўзавтойўл"нинг молиявий масалалар бўйича раис ўринбосари юрак хуружидан даволанмоқда.

Ўзбекистон Молия вазирлиги қошида тузилган Республика Йўл фонди автомобил йўлларнинг қурилиши, таъмирланишини молиялаштирувчи ташкилот бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, мазкур фонд йўл учун ажратилган молиявий маблағнинг қонуний ва мақсадга мувофиқ сарфланишини ҳам назорат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG