Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:00

Ўшда яна 5 ўзбек узоқ муддатга қамалди


Ўш шаҳар суди июн қирғини кунлари 33 ёшли Асқар Турусбеков ва 32 ёшли Сапар Эрмекбаевни ўлдирганликда айбланган беш нафар ўзбек йигитини узоқ муддатли қамоқ жазоcига ҳукм қилди.

- Бобур Омонов қотил сифатида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Умматулло Толипов қотилга ёрдамлашгани учун 25 йилга ҳукм қилинди. Судланувчи Нодир Солиев тергов пайтида айбини тан олгани ва терговга ёрдамлашгани ҳисобга олиниб, 22 йилга қамалди. Бобур Омоновнинг укаси Тоҳир Омонов эса фақат оммавий тартибсизликда қатнашганликда айбланмоқда. Шунинг учун у 5 йилга ҳукм қилинди. Қотилликни кўриб туриб, бу ҳақда ўз вақтида тегишли органларга хабар бермагани учун Элдиёр Рустамов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди, - деди судя Рамазон Қўжўмқулов.

Аввалги судларда бўлгани каби жабрланувчи тараф судни адолатсиз ҳукм чиқарганликда айблади. Жабрланувчиларга кўра, барча айбланувчилар ўлим жазосига ҳукм қилиниши лозим эди.

Айбланувчиларнинг адвокатлари аввалги судларда бўлгани каби ўз хавфсизликлари таъминланмаганини сабаб қилиб, бу сафар ҳам маҳкама жараёнида иштирок этмадилар.

Қирғиз миллий жамоатчилигининг асосий қисми Ўш қирғини юзасидан фақат ўзбеклар судланаётганини ва уларнинг узоқ муддатларга, жумладан, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинишини қўллаб-қувватлаётгани ҳамда Ўш қирғини юзасидан қирғиз миллатига мансуб одамларнинг жиноий жавобгарликка тортилмаётганини “энг адолатли бўлган табиий ҳолат” сифатида баҳолаётган бир пайтда Амнести Интэрнэшнл халқаро ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини адолатли судловни таъминлай олмаётганлигини танқид қилди.

Мазкур ташкилот ёйинлаган янги ҳисоботда айтилишича, терговчилар жиноятчиларни этник асосда, яъни фақат бир миллат ичидан қидирмоқда. Суд тизими эса жиноятларни бетараф, холис ва адолатли тарзда судлай олмаяпти. “Бунинг натижасида, - дейилади ҳисоботда, - кўплаб жиноятчиларнинг жазоланмай қолишига ва жабрланувчилар орасида норозиликлар пайдо бўлишига омил яратмоқда”.

Шунингдек, ҳисоботда Ўш қирғинида айбланиб қўлга олинганлар сони 271 киши экани, уларнинг асосий қисми ўзбеклар эканига ҳам диққат қаратилади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Амнести Интернэшнл халқаро ташкилоти хулосасига қўшиладилар. Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасуловага кўра, жиноятларда айбланиб қўлга олинганларнинг деярли барчасига қийноқлар қўлланилган, шунинг учун ҳам бу иқрорномалар шубҳалидир.

- 2009 йилда бизнинг ташкилотимиз 100 дан ортиқроқ қийноқ ҳолатларини рўйхатга олган. 2010 йил июнидан сўнг эса деярли ҳар куни қийноқлар ҳақида ўнлаб шикоятлар келмоқда, - деди Азиза Абдурасулова.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, қийноқлар асосан дастлабки тергов пайтида қўлланилаяпти:

- Қийноқларнинг 80 фоизи Ички ишлар вазирлиги ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлланилмоқда, - деди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Сумар Насиза ҳам Қирғизистонда қийноқлар мавжуд эканини, бироқ қийноқлар қўллаш ҳолатларини оммавий, деб бўлмаслигини айтади.

Айни пайтда Ўш қирғинида айбланиб судланаётган ўзбекларнинг асосий қисми маҳкама жараёнида ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилганини билдирмоқдалар. Бироқ судда бу судланувчиларнинг бу баёнотлари эътиборга олинмаётир.
XS
SM
MD
LG