Линклар

logo-print

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилганлар одатга кўра ўз муаммолари ҳақида гапиришди. Муаммоларнинг аксари эса, ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани билан боғлиқ. Сурхондарёдан қўнғироқ қилган тингловчимиз эса, кўз ёши қилмасдан, ҳар биримиз ҳақимиз учун курашайлик, дейди.

Чодак қишлоғи конида ўлган ишчининг ҳақини ким сўрайди
дейди Намангандан телефон қилган Набижон ота.

- Менинг гапим шундоқки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари 14 йилдан бери поймол қилиниб келади. “Ўзбекистон давлатида энг азиз инсонлар” деган шиоримиз бору, аммо амалда йўқ. Бир воқеани айтиб бераман. Қариндошим Чодак конининг шахтасида ўлиб қолган. Амалдорлар буни кўчада ўлган қилиб оформлят қилган. “Қинғир ишнинг қийиғи 40 йилдан кейин чиқади” деган мақол бор халқимизда. Мен буни билгандан кейин Ўзбекистон сенатори Фармонов Александр Қосимовичга 20 сентябрда мруожжат қилдим. Шуни қонуний текшириб, аниқлаб айбдорларни чора кўриш учун. Мана уч ой бўлаяпти у одамдан ҳеч қанақа жавоб йўқ. Пармалиқ тоғ металлургия комбинатининг бошлиғи у одам. Шуни Озодлик орқали шу одам эшитсаю, шу хатларга жавоб берса деган умидда мен Озодликка мурожаат қилаяпман. Ўзбекистонда инсонларнинг бир пуллик қадр-қиммати йўқ, дейди чодаклик Набижон ота.


Суд ва милиция назоратдан ҳолими
дейди суҳбатдош гапида давом этиб.

- Бундан 10 йил бурун Ўзбекистон олий суд пленумида инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қиладиган норматив ҳужжат қабул қилган булар. Бу ҳужжатга биноан оддий фуқаролар суд, прокурор, терговчи, милицияларнинг қилмишлари, қарорлари устидан ëзилган шикоятлар қабул қилинмасин деб. Мана шу нарсани мен ëзмаган жой қолмаган Ўзбекистонда. Охири президентни ҳам судга бердим, дейди Набижон ота.


Еримни тортиб олиб ўзимни қамаб қўйишди
дейди бир муддат қамоқда ўтиргач оқланиб чиққан Тошкент вилояти Бўка туманида фермерлик қиладиган Садриддин Алимов.

- Мен Бўкадан Алимов Садриддин. Тошкент вилояти, Бўка туманидан. Уч йил бўлаяпти мен битта фермер хўжалигига раҳбарлик қилардим. Фермер хўжаликнинг ерини прокурор билан ҳоким ноқонуний олиб қўйишиб, мени сохта айблов билан қамаб юборишди. Адолат топа олмай суд, прокуратура қилаяпмиз, ҳеч ким қулоқ солмаяпти. Мен тасдиқловчи ҳужжатларни бераяпман, ҳеч ким кўриб чиқиб ўрганмаяпти. Президентимизнинг 2005 йилги фармони бор. “Тадбиркор фермерларга ҳеч қайсинг аралашма. Суднинг қарорисиз тегмаларинг” деган. Уларга қулоқ солишмаяпти.

Озодлик: Сизнинг ерингизни олиб қўйишди-а?

- Ҳа. Менга ноҳақ айб қўйишди қалбаки ҳужжат қилгансан деган маънода. 2007 йилда қамаб юборишди. Кейин амнистия билан оқланиб чиқдик. Энди адолат тиклаш учун ҳеч имкон бўлмаяптида, дейди бўкалик фермер Садриддин Алимов.


Хайрулла Ҳамидов қачон қамоқдан чиқади
деб савол берди Тожикистоннинг Регар шаҳридан Ҳошимов Жамшидбек.

- Хайрулла Ҳамидов тўғрисида нима чиққан экан. Шу тўғрисида гаплашмоқчи эдик. Хайрулла Ҳамидовнинг дискларида бирор-бир экстремистик ғоялар йўқ. Одамларга яхшилик қилгани учун қамаганми, шу тўғрисида билмоқчи эдим. Ҳаммасини эшитганман. Ичида бирор экстремистик ғоялар йўқ. Ҳаммаси одамларни яхшиликка чорлаган. Шуни нима учун қамаганлиги тўғрисида сўрамоқчи эдим, дейди регарлик Жамшидбек.


Фермерни оëқ ости қилган қорақалпоғистонлик мулозимларнинг танобини ким тортади
деган саволни Ўзбекистон Омбудсменига қўйган тошкентлик юрист Рустам Қорабоев Озодликка гапиради.

- Қорақапоғистон республикасида Амударë деган туман бор. Шу туман ҳокими президентнинг қарорларини оëқости қилиб фермер хўжаликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни бузиб, ҳокимнинг ваколати бўлмасдан туриб фермер хўжалигини тугатишга фермер хўжаликларини ноқонуний тугатганлиги, планларни бажариб келаëтган бегуноҳ фермерларни оëқости қилаëтганлиги юзасидан мен 10 марталаб аризалар ëздим. Бу бўлиб ўтган ножўя ҳаракатларнинг устида Қорақалпоғистон республикаси прокуратура ходимларининг бевосита жиноий ҳаракатлари турибди. Кеча мен Омбудсменга ҳам кирдим. Фермер хўжаликларини ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳимоя қиламан мен. Мен ўшаларнинг адвокатиман. Манғит ҳокими Ражаббой Йўлдошев бир неча йиллардан буëн қонунга хилоф равишда президент фармонларини оëқости қилиб халқни талаш мақсадида 2004 йилдан фермер хўжалигини тугатган бу. Ваҳоланки ҳокимда фермер хўжалигини тугатиш учун ваколат йўқ. Қонун буни тақиқлайди. Фермер хўжалиги қачон тугатилади? Қонунда белгиланган тартибда агар планларни уч йил давомида бажармаса, банкротга учраса ëки ўзи ариза топширса, дейди тошкентлик юрист Рустам Қорабоев.


Кўз ëш қилмасдан ўз ҳуқуқимиз учун курашайлик
дейди жарқўрғонлик Ўрол ака Эркин микрофон дастурида чироқ йўқ деб зорланганларга қарата.

- Мен шахсий фикримни айтаман. Сурхондарë вилояти, Жарқўрғон туманидан Ўрол ака. 16 декабр куни эрталабки Эркин микрофон эшиттиришида ургутлик ўқитувчи Алишер деган киши ўз фикрини билдирди. Бу кишининг айтишича, электр энергияси жуда кам. Биринчи навбатда бировлардан қидирмасдан ўзимиз қилишимиз керакда. Ўзбекистонда салбий иллатлар ҳам мавжудда. Лекин шуни барҳам топтириш учун ҳар бир киши ўз ҳуқуқлари учун кураш олиб бориши керак деб ҳисоблайман. Шунинг учунн биз кураш олиб боришимиз керакда, дейди жарқўрғонлик Ўрол ака.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG