Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:47

AI: Қирғизистондаги ўзбеклар номутаносиб жазоланмоқда


Халқаро Амнистия ҳисоботи эълон қилинган айни кунда Ўшда яна беш ўзбек оғир жазога ҳукм қилинди.
Халқаро Амнистия ҳисоботи эълон қилинган айни кунда Ўшда яна беш ўзбек оғир жазога ҳукм қилинди.

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Amnesty International ташкилоти Бишкек ҳукуматининг июн ойида мамлакат жанубида рўй берган миллий асосдаги зўравонликлар айбдорларини топиб¸ жазолаш ҳаракатларини кескин танқид қилди.


16 декабр куни эълон қилинган янги ҳисоботида Amnesty International - Халқаро Амнистия ташкилоти Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг июн қирғини айбдорларини топиш баҳонасида бораëтган тергов-суд жараëнларида қирғиз расмийлари нишони бўлиб қолаëтганини танқид қилди.

“Чала ҳақиқат ва адолатсиз адолат: Қирғизистонда 2010 йил июнида рўй берган зўравонлик ортидан” деб номланган янги ҳисобот хулосалари қирғиндан кейин ўтган олти ойча вақт давомида миллий асосдаги ушбу зўравонликларга алоқадорликда айбланган одамлар устидан Қирғизистонда бўлиб ўтган суд мажлислари¸ чиқарилган ҳукмлар ва олиб борилган ва борилаëтган тергов жараëнларига асосланган.

Расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 400 дан ошиқ одам ўлдирилган¸ юзлаб одам жароҳатланган¸ минглаб уйларнинг кули кўкка совурилган июн қирғинидан жабр кўрганларнинг аксари¸ Халқаро Амнистия таъкидича¸ ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқароларидир.

Айни пайтда¸ ҳисоботда алоҳида қайд этилишича¸ июн қирғини билан боғлиқ айблар билан қамоққа олинган 271 шахснинг ҳам мутлақ аксарияти яна ўзбеклардир.

Халқаро Амнистиянинг Европа ва Марказий Осиë дастурлари директори Никола Дакворснинг Озодликка айтишича¸ бундай номутаносиблик¸ халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари учун хавотир манбаи бўлиб қолмоқда.

- Қирғизистон расмийлари ҳозиргача¸ июн зўравонликларида айбланиб қамоққа олинган ва жазога тортилганларнинг миллий мансублигига оид статистикани ошкор қилмаëтир. Аммо бизга айтишларича¸ июн ойидаги зўравонликлар давомида энг оғир жиноятларни қилганликда айбланаëтганларнинг мутлақ кўпчилиги ўзбеклардир.

Бошқа томондан¸ қирғиз расмийларининг ўзлари тақдим қилган статистикага кўра¸ июн қирғинида ўлдирилганнинг аксарияти ўзбеклардир. Шундай экан¸ соғлом ақл билан¸ миллий низо чоғида ўзбекларни ўлдирганларнинг қирғиз ëки бошқа миллатга мансуб эканини англаш қийин эмас. Бундай вазиятда зўравонлик учун яна ўзбекларнинг ўзини айблаш ва уларни таъқиб қилиш воқеликка номутаносибдир¸ дейди Никола Дакворс.

Халқаро Амнистия ташкилотининг 16 декабр кунги янги ҳисоботидаги хавотир ва танқидлар моҳиятига кўра¸ Ўш ва Жалолободдаги қирғин ва ундан кейин бораëтган тергов-суд амалиëтлари борасида бошқа халқаро ташкилотлар билдириб келаëтган эътирозларга уйқашдир.

Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари¸ июн қирғинида ҳам¸ ундан кейинги жараëнларда ҳам Ўш ва Жалолободдаги ўзбекларнинг адолатсиз тарзда Қирғизистон расмийлари нишонига айланганидан бонг уриб келмоқдалар.

Хусусан¸ янги ҳисоботда¸ оғир жиноятларда айбланаëтган ўзбекларга нисбатан ҳибсхонада қаттиқ қийноқлар қўлланилаëтгани¸ тутқунлар¸ улар яқинлари ва ҳимоячиларининг суд зали олдида¸ ҳатто суд залида¸ шундоққина қирғиз ҳакамлари кўз ўнгида калтакланаëтгани¸ июн қирғини учун асл жавобгарларнинг эса¸ миллий мансублик асосида¸ жазосиз қолаëтгани айтилади.

- Суд жараëнларининг адолатсиз ўтказилаëтгани¸ уларда воқеликка номутаносиб равишда асосан ўзбеклар нишонга олинаëтгани¸ июн ойидаги даҳшатли жиноятлар¸ хусусан бегуноҳ одамларни ўлдириб¸ минглаб уйларга ўт қўйганларнинг эса¸ жазосиз қолаëтгани ҳис қилинмоқда. Қирғиндан жабр кўрганлар орасида ўзларига нисбатан ниҳоятда кучли адолатсизлик бўлаëтганига оид ишонч кучайиб бормоқда¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Халқаро Амнистия расмийси Никола Дакворс.

Айни пайтда¸ ташкилот ҳисоботида жабрланганлар қўлида саноқсиз суратлар¸ аудио ва видео далиллар борлигига қарамай¸ Қирғизистон ҳуқуқ –адлия тизимларининг июн воқеаларида ҳукумат қуролли кучларининг ўзбекларни қирғин қилишда бевосита иштирок этганига оид айбловларни эътиборсиз қолдираëтгани ҳам ташвишга асос бўлаëтгани айтилади.

Халқаро Амнистия ҳисоботида таъкидланишича¸ Қирғизистонда ҳукм сураëтган қўрқув¸ ишончсизлик¸ миллий қутблашув¸ беқарорлик вазиятида ягона умид июн қирғинини тафтиш қилаëтган халқаро комиссиянинг воқеалар ва улар айбдорлари юзасидан ҳар томонлама¸ бетараф ва ишончли текширувни амалга оширишида қолди.

Халқаро Амнистия ҳисоботида келтирилган танқид ва эътирозларга муносабат билдирган Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманкулов Азаттиқ мухбири билан суҳбатда¸ бу айбловларнинг барини инкор қилди.

Бишкек расмийсига кўра¸ июн воқеалари бўйича бораëтган тергов ва суд жараëнларида кимнинг қайси миллатга мансублиги эмас¸ қилган жиноятига кўра жазо берилмоқда.

Айни пайтда¸ Бишкек расмийси¸ Ўш ва Жалолободда июн ойида амалга оширилган қирғиннинг атайлаб ўзбекларни бу ерлардан сиқиб чиқариш мақсадида уюштирилган режали фитна¸ геноцид ва миллий тозалаш экани ҳақидаги айбловларни ҳам¸ Қирғизистондаги барқарорликни кўра олмаëтганлар провокацияси деб баҳолади.
XS
SM
MD
LG