Линклар

Қайтар дунё

  • Сарвар Усмон

Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларида "Россия руслар учун!" шиори оcтида уюштирилган зўравонликлар кўплаб таҳлилчи ва журналистлар назарида Ўш воқеаларини эслатмоқда.

Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларида "Россия руслар учун!" шиори оcтида уюштирилган зўравонликлар кўплаб таҳлилчи ва журналистлар назарида Ўш воқеаларини эслатмоқда.

"Буни қара-я, шунчалик тез қайтадими? Ҳали бу – бошланиши. Ёқиб юборилган уйлар бадалига ўрмони ёнган эди..." Сайтхонларимиздан биридан келган шарҳ шундай бошланади. Гап Москвадаги воқеалар устида кетаётганини шу сатрларни ўқиётганларнинг ўндан тўққизи дарҳол тушуниб етгандир.


Тўғриси, кеча эрталаб мениям хаёлимга шу гап келувди. Бу гапнинг биринчи қисми ёздаёқ – ўрмонлар ёнганидаёқ келган.

Мана энди иккинчи қисми шууримни қитиқлаяпти.

"Ажаб бўпти", деяётганим йўқ – Худо сақласин!

Лекин келди-да. Келганини айтгим келяпти-да, нима қилай?!

Июн қирғини бошланганида ўшликлар Кремлдан ёрдам кутди. (Москвадан нажот кутиш қон-қонига сингиб кетган бўлса нима қилсин постсовет халқи?)

Оқ саройдан кўра (сиёсатни тушунади ўшлик), Кремлдан кутди ёрдамни.

Самимий сўрадими, самимий эмасми – ҳар ҳолда Роза эжа ҳам Кремлдан сўраганди ёрдамни.

Қирғин кунлари ўшлик ўзбеклар Москвада йиғилганида улар орасида бўлган космонавт Солижон ҳам Озодликка "Ёрдам масаласи ё бугун кечгача ёки эртага эрталаб ҳал бўлади", деганди Кремлнинг ёрдамини назарда тутиб.

Лекин бўлмади ёрдам. Кечгачаям. Эртасигаям. Индинигаям.

Кремль аралашмади. Чунки унинг манфаатлари бор минтақада, республикада.

Аралашиш ўша манфаатларига хизмат қилмайди.

(Шартнома-партнома, ҳужжат-пужжат деган гаплар - гап холос. Ўзига керак бўлса, манфаатига ётса Африкага бориб ҳам аралашиб юрган Россия бир вақтлар)

Россиянинг аралашмасликдан кўрадиган манфаатларини ҳозир санамоқчи эмасман.

Улардан бири сифатида бир оддий ўшлик йигитнинг "Россияга одам етишмаяпти-ю қирғизистонлик ўзбеклар кўчиб бориб деревняларини тиклаб беради, деб ўйлаяпти-да!" деганини эслайин ҳеч йўқ.

Ўш қирғинидан кўп ўтмай Россияга ўт кетди. Ўт ўчирувчилар шлангаларини йиғиштириб, уст-бошларини қоқиб бўлганидан кейин эълон қилинган рақамни эшитиб ёқамни ушлагандим.

Қирғизистон жанубида ёндирилган уйлар сони билан Россия қишлоқларида ўрмоннинг ўти туташиб ёниб кетган уйларнинг сони деярли бир хил эди. (Аввал бир блогимда ёзувдим бу ҳақда)

Мана энди, бугунга келиб Россиянинг титул миллати титул бўлмаган россияликларга ҳужум қилаяпти.

"Россия руслар учун!" эмиш.

Худди Қирғизистондагидай-а?!

Бундай аналогияни кеча москвалик журналист Ўрхон Жамол ҳам "Фарғона"да эълон қилган мақоласида келтирди.

Аналогияни мақоласининг сарлавҳасигаям чиқарди: "Москва Ўшга айланмоқда".

Москвадай мегаполис қаерда-ю унга солиштирса Ўшдай "қишлоқ" қаерда!

Лекин Ўрхон бу иккала аҳоли пунктида рўй берган ва бераётган воқеаларни қиёслар экан, масаланинг жуда нозик жиҳатларини жуда нозик илғаган.

Россияда ҳам, Қирғизистонда ҳам ҳукуматлар миллатчилар бошини силаганини, силаётганини изчил мантиқ билан кўрсатиб берган.

Июн воқеасигача маҳаллий сиёсатчилар "Қирғизистонни сақлаб қолишимиз керак, бу аҳволда давлатимиз тарқаб кетиб, давлатсиз қоламиз", деб бир-бирларини қўрқитишарди.

Ўш қирғинидан кейин бундай гапни айтмаган одам қолмади.

Лекин қирғизистонликлар қўрқмасаям, бир-бирини бундай ваҳималар билан қўрқитмасаям бўлаверади – Қирғизистон Қирғизистон бўйича қолаверади.

Ҳеч қаёққа кетмайдиям, тарқамайдиям.

Чунки Кремль бор. Тарқаттирмайди у. Қирғизларни яхши кўрганидан эмас. Бу юрт қанча заиф бўлса, жанжал қанча узоқ давом этса, Кремлга шунча яхши бўлганидан тарқаттирмайди.

Бу юртда тинчлик бўлмаса унинг қўшнилариям дўпписини мундоооқ қўйиб, бемалол яшолмаслигидан манфаат кўради Кремль.

(Дўппили қўшниларнинг ҳам манфаати кун ўтган сайин кўриниб қолаяпти-ки, бу масалага кейин алоҳида тўхталамиз)

Хўп, манфаати йўлида Россия ашаддий миллатчилик авжига чиққан Қирғизистонни сақлаб қолар экан. Буни билдик.

Лекин "Россия руслар учун!" шиорини кун тартибига чиқариб олган Россиянинг ўзини (Федерацияни!) эртага ким сақлаб қолади тарқалиб кетишдан?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG