Линклар

logo-print

Москвада миллатчилар "қўзғолони"да бир ўзбекистонлик ўлдирилди


"Кавказликлар" билан чиққан жанжалда ўлдирлгани айтилаётган футбол ишқибози учун рус миллатчилари рус бўлмаганлардан "қасос олмоқда".

"Кавказликлар" билан чиққан жанжалда ўлдирлгани айтилаётган футбол ишқибози учун рус миллатчилари рус бўлмаганлардан "қасос олмоқда".

16 дан 17 декабрга ўтар кечаси Москванинг Жанубий-Ғарбий округида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси пичоқлаб кетилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу жиноятни содир этган миллатчилардан бири қўлга олинганини айтмоқда.


Москванинг жануби-ғарбида жума кунга ўтар кечаси соат бирларда пойтахнинг Нахимовская проспектидан ўтиб кетаётган йўловчилар пичоқлаб кетилган 22 яшар Ўзбекистон фуқаросини кўриб қолди.

Нахимовская проспектидаги 11 уй ёнида топилган йигит шифохонага тез ёрдам машинасида жўнатилди, лекин етказилган жароҳатлар оқибатида тонгги соат еттиларда ҳаётдан кўз юмди, дея маълум қилди Озодликка мазкур иш бўйича дастлабки терговни ўтказган Зюзино тумани Ички ишлар бўлими криминал милицияси бошлиғи майор Дмитрий Слуханов.

- Биз вафот этган йигит ҳақида фақат бир нарсани биламиз, холос. “Тез ёрдам” машинасида у ўзининг исми шарифини айтишга улгурган. Исми Қаршиев Дамир, Ўзбекистон фуқароси экан. Шунингдек, вафот этган бу йигит маст ҳолатда бўлгани ҳам маълум бўлди. У ҳозирда шаҳарнинг №1 моргига номаълум шахс сифатида жўнатилди. Бу ҳодиса юзасидан “қотиллик” моддаси асосида жиноий иш қўзғатилди ва ҳозирда Жануби-Ғарбий округ прокуратурасига терговни давом эттириш учун топширилди.

Аммо мен расман терговнинг дастлабки натижаларини эълон қилишим мумкин: тахминларга кўра, бу жиноят 3 нафар москвалик томонидан миллий нафрат асосида содир этилган ва ҳозирда улардан бири Рязанская проспектида қўлга олинган. Унинг ёши 20да эканлиги ва тергов ишлари якунлангунига қадар исми ошкор этилмаслигини айтишим мумкин. Фурсатдан фойдаланиб, сиз орқали Москва милицияси ҳақида бўлаётган ножўя гапларни тўхтатишларини сўрайман: шаҳар милициясида ҳам оддий одамлар ишлайди, улар ўз ишини қўлидан келганича бажармоқда, дея қўшимча қилди криминал милиция терговчиси майор Дмитрий Слуханов.

Қаршиев Дамирнинг жасади қаерда эканлигини аниқлаш мақсадида №1 моргга қўнғироқ қилдик. Маълум бўлишича, чет-элликларнинг майитлари Москвадаги 10 рақамли Боткин ўликхонасига жўнатилар экан. Ниҳоят, марҳум Қаршиев Дамирнинг жасади Боткин ўликхонасида эканини аниқладик.

- Ҳа, Қаршиев шу ерда, 10-бўлимга жойлаштирилди. Уни фақат яқин қариндошлари ёки кўмишга руҳсат олганларгина олиб кетиши мумкин. Бунинг учун бевосита моргнинг ўзига мурожаат қилинсин, деди гўшакни кўтарган морг ходими.

Айни пайтда, Москванинг турли ҳудудларида миллатчи экстремистларнинг чет эл фуқароларига кўплаб ҳужум уюштиргани ҳақида хабарлар келмоқда. Жумладан, Москванинг жануби-ғарбида 17 декабрга ўтар кечаси 37 ёшли вьетнамлик бир гуруҳ номаълум кимсалар томонидан калтаклаб кетилган. У оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Озодлик шунингдек “Третьяковская” метро бекатида ўзбекистонлик 27 ёшли фуқарони калтаклаган 6 миллатчи қўлга олингани хабар қилинган эди.

Кавказликлар билан чиққан жанжалда ўлдирилгани айтилаётган “Спартак” футбол клуби ишқибози Егор Свиридов хотирасига бағишлаб 11 декабр куни ўтказилган футбол ишқибозлари ва миллатчи гуруҳларнинг Манежная майдонидаги намойишларидан кейин Россия пойтахти ва бошқа бир қатор минтақаларда миллатчилик кайфияти авж олиб бормоқда.

Хусусан, пайшанба куни Подмосковьенинг Солнечногорск шаҳрида бир тўда тажовузкор миллатчи ёшлар шаҳар кўчалари бўйлаб юриш қилди. Хабарларга кўра, миллатчи-шовинистик руҳдаги шиорларни қийқираётган бу гуруҳ Солнечногорск кўчаларидан юриш қилиб, рус бўлмаган барча миллат вакилларини калтаклаб ўтган.

Бу каби радикал ёшларнинг намойиши Москва яқинидаги яна бир шаҳар – Зеленоградда ҳам рўй берди. У ерда милиция томонидан 15 киши қўлга олинди.

Россия пойтахтининг айрим ҳудудларида милиция 17 декабр куни ҳам кучайтирилган режимда ишлади.

Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларида сони ошиб бораётган миллатчиларнинг ҳужумлари кўп кузатилаётгани боис Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг Россиядаги элчихоналари Москвада истиқомат қилаётган ватандошларини шаҳарда турли гуруҳлар ўтказаётган акциялар муносабати билан ҳар-хил иғволарга учмасликка ҳамда эҳтиёт бўлишга чақирди.

Москвада истиқомат қилаётган жалолободлик Ҳабибулло шаҳарда маҳаллийлар орасида миллатчилик кайфияти сезиларли даражада ошиб бораёгани ва миллатчиларнинг рус бўлмаганлар билан бўлаётган тўқнашувлари аслида расмийлар келтираётган рақамлардан кўпроқ эканлигини айтади.

- Ҳозир ҳамма бири-бирига “Эҳтиёт бўлиб юр, кўчага чиқма!”, деган гапларни айтяпти. Кеча бизникига бир меҳмон бола келди. Уни ва яна бир дўстини йигирматача руслар муштлашибди-да, Тургеневский метросида. Булар ўзбек йигитлари бўлган, ташланганлар фақат руслар.

Озодлик: Янги йилни шу ерда кутадиган бўляпсизми? Қайтиш ният йўқми?

- Ҳа шу ерда кутамиз. У ёққа бориш ният йўқ. Биринчидан, ишлашим керак озгина. Менинг ҳам планларим бор эди, уйларни битиришим керак - кеч қоляпман. Иккинчидан, шу тарафдан болларимдан чўчияпман-да. Болаларимни бу ёққа олиб келиб олганман. Бир қизим, бир ўғлим, аёлим шу ерда. Мен ҳам шуни айтяпман: Қирғизистондан бу ерга келиб олганмиз... Бу ерда ҳам мана шунақа қилаётган бўлса биз қаерга борамиз, деб турибман, дейди жалолободлик Ҳабибулло.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG