Линклар

Қирғизистонда парламент спикери сайланди


Акматбек Келдибеков спикерлик лавозимига сайловда кўпчилик овоз олди.

Акматбек Келдибеков спикерлик лавозимига сайловда кўпчилик овоз олди.

Қирғизистон парламентида янги коалиция тузилди. Бундан аввал Социал демократлар, “Ата мекен” ва “Республика” партиялари ташкил этган коалиция бир кун умр кўриб, тарқаб кетган эди. Иккинчи коалиция эса Қирғизистонни парламент республикасига айлантириш ғоясини 20 йил олға суриб келган “Ата мекен” партияси иштирокисиз тузилди.


Қирғизистон парламентининг 17 декабрдаги йиғилишида “Республика” партияси раҳбари Ўмурбек Бабанов ҳукмрон коалиция ташкил этилганини эълон қилди:

- Биз уч фракция, 77 депутатдан иборат “Бирдамлик ва тараққиёт” деб аталган коалицияни ташкил этдик. Коалиция “Республика”, Социал демократлар ва “Ата журт” партияларининг парламентдаги фракцияларидан таркиб топди. Коалиция қарори билан парламент раислигига “Ата журт” партияси раҳбари Акматбек Келдибеков, Бош вазир лавозимига эса Социал демкоратлар раҳбари Алмаз Атамбаев номзоди кўрсатилади, -деб билдирди Ўмурбек Бабанов.

Айтиб ўтиш лозимки, биринчи бор коалиция тузиш ваколатини президент Ўтунбаева Социал демократлар партиясига топширган эди. Ўшанда Социал демократлар, “Ата мекен” ва “Республика” партияларидан ташкил топган коалиция бир кунда тарқаб кетган эди. Бунга парламент спикери лавозимига номзоди кўрсатилган “Ата мекен” партияси раҳбари Ўмурбек Текебаев кўпчилик депутатларнинг овозини ололмагани ва оқибатда спикерлик лавозимига сайланмай қолгани сабаб бўлган эди.

Парламент сайловларидан икки ойдан кўпроқ вақт ўтгач ташкил этилган ҳозирги коалицияда эса демократик ғоялар учун 20 йилдан бери курашиб келган “Ата мекен” партияси ўрнини бакиевчилар ва миллатчилардан иборат экани айтиладиган “Ата журт” партияси эгаллади.

Яширин овоз беришдан сўнг “Ата журт” партияси раҳбари Акматбек Келдибеков спикерлик лавозимига сайланди.

- Депутат Акматбек Келдибеков Қирғизистон Жогорку кенеши раисини сайлаш юзасидан ўтказилган яширин овоз беришда 119 депутатдан 101тасининг овозини олиб, спикерлик лавозимига сайланди, -деб эълон қилди сайлов комиссияси раҳбари Қамчибек Ташиев.

Таҳлилчилар фикрича, “Ата журт” партияси раисининг парламент спикерлиги лавозимига сайланиши Қирғизистондаги миллий озчиликлар ва қирғиз демократик жамоатчилигини ташвишга солмай қўймайди. Чунки мазкур партия бакиевчилар ва миллатчилардан иборат экани айтилиб келинади. Шунинг учун ҳам тез орада мазкур тайинлов ортидан жамоатчиликнинг норозилик чиқишлари бошланиши мумкин.

Бироқ бошқа таҳлилчилар демкоратия ғояларини олға сурувчи “Республика” ва Социал демократлар партияси “Ата журт”нинг парламентда “тўғри йўлдан оғишига” йўл қўймаслигини ҳам билдирмоқдалар.

Бу ҳақда Бош вазир лавозимга номзоди кўрсатилган Социал демократлар раҳбари Алмазбек Атамбаев ҳам шаъма қилиб ўтди.

- Ҳурматли депутатлар! Биз ташкил этмоқчи бўлган ҳукумат оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлари билан теран ҳамкорлик қилади. Биз инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, сўз ва матбуот эркинлиги чекланишига асло йўл қўймаймиз. Эркин матбуот ва фуқаролик жамияти бизнинг ютуғимиздир. Мамлакатнинг тараққиёти мана шу омилларга боғлиқ, -деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда парламентда ҳукумат таркиби қандай бўлиши лозимлиги муҳокама қилинмоқда. Шундан сўнггина Бош вазирни сайлаш жараёни бошланади. Агар Бош вазирликка номзоди кўрсатилган Алмазбек Атамбаев депутатларнинг кўпчилик овозини ололмаса, мавжуд коалиция яна тарқатиб юборилиши мумкин.

Айтиб ўтиш жоизки, ҳукмрон коалиция тузилиши билан бу коалиция таркибига киришдан бош тортган “Ата макон” ва “Ар намис” партиялари мухолифат сифатида эътироф этилади. Парламент раиси ўринбосарлари лавозимларини мухолифат вакиллари эгаллайдилар ва мухолиф блок парламентдаги бюджет ҳамда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қўмиталарини бошқаради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG