Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

Ўзбекистон ўз "Силикон водийси"ни ярата оладими?


Осиë ширкатлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон юқори технологиялар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.
Осиë ширкатлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон юқори технологиялар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.

Ўзбекистон ҳукумати Навоийдаги эркин иқтисодий зона ҳудудида ташкил этилаëтган “Силикон водийси”ни кенгайтирмоқчи - 2011 йилдан бошлаб Хитой ва Жанубий Корея сармоядорлари билан ҳамкорликда Classmate компютерлари¸ LCD мониторлар ва GSM стандартидаги мобил телефонлар ишлаб чиқаришни бошламоқчи.



Podrobno.uz ахборот-таҳлилий нашрининг “Узэлтехсаноат” компаниясига асосланиб ëзишича¸ айни кунларда мазкур ширкат эҳтимолий сармоядорлар билан умумий қиммати 15 миллион доллар бўлган қўшма лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Ушбу қўшма корхона ишга тушган тақдирда¸ йилига 1 миллион дона GSM 800¸ 900 ва 1800 стандартидаги мобил телефонлари ишлаб чиқарилиши мумкин.

Экспертлар ҳисоб-китобига кўра¸ Ўзбекистон ички бозоридаги мобил телефонга нисбатан эҳтиëж йилига 5 миллион донани ташкил қилади.

Навоийда ишга туширилиши кўзда тутилаëтган бу лойиҳа билан айни пайтда¸ 2011 йил давомида йилига 50 минг дона LCD монитор ишлаб чиқарувчи янги заводнинг ишга туширилиши режаланмоқда. Умум қиммати 7 миллион долларлик бу лойиҳанинг 5 миллион долларини¸ айтилишича¸ Жанубий Корея сармоядорлари ўз зиммасига олмоқда.

Айни манбанинг хабар қилишича¸ 2011 йилнинг феврал ойидан бошлаб Хитой компаниялари билан ҳамкорликда Intel технологияси асосидаги Classmate PC шахсий компютерларининг дастлабки 500 дона синов нусхаси ҳам ишлаб чиқарилади.

Тошкент ҳукумати “Ўзбекистон 21-асрнинг рақамли форматида” деб номланган халқаро лойиҳага кўра¸ мамлакатдаги мактабларни арзон компютерлар билан таъминлашни режаламоқда.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ расмийси¸ ҳозирда Қозоғистондаги Евроосиë университетининг Иқтисодиëт факултети декани Сапарбой Жубаев Тошкент ҳукуматининг мамлакатда “Силикон водийси” яратиш уринишлари¸ хусусан юқори технологиялар ишлаб чиқариш лойиҳаларини умумиятла олқишга лойиқ¸ дея баҳолайди.

- Бу янги инвестиция бўлиб, янги инновацион товарларни чиқариш бўлади. Бу жуда яхши. Бу янги иш жойлари бўлади, Ўзбекистондаги имкониятларни¸ яъни Совет иттифоқидан қолган имкониятларни қайтадан вужудга келтириш бўлади. Ўзбекистон Ўрта Осиë давлатлари ичида электрон ишлаб чиқариш томонидан жуда ривожланган давлат эди Совет иттифоқида. Эсингизда бўлса, Фотон деган заводлар бор эди, Электроаппарат деган заводлар бор эди. Улар шунақа мураккаб нарсаларни чиқарар эди. Авиацион заводни айтмасак ҳам бўлади. Булар юқори технологияли ишлаб чиқариш эди¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Айни пайтда¸ иқтисодчига кўра¸ Ўзбекистонда юқори технологиялар ишлаб чиқариш жараëнида хориж ширкатларининг етакчилик қилиши билан боғлиқ хавотирли жиҳатлар ҳам йўқ эмас.

- Ҳозир Асакадаги автомобил заводида 30-40 фоизгача ўзимизда чиқаришга ҳаракат қилиб, лекин барибир асосий жиддий қисмларини четдан олиб келаяпмиз. Инновацион ишлаб чиқариш, мураккаб нарсани ҳам ўзимизда чиқаришимиз керак. Минг афсуски, шу нарсаларни амалга ошириш ҳозирча қўлдан келмаяпти. Мобил телефонларни, компютерларни, мониторларни чиқарганда ҳам ўзимизда ишлаб чиқарадиган юқори технологияли ишлаб чиқаришларни уюштириш масаласини ҳалигача эслай олмасак керак¸ деб ўйлайман.

Хитойдан келган, Кореядан келган тайëр қисмларни йиғиб чиқариш бу жуда олдинга кетган ҳодиса эмас. Аввал айтганимдек¸ йўқдан кўра яхши нарса, лекин ривожланган давлатларнинг технологиясига қарам бўлиб қоламиз. Улар қанақа ўзгартирса, биз ҳам шунақа ўзгартирамиз, нима деса шуни бажаришга, уларнинг технологиясини, уларнинг менежментини, уларнинг бутловчи қисмларини ишлатишга мажбур бўламиз¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистонда юқори технологиялар ишлаб чиқариш учун ҳам интеллектуал потенциал¸ ҳам тадбиркорлик истиқболи мавжудлигини таъкидлай туриб суҳбатдошимиз¸ бундай лойиҳаларни хусусий ширкатлар эмас¸ балки давлатнинг ўзи амалга ошираëтгани улар келажагига соя солишини айтади.

- Янги инновацион технологиялар ишлаб чиқаришни давлатнинг ўзи аралашмасдан ҳам йўлга қўйса бўларди. Ўзбекистоннинг тадбиркорлари бу нарсани олдиндан ўйлаб, шу нарсани қилишга ҳаракат қилиши керак эди. Бизда ҳамма нарсада давлат реформатор деб, иқтисоддаги ҳамма нарса давлат қўлида, бу нарса узоққа бормайди.

Агар конвертация эркин бўлиб, эркин ишлаб чиқаришга, эркин тадбиркорликка имкон берса, бу ишларни тадбиркорларнинг ўзлари қилади. Минг афсуски, Ўзбекистонда давлат қўлига оладида, бир муаммо чиқиб қолса, шу нарса тўхтаб қолади. Жуда кўп шунақа мисоллар бор. Шуни эркинлаштириш керак. Буни тадбиркорлар қилиши керак. Чет элдан инвесторларнинг ўзлари келиши керак¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Озодлик билан суҳбатда.

Аммо мустақил кузатувчилар¸ Ўзбекистонда чуқур илдиз отган коррупция¸ хусусан бу коррупциянинг сиëсий тус олгани¸ сердаромад соҳалар барчасининг бир гуруҳ корчалонлар монополиясига айлангани хусусий тадбиркорлар фаолиятини фалаж қилиш баробарида¸ хориж сармоядорларини ҳам чўчитаëтганини айтиб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG