Линклар

logo-print

18 декабр –Халқаро муҳожирлар куни. Женевадаги Халқаро миграция ташкилоти шу муносабат билан эълон қилган ҳисоботида меҳнат муҳожирлигининг фойдаси, меҳнат муҳожирлари юбораётган пул-маблағлар улар ишлаётган жамиятларга ҳам оила, бола-чақалари қолган ўз мамлакатларига ҳам фойда келтиришини урғулади.

Йилига миллионлаб одам мўмай пул топиш ва яхши ҳаёт илинжида чегаралар оша хорижга йўл олади.

Бу билан улар нафақат ўзи ёки оиласи равнақи учун хизмат қиляпти, балки ўзлари келган мамлакат ва қабул қилиб олувчи давлат иқтисодиётини ҳам қўллаб-қувватлаяпти.

Андижонлик Анвар ака шуларнинг бири. Асли каби электрик бўлган 49 яшар Анвар ака Москвада ҳайдовчилик қилиб Ўзбекистонда қолган оиласини боқаяпти, фарзандларини ўқитаяпти.

- Москвада ҳайдовчилик қиламан. Ўзимизда иш жойларини етишмаслиги, иш бўлса ҳам маош кам бўлгани учун шу ерга келиб ишлаяпман. Шу ерда ишлаб уйдаги баъзи муаммоларни ҳал қиламиз. Масалан, ўғлим тиббиёт институтида "контракт" да ўқийди. Ўғлимни ўқитишлик учун шу ерда юрибман. Уйда контракт пулини тўлаш имконияти йўқ. Ўзбекистонда бирон жойда ишласам тирикчиликка зўрға етиши мумкин. Етгандаям ундан орттириб контракт тўлай олмайман. Уй солиш учун, иморат солиш учун ҳам пул орттириб бўлмайди. Оилада биттаси касал бўлиб қолса, унгаям етмайди. Дори-дармон қиммат.

Фарзандларни оёққа турғизишлик учун шу ерда ишлаяпмиз-да. Мен мана шу ерда қийналиб юрибман, лекин ўғлимни ўқитсам, яхши врач бўлса нони бутун бўлиб қолади. Халққа кўпроқ фойдаси тегади. Ишсиз қолмайди. Коллежларда болалар ўқияпти. Лекин уларга иш йўқ. Энди мухожирликни бўйнимизга олиб, ўғилчани тиббиёт институтда ўқитяпмиз-да, - дейди Анвар ака.

Бугунги кунда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг энг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этади.

Улар ўз мамлакатига пул жўнатиш бўйича собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатларидан келган мухожир ишчилардан анча ўзиб кетган.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, ўзбек мухожирлари тарафидан жорий йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистонга пул жўнатиш тизими орқали саккиз юз миллион доллардан ортиқ пул жўнатилган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра¸ миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатилаётган бу пуллар Ўзбекистон иқтисодиётининг 20 фоизини ташкил этиши мумкин.

- Ҳар ой Ўзбекистонга пул кетяпти, Худога шукур. Топганимиз шу оилавий камчиликларимизни тўғирлаймиз. Ёш ўтяпти. Ҳозир ёшмиз. Ёшлишимизда кучни борида уй-жойларни яхшилаб, бола-чақани яхши ўқитиб, яхши кийинтириб, ўзимизга ўхшаб бирон нарсадан кам қилмасдан яхши жойларда ўқитиш учун ҳаракат қилиб, мана шу ердарда пул топаяпмиз энди, - дейди Россиянинг жанубий вилоятларидан бирида сувоқчилик қилаётган қашқадарёлик Одилбек.

Меҳнат муҳожирлари маҳаллий аҳоли бажаришни хоҳламаган, маоши кам ишларга рози бўлиб, уйларига пул жўнатади. Бу билан улар нафақат ўзи ёки оиласи равнақи учун хизмат қиляпти, балки ўзлари келган мамлакат ва қабул қилиб олувчи давлат иқтисодиётини ҳам қўллаб-қувватлаяпти.

Женевадаги Халқаро миграция ташкилоти вакили Жан-Филип Шаузи фикрича, меҳнат муҳожирлиги тараққиёт ғилдирагидир ва буни муҳожирларни қабул қилувчи давлатлар ҳам¸ юборувчи давлатлар ҳам идрок этишлари керак.

- Ташкилотимиз халқаро миграция куни муносабати билан меҳнат муҳожирлигининг фойдаси, меҳнат муҳожирлари юбораётган пул-маблағлар улар ишлаётган жамиятларга ҳам оила, бола - чақалари қолган ўз мамлакатларига ҳам фойда келтиришини урғуламоқчимиз. Лекин айрим давлатларда муҳожирларга нисбатан ёт қараш, камситишлар бўлади. Аслида муҳожирларга ишчи кучлари ўртасидаги бўшлиқни тўлдирувчилар сифатида қараш керак, - дейди Халқаро миграция ташкилоти вакили.

Россия пойтахтида жорий йил муҳожирларнинг айрим транспорт воситаларида рулга ўтиришлари ман этиб қўйилган ва бу муҳожирларга қўйилган кўплаб чекловларнинг бири. Лекин шунга қарамай, андижонлик Анвар ака Москвада ҳайдовчиликни давом эттирмоқда.

- Маршрут, автобусларни фақат маҳаллий ҳайдовчилар ҳайдасин деган талаб бўлди. Бу бир марта синаб кўрилди, ўхшамади. Чунки автобусда ишлаш бошқа ишлардан жуда ҳам қийин. Саҳар 3-4да туриш керак. Қишни кунида 3-4да туриб автобусни линияга олиб чиқиш анча меҳнат талаб қилади. Кейин кечқурун 12гача ишлаш керак. Энди бу ерни аҳолисини кўпчилиги ичкиликка кўп берилгани учун, бир ичса эртасига ишга чиқа олмайди. Мажбур бўлишди яна ўзбекларни қайтаришга. Ҳозир мана линияларда ўзбеклар ишлаяпти. Бу ерни халқи бунақа меҳнатга чидамайди. Бизни ўзбеклар эса ишлаш учун, пул топиш учун бу ерга келган-да. Айтган вақтда йўлга чиқади, айтган вақтда келади. Бу ерда иш берувчилар ҳам мухожирларга беради ишни барибир. Муҳожирлар ишни юракдан қилади-да, - дейди Анвар ака.

Бугунги кунда ер юзида ички мигрантларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда қарийб бир миллиард муҳожир қайд этилган. Яъни ҳар беш одамнинг бири муҳожирдир.

- Рақамларга қарайдиган бўлсак, ҳозир 214 миллион ташқи меҳнат муҳожири бор ва бу рақам кўпайшда давом этмоқда. Дунёда муҳожирлар сони шу зайлда ортишда давом этса 2050 йилга бориб улар сони тўрт юз миллиондан ортиб кетиши мумкин. Бунга сабаб саноати ривожланган мамлакатлар аҳолиси келаси 30 йил мобайнида 25 фоизга камайиши мумкинлигидадир. Бу четдан келувчи мухожир ишчиларга талабни оширади.

Бундан ташқари мамлакат ичида ҳаракатланувчи ички мухожирлик ҳам бор, улар сони 700 миллиондан ортади. Шундай экан бугун дунёда муҳожир ишчилар сони бир миллиард атрофида, деб дадил айта оламиз. Бу дегани жаҳонда ҳар беш одамнинг бири муҳожир ишчидир, - дейди Женевадаги Халқаро миграция ташкилоти вакили Жан-Филип Шаузи.

Муҳожирлик жамиятларга қанчалик фойда келтириши айтилмасин Россияда меҳнат қилаётган Одилбек муҳожирликни ўз фарзандларига раво кўрмайди. Фарзандларим мен каби оиладан узоқда сарсон бўлиб ишлаб юрмасин деб, бу ерда топган пулимни уларни уқишига сарфлаяпман, - дейди у.
XS
SM
MD
LG