Линклар

Минскдаги мухолифат намойиши тарқатилди


Минскдаги норозилик намойиши чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўнлаб кишиларни ҳибсга олгани айтилмоқда.

Минскдаги норозилик намойиши чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўнлаб кишиларни ҳибсга олгани айтилмоқда.

Беларус милицияси Минск марказидаги намойишни тарқатди, мухолифатнинг бир қанча аъзоси ҳибсга олинди. Якшанба куни бу мамлакатда якунланган президентлик сайлови натижалари, овоз беришдаги сохтакорликлардан норози минглаб одам Минск кўчаларига чиққан эди.

Президент Лукашенко Минск марказида оммавий намойишлар ўтказишига йўл қўймаслигини айтган эса-да, сайлов участкалари ёпилиши билан шаҳарнинг Октябр ва Мустақиллик майдони намойишчиларга тўлди.

Озодликнинг Минскдаги мухбирига кўра, намойишга 10 мингдан зиёд одам чиққан. Уларни тарқатиш чоғида мамлакат хавфсизлик кучлари ўнлаб одамни ҳибс этди.



Мухолифат етакчиси Владимир Некляевнинг рафиқаси Олга Некляй хавфсизлик кучлари ва норозилар билан тўқнашувда эрини милиция калтаклаганини айтди. Хабарларга кўра, Владимир Некляев ҳозир касалхонада.

Беларус раҳбари Александр Лукашенко Минск марказида оммавий намойишларни режалаган мухолифатни қаттиқ огоҳлантирган эди.

- Норозилик тарафдорларини нималар кутаётганини билмоқчи бўлсангиз, қонунларимизни ўқинг, ҳаммаси қонунда белгилангани каби бўлади, хавфсизлик ҳам шу асосда таъминланади. Хавотир олманг, майдонга бугун ҳеч ким чиқмайди, - деган эди Лукашенко.



Беларусдаги сайловда жорий президент Александр Лукашенкога қарши 9 номзод курашди.

Бир пайтлар мамлакат ташқи ишлар вазири муовини лавозимида ишлаган Андрей Санников мухолиф номзодлардан бири.

- Марказий сайлов комиссияси овоз бериш натижаларини Лукашенко фойдасига эълон қилиши аниқ. Сайловда бунақа сонда муқобил номзодлар қатнашар экан, нормал давлатлардаги каби сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши керак. Агар бугун Лукашенко 50 фоиздан кўп овоз тўплагани эълон қилинса, иккинчи босқич бўлмайди, бу сайлов натижалари сохталигини англатади. Биз бунга норозилигимизни билдирамиз, - деган эди Санников.

Мамлакатни 17 йилдан буён идора этаётган ва тўртинчи муддат учун номзодини илгари сурган президент Лукашенко овозлар сохталаштирилгани ҳақидаги иддаоларни рад этди ва мухолифат мағлуб бўлганини эълон қилди.

Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 90 фоизи қатнашгани билдирилди.
XS
SM
MD
LG