Линклар

Самарқанд вилоятида 2008-2010 йиллар оралиғида 1391 нафар амалдор турли жиноятлар¸ хусусан порахўрликда айбланиб жазога тортилди. Самарқандда қилган чиқишида Ислом Каримов шундай рақамларни келтирди.



Самарқанд вилояти Халқ депутатлари кенгашининг 17 декабр кунги навбатдан ташқари 7-сессиясида қилган чиқишида президент келтирган рақамларга кўра¸ кейинги икки йил ичида¸ хусусан вилоят Ички ишлар бошқармасининг 83 вакили ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар учун жазога тортилган.

Шунингдек, президент Каримов ўз чиқишида кейинги йил ичида ички ишлар идораларининг 21 ходими, прокуратура ва суд органларининг 6 ходими порахўрликда айбланиб, жазога тортилганини таъкидлади.

Самарқанд вилоятида 2010 йил ичида кузатилган қама-қамалар моҳиятига Озодлик билан суҳбатда вилоятда истиқомат қилувчи ҳуқуқ фаоли Маматқул Мухторов ойдинлик киритишга уринади.

- Ички ишлардан 21та жиноий иш очилган¸ милиция ходимларига пора олганлиги учун. Бир йилда 21та. Ҳокимлардан Иштихон тумани, ўзимизнинг Самарқанд тумани, уларнинг ҳаммаси алоҳида-алоҳида қамалиб кетди жиноий жавобгар қилиниб.

Озодлик: Кимлар энди?

- Ҳусенов Шерали Ëрлиевич шаҳар ҳокимининг муовини эди. 1000 дан зиëд қарор сотган. Ҳар қайси уйларга қарор чиқариб берганда, ясама қарорлар. Шунинг учун 11 йилга қамалиб кетди у одам. Ислом Каримовнинг ўзи чиқиб айтиб кетдиларки, қайси туманга ҳоким бўлганлар бўлса, ҳаммаси жиноий жавобгар қилинди деб, лекин ҳаммасини айтмади. Хотин-қизлар қўмитаси бор эди Шодиева деган. 5000 доллар олиб у киши ҳам қамалиб кетди.

Озодлик: Нима муносабат билан бошланиб кетди бу қама-қамалар?

- СНБ ҳаммасини ушладида, пора билан ушлади кўпларини. Пора бериб ушлаб қамади ҳаммасини. Ҳаммаси милиция ходимлари. Терговчилардан учтаси.

Озодлик: Нимага айнан бу йил бўлди? Улар фақат бу йил пора олишганмиди?

- Булар аввалдан олиб келгану, шу бу йил задание берилганда текширинглар деб. Барноевни ишдан олиш учун текшириш керакку. Қўлга тушди. Ҳали яна қўлга тушадигани кўп буларнинг. Шундай кўп бўлдию ҳаммасини юзаки айтиб кетдида. Барноевни ишдан олдию ўрнига Зоир Тоирович Мирзаев деган киши бор эди. Аввал ҳокимиятда ишлаган у киши ҳам. 2008 йилдан 2010 йилгача ишлади у ҳам.

Озодлик: Ким ўзи бу киши?

- Бу киши аввал Самарқанд вилояти ҳокимиятида ишлаган киши. Аъзамхон Баҳромов билан бирга 8 йил ишлади. Кейин бу киши Жомбойга ҳоким бўлган эди. Жомбойдан олиб Самарқанд шаҳрига икки йил ҳоким қилиб қўйдида, энди ҳозир вилоят ҳокими бўлиб ишлаяпти. Зоир Тоирович дегани жуда ваҳший одам ўзи. Жуда ҳам одати ëмон. Халқни уради, сўкади. Шунақа одати бор. 2800 та магазин, дўкон, уйларнинг бирортасига пул бермасдан, товон бермасдан мажбурий буздириб ташлади. Яна телевизорга чиқиб ўзини кўрсатиб айтаяптики, ноқонуний қурилган шунча иморатларни буздириб ташладик¸ деяпти. Келиб-келиб шуни қўйишди, ҳайрон қоласиз. “Мана шуни тавсия қиламан. Мана шуни қўямиз” деб Ислом Каримов айтгани учун ҳамма қарсак чалиб, шуни қабул қилиб олди.

Озодлик: Ўзи қаерлик бу киши?

- Жомбойдан. Отаси колхозга 20 йиллар раис бўлган. Жомбойнинг ўзида катта ресторанлар қуриб олган у киши. "Ниҳол" деган рестроранлар қуриб олган. Жиянлари ишлаб ëтибди.

Озодлик: Ўктам Барноев қанақа эди?

- Ўктам Барноевга беш марта компютерга ëздириб “қабулингизга қабул қилинг” деб бордим. Бирор марта қабул қилмади. Бир ўтирганда 50 киши “Нима учун қабул кунингизда бизларни қабул қилмайсиз?” деб ариза ëздик. У одам вақтинча қўйилган экан, индамай юрди. Бирор кишига гапирган ҳам эмас, иш ҳам қилган эмас.

Озодлик: Ўтган йилда ҳам бир борганда Каримов Барноевни танқид қилиб келган эди-а?

- Бир-икки марта танқид қилди бу кишини. Лекин чора кўргани йўқ эди. Бу сафар срочно келиб, ишдан бўшатиб ўрнига бошқа кишини тайинлаб кетди.

Озодлик: Нимага бунақа ўзгаришлар бўлди экан? Зоир Мирзаевни бу ерга қўйишдан мақсад нима?

- Зоир Тоирович ўзи ўзбек. Бизда Мирзиëев ишлаган эдику. Мирзиëев билан жуда яхши жўра эди бу киши. Оқибати яхши одамлар эди. Депутатлардан беш-олти киши қўл кўтарди фақат. Қолгани қўл ҳам кўтармади. Телевизордан қараб ўтирдик. “Самарқанд вилоятига ҳоким бўлиб сайланди. Қўл кўтаринглар” деган эди, тўрт-беш депутат қўл кўтарди, қолгани кўтармади ҳам.

Озодлик: Аниқ шунақа бўлдими?

- Улар энди қарсак чалиб бирортаси қўл кўтармади. Мажбурий қўйиб кетдида буни. Энди бир йил, ярим йил ўтгандан кейин уни ҳам олиб қамашадими¸ ким билади. Булар “буни қўйсак яхши бўлади” деб ўйлайди. Ҳозир бизнинг Самарқандда 14та янги иморат қурилди. Кўчадан қарасангиз, ойнадай кўринади, жуда яхши. Оқшомлари лампочка ëқиб жуда чиройли қилиб қўйишган. Орқасидан бориб қарасангиз, ҳамма жойи бузилиб ëтибди.

Озодлик: Ҳали битмаган денг.

- Йўқ, бирортаси битмаган. Кўчага қараган томонини чиройли қилиб ойнадай қилиб кўрсатади. Минглаб чинорларни кесиб ташлади Каримов келишига. Ўрнига икки метрлик каштан дарахтини экди. Уч ой тургандан кейин улар қуриб қолди. Ҳозир бошқатдан кавлаб бошқатдан экаяпти. Бу келтирилган дарахтлар бизнинг Самарқандда кўкармайди. Бизда телевизорда эрталабдан кечгача концерт қўйиб мақтайди. Бозорларни бузиб ташлаган. Бозоримиз бор бизларнинг, янги бозор. Ҳоким “Бу ерни бузамиз. Кўчинглар. Ҳамма нарсангизни олинглар” деди. Ҳеч ким олмади. Беш-олти кун ўтгандан кетйин ҳаммасига олов қўйиб юборди, ëниб кетди. Одамлар дод деб судда юрибди. Суд қилмайди буларни. “Бизлар билмаймиз, товон тўламаймиз” дейди¸ дея Самарқанддаги бугунги вазиятни тасвирлайди ҳуқуқ фаоли Маматқул Мухторов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG