Линклар

Каримов ўқитувчиларга маслаҳат берди

  • Садриддин Ашур

Дунëда компютер технологияси катта тезлик билан ривожланиб бораëтган бир кезда¸ Ўзбекистон қишлоқларида электр энергияси муаммолигича қолмоқда.

Дунëда компютер технологияси катта тезлик билан ривожланиб бораëтган бир кезда¸ Ўзбекистон қишлоқларида электр энергияси муаммолигича қолмоқда.

Ўзбекистон президенти¸ ўқитувчиларни инглиз тилини ўрганиб¸ интернетдан фаол фойдаланишга чақирди. Бундай чақириққа муносабат билдирган ўқитувчилар эса¸ президентга мамлакат вилоятларидаги электр таъминоти аҳволи билан бир қизиқиб кўришни тавсия қилдилар.


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 17 декабр куни Самарқанд вилояти кенгашининг 7-сессиясида қилган чиқишида ўзбекистонлик ўқитувчиларни ҳали ҳам интернет тармоғидан фойдаланмай, эски қолипда иш кўраётганлиги учун танқид қилди.

Президент интернетни ёруғ келажак сифатида баҳолар экан, ўқувчиларга интернетдан фойдаланишни ўргатиш бугунги давр тақозоси эканлигини таъкидлади.

Президент Ислом каримов Самарқандда қилган чиқишида, ўқитувчиларга интернетдан унумли фойдаланишни маслаҳат берди:

- Мақсад шундайки, бугун интернетсиз, интернетдан фойдаланмасдан туриб интернет у ëқда турсин компьютерни имкониятларидан фойдаланиб¸ санга керак бўлса маълумотларни, бир соат, икки соат, уч соат ҳар куни вақт бериш керак.

Дунëда нима бу соҳа қурилиш бўйича соҳасида, архитектура бўладими ëки қурилиш материаллари бўладими ëки янги усуллар бўладими шу масала бўйича ана Улуғ Британияда нима ишлар бўлаяпти, Америкада нима ишлар бўлаяпти, Германияда қанақа янгилик пайдо бўлди, қайси журналда нима қанақа маълумотни сани қизиқтирадиган томони бўлди, шуни қидириб топиш керак ва эртасига¸ бир ҳафта тайëргарлик кўриб болаларни бориб хурсанд қилиш керак.

Мана болалар бизлар бу нарсадан мутлақо узоқ эдик, мана шунақа нарсалар бўлаяпти, қани шу бўйича бош қотирайлик¸ деган болалар билан суҳбат қуриш керак. Шунақа одамлар бордир, лекин бу учун инглиз тилини яхши билиш керак. Нима деганда интернетда 97-98 фоиз ҳамма нарса, ҳамма сирлар фақат инглиз тилида. Шунинг учун болаларни¸ албатта¸ инглиз тилига ўргатишимиз керак. Ўзингизга керак¸ барака топгур, деди Ислом Каримов.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг айтишича¸ президент қўяётган талабларнинг давр талаби эканини уларнинг ўзлари ҳам жуда яхши билишади; уларнинг ҳам интернет билан ишлагиси, компютердан унумли фойдалангиси келади. Аммо...

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ўқитувчилик қилаётган Алишернинг айтишича, аксар қишлоқ мактабларида компютер¸ шунчаки кўргазмали жиҳоз бўлишдан нарига ўтмаëтир:

- Бир-икки соат ëнгани билан телевизор кўриб бўладими. Мактабга янги компютерлар беришган¸ 5 йил бўлди. Ўша компютерлар янгилигича турибди. Ишлатилмаган. Ëнганини ҳеч ким кўрмаган ҳам. Электр фақат кечқурун бир-икки соат ëнади. Ким бориб ишлайди? Кечқурун ўқитмаймизку болаларни!

Ëзми¸ қишми¸ фарқи йўқ. Байрам куни бўлса ҳам фарқи йўқ. Янги йил куни ҳам ўчади, дейди ургутлик ўқитувчи.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ўқитувчилик қилаётган Фахриддин Аҳмедовга кўра, уларнинг мактаблари капитал таъмирдан чиққан¸ компютер хоналари тайёрлаб қўйилган бўлса-да, компютернинг ўзидан дарак йўқ. Компютер олиб келишгани билан мактабнинг электр чироғини кўрмаганига анча йиллар бўлди¸ дейди бу ўқитувчи ҳам:

- Жон бор. Ҳақиқатан ҳам болаларга компютерни ўргатиб, интернетни ўргатиш керак. Болалар интернет билан тўлиқ ишлаб¸ илмини оширишига жуда катта ëрдам беради. Бунинг учун ўша компютерни ëқиб қўйишга электр манбаси керакда. Бизда қишлоқда электр манбасининг ўзи бўлмаса. Компютер бўлган тақдирда ҳам, айрим мактабларимизда ëтибди, ўчиқ ҳолатда ëтаверади. Бирор дарсни техникавий ҳолатда ўтиш имкониятларимиз чекланиб ташланган.

Светни умуман гапирманг. Мана фермерларимиз бор. Ўшалар лалми жойларига сув ҳавзасидан юқори бўлган экин майдонларига насос орқали сув олиб чиқарган вақтда бир-икки ой яхши свет бўлиб қолади. У ҳам ëзда. Бошқа вақт свет йўқ, дейди Фахриддин Аҳмедов.

Бухоро туманининг Қоракўл туманидаги касб-ҳунар коллежида ўқитувчилик қилаётган Ибод Ҳакимовга кўра, мактаб ёки коллежларда интернет тармоғи йўқлигининг сабаблари мана булар:

- Менимча, биринчидан¸ рухсат йўқ. Компьтер бор бўлса ҳам¸ фойдаланишга рухсат йўқ. Одамлар ҳар хил жойларга чиқаверади, одамлар ҳар хил нарсалар юбораверади, бизда унақа нарса чиқмаслик керак деб¸ бу биринчи факт. Бунга ишончим 70 фоиз комил. Ҳар хил маълумотлар чиқиб кетади¸ деб булар ўзларидан қўрқадида!

Иккинчиси, бизда вақт йўқ. Кераксиз ҳужжат тўлдириш. Сиз билан биз ўқиган пайтда ўқитувчида битта конспект бўларди, кўргазма қуроллари бўларди холос. Биз ҳозир фақат ҳужжат ëзиб ўтирамиз. Эрталаб 8 дан кечки 5 гача фақат ҳужжат тўлдирамиз. Қоғозбозлик ҳаммаси, кўзбўямачилик, дейди ўқитувчи Ибод Ҳакимов.

Ўзбекистонлик баъзи ўқитувчилар қишлоқ мактабларини ёнилғи воситасида электр энергияси ишлаб чиқарадиган “движок”лар билан таъминлаш масаласини қўймоқдалар. Бироқ бу дастгоҳни сотиб олиш ва унга кетадиган ёнилғи харажатини ким кўтариши муаммо бўлиб турибди.

Сариосиёлик ўқитувчи Фахриддин Аҳмедов фикрича, агар бу масала кун тартибига қўйиладиган бўлса, унинг оғирлиги яна ўқитувчилар ва ўқувчилар бўйнига тушади. Бироқ, ўқитувчиларнинг маошлари ҳам ҳали ўлда-жўлда бўлиб турибди:

- Бутун Сариосиë тумани бўйича, мана янги йилга беш-олти кун қолди, ҳали ноябрнинг ойлигини олишгани йўқ ўқитувчилар. Бу ҳам битта янгилик. Худо хоҳласа янги йилни бепул кутиб оламиз, дейди сариосиёлик ўқитувчи Фахриддин Аҳмедов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG