Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:09

Лукашенко: Беларусда инқилоб бўлмайди!


Беларус хавфсизлик хизмати ходимлари норозиларни аëвсиз жазолашга киришди.
Беларус хавфсизлик хизмати ходимлари норозиларни аëвсиз жазолашга киришди.

20 декабр куни тўртинчи муддат президентликка сайлангани расман эълон қилинган Александ Лукашенко¸ Украина¸ Грузия ва Қирғизистондаги сайловлар ортидан юзага чиққан инқилоблар сценарийсига Беларусда ўрин йўқлигини таъкидлади.

ЕХҲТ Беларус президентлик сайловини танқид қилди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар миссияси Беларус президентлик сайловини “мамлакат учун кутилган янги сиёсий даврни бошлаш имконини бермади”, дея танқид қилди.

Ташкилот кузатувчилар миссияси раҳбари Тони Ллойд 19 декабр куни Беларусда ўтган президентлик сайловини ижобий баҳолаш қийиндир, дер экан буни шундай изоҳлади:

- Овозларни санаш жараёни етарлича шаффоф бўлмади. Очиқ айтганда, Беларус халқи бундан кўра яхшироқ муносабатга лойиқ ва мен биламанки, бу халқ ҳукуматнинг президентликка номзодлар, журналистлар ва ҳуқуқ фаолларини нега ҳибсга олгани хусусида ҳисоб беришини кутмоқда, деди ЕХҲТ кузатувчилар миссияси раҳбари Тони Ллойд.

Шунингдек, у Беларус Марказий сайлов комиссиясини етарлича холис бўлмади, деб танқид қилди.

МДҲ кузатувчилари Беларус сайловини легитим деб тан олди


20 декабр куни эрталаб Беларус Марказий сайлов комиссияси 19 декабр куни ўтган президенлик сайловида Александр Лукашенко сайловчиларнинг қарийб 80 фоизи овозини қозониб, тўртинчи муддат президентликда қолганини маълум қилди.

- Беларус президентлик сайловида сайловчиларнинг 90,66 фоизи иштирок этганини мамнуният билан эълон қиламан. 5, 122,866 киши ёки 79.67 фоиз овоз Александр Лукашенкога берилди", деди Марказий Сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина.

Сайловни мингдан ортиқ ҳалқаро эксперт кузатган ва бундан бироз муқаддам МДҲ давлатларидан борган кузатувчилар миссияси бу тадбирни легитим, деб тан олишини маълум қилган эди.

Минскда 100 дан ортиқ одам ҳибс қилинди


Аммо,20 декабр куни президентлик учун даъвогарлик қилган 10 номзоддан етти нафари ҳибсга олинди.

Шунингдек, 19 декабр куни оқшом Минск шаҳридаги Мустақиллик майдонида ўтган бир неча ўн минг кишилик намойишларда иштирок этган мухолифат тарафдорларидан 100 га яқини ҳибс қилинди, уларнинг кўпчилиги устидан жиноий иш қўзғатилди.

19 декабр куни эрталаб сайловда иштирок этаётган мухолифат етакчилари натижалар сохталаштирилиши мумкинлигини айтиб, сайловчиларни овоз бериш тугаши биланоқ Минск шаҳридаги бош майдонга йиғилишга чақирган эди.

Беларус ҳукумати бундай ҳаракатга қарши қаттиқ жазо кўрилишидан огоҳлантирган, бироқ шунга қарамай, бир неча соат ичида Мустақиллик майдонига бир неча ўн минг киши йиғилган эди. Норозилар ҳукумат биносига киришга уринган ва бинонинг дераза ва эшиклари синдирган эди.

Бундай ҳаракатларни кутган Беларус ҳуқуқ-тартибот идоралари намойишчиларга қарши аёвсиз чора кўрди ва зўравон ҳаракатлар оқибатида, юзлаб киши ҳарбийлар томонидан қаттиқ калтакланди.

Калтакланганлар орасида эса мухолифат етакчлари ва номзод сифатида сайловда қатнашган Владимир Некляев ҳамда хорижлик журналистлар ҳам бор.

Норозилар ҳаракатининг бу қадар зўравонлик билан бостиришини танқид қилган Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси Катрин Аштон ҳукуматни ҳибсга олинганларни тезлик билан озод этишга чақирди.

Минскдаги намойишни уюштирганлар огоҳлантирилмоқда


Аммо Беларус расмийлари 19 декабр куни оқшом Минскда бўлган норозилик акциялари иштирокчилари ва ташкилотчиларини бунинг жиддий оқибатларидан огоҳлантирмоқда.

Хусусан, президент Александр Лукашенко бу ҳаракатларни "бандитизм", деб баҳолади ва уни уюштирганларни оғир оқибатлардан огоҳлантирар экан, Беларусда ҳеч қандай инқилоб бўлмаслигини таъкидлади.

20 декабр куни Минск шаҳрида журналистларга интервю берган Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина эса мамлакат мухолифатининг норозилик ҳаракатини "радикал", деб қоралади.

- Кечаги ҳаракатларда иштирок этганлар чегарадан чиқиб кетди. Бундан олдин бирор марта ҳукумат, қонунчилик идоралар биноларига ҳужум қилинмаган эди. Кеча эса бу одамлар, гўёки, уларга ҳамма нарса мумкин, деган хоҳишни кўрсатди ва бу ахлоқ нормалари жуда пастлаб кетганини, сиёсий мухолифлар эса шу қадар радикал чораларни қўллаш мумкин, деб ҳисоблаётганини кўрсатди, деди Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси.

Айни пайтда Минскдан олинган хабарларга кўра, сайловда кўпи билан 3 фоизга қадар овоз олгани эълон қилинган мухолифатдан номзодлар натижалардан норозилигини билдирмоқдалар.

Жумладан, президентликка мухолифатдан номзод Владимир Некляев ва Андрей Санниковлар президентлик сайловида муддатидан олдин берилган овозларга оид натижалар бекор қилинишини талаб қилмоқда.

Беларусда муддатидан аввал овоз бериш жараёни 14 декабрдан 18 декабрга қадар ўтказилган ва унда сайловчиларнинг 23,1 фоизи овоз берган эди.

Мухолифат фикрича, бу жараёнда ҳукумат сайловчиларга босим ўтказган ва натижалар бузиб кўрсатилган.

Риа-Новости агентлиги хабарига кўра, Марказий Сайлов комиссияси президентликка мухолифатдан номзод Владимир Некляев ва Андрей Санниковларнинг бу талаблари кўриб чиқилишини билдирган.

Беларус ва Ўзбекистон айрича диктатураларми?

Беларусдаги сайлов ва сайловлар эртасига бошланган норозилик ҳаракатлари халқаро жамоатчилик диққат марказида қолмоқда. Европадаги диктатуранинг сўнгги оролчаси сифатида кўрилаëтган Беларусда бошланган сиëсий жараëнларга муносабат билдирган Ўзбекистон Эрк демократик партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ¸ европача диктатура билан марказий осиëча мустабидлик ўртасидаги тавофутларга тўхталади.

- Белорусия совет иттифоқи давлатларининг фонида ўрта автократик режимга эга бўлган давлат. Лекин Оврўпо фонида тамоман тоталитар давлат шаклида гавдаланиб келаяпти мана бир неча йилдан бери. Белорусияни Ўзбекистон билан қиëслаш ҳеч ҳам мумкин эмас, параллел ўтказиш ҳам мумкин эмас. Чунки Белорусияда йўлига бўлса ҳам беш-олти одам президентлик сайловларида номзод сифатида қатнашаяпти. Уларнинг қатнашишини Лукашенконинг ўзи истади дейиш нотўғри бўлади.

Лукашенконинг қаршилигига қарамасдан бу одамлар ўзининг номзодини рўйхатдан ўтказганлиги маълум. Лукашенка ҳеч бўлмаганда бутун режимнинг, структураларнинг кучига қарамасдан ўша одамларнинг президентлик сайловида қатнашишига тўсқинлик қила олмади. Шу маънода, сайлов машинаси дейлик, сайлов машинасининг қандай юришини Ўзбекистон билан таққослайдиган бўлсак, Ўзбекистонда бу машина битта одамнинг командаси билан, буйруғи билан юради. Бу биринчи фарқ.

Иккинчи фарқ, одамларнинг сайловда бўлиши муқаррар бўлган сохтакорликларга қарши ўзининг норозиликлари билан кўчага чиқа олиш имкони. Бундай имкон Ўзбекистонда мутлақо йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган. Биринчи сайловда 1991 йилда ҳам бўлмаган эди. Бугун умуман йўқ. Шунинг учун бу иккинчи нуқтада ҳам параллел ўтказиш мумкин эмас.

Оврўпо фонида бизга тоталитар кўринган Беларус ва диктатор кўринган Лукашенко Осиë фонида, хусусан Марказий Осиë фонида демократик давлат бўлиб кўринаяпти. Шундан Ўзбекистоннинг нақадар теран зулм остида яшаëтганини тушуниш мумкин¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ўзбек демократик мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳ.
XS
SM
MD
LG