Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:33

Ўзбекистондаги хорижликлар ўз юртига изн билан кетади


Қўлларида чипталари бўла туриб¸ чиқиш визаси йўқ хорижийлар учқичга қўйилмади.
Қўлларида чипталари бўла туриб¸ чиқиш визаси йўқ хорижийлар учқичга қўйилмади.

Ўзбекистон¸ ўз фуқароларининг ўзга юртларга чиқиши учун махсус виза жорий қилинган¸ дунëдаги саноқли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. 2010 йил охирларига келиб¸ Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқини олганлар ҳам¸ чиқиш визаси "таъми"ни татиб кўришга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрда қабул қилган 408- рақамли қарорининг бир банди жорий йилнинг август ойидан бошлаб ижро қилина бошлади.

Бу қонунда Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлганлар ҳар икки йилда бир марта хорижга чиқиш рухсатини расмийлаштиришлари керак¸ дейилган.

1996 йилдан бери чиқиш визасини расмийлаштириш Ўзбекистон фуқароларидан талаб қилингани ҳолда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган хориж фуқаролари махсус изнсиз бемалол чегарадан ўтиб-кечиб юраверди.

Масалан¸ Россия фуқароси Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда¸ бемалол ўз юртига чиқиш визаси олмасдан ҳам бораверди.

Аммо 2010 йилнинг август ойида ҳушëр чегарачилар 408-рақамли қонун бандининг уларга ҳам тааллуқли эканини “билгач”, рус, қозоқ, Украина ва бошқа хорижий мамлакатлар фуқароларининг Ўзбекистондан чиқишига изн бермай қўйишди.

“Биз ўз юртимизга боряпмизку ахир!” деган гап чегарачиларга таъсир қилмади. Қарор Вазирлар Маҳкамасига оид, дейишди.

Хорижга кириш-чиқиш республика идорасининг исми айтилишини истамаган ходими Озодлик мухбирининг “Чет эл фуқаролари ўз юртига кетишлари учун расмий рухсатномани расмийлаштириши шартми?” деган саволига “шарт ва зарур” деб жавоб қайтарди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига оид Давлат чегара хизматининг Тошкент аэропортидаги вакилига кўра, чиқиш визаси бўлмаган Ўзбекистонда доимий яшовчи рус, украин ëки Қозоғистон фуқаролари чегарадан ўтказилмайди ва аэропорт биносидан ташқарига чиқариб юборилади.

Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистондаги фуқароларнинг ҳаракат эркинлиги билан боғлиқ муаммоларни ўрганган германиялик ҳуқуқшунос Штефан Ҳанишнинг (Stefan Hanisch) таъкидлашича¸бу ҳолат Ўзбекистон конституциясида кафолатланган шахснинг ҳаракат эркинлиги тамойилларига зиддир.

- Муаммо шундаки, бу чеклаш қонун билан эмас¸ балки Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра жорий қилинган. Бу тамалда конституцияга қарши қарордир. Ўзбекистонда бу ҳеч кимни ўйлантирмайди. Конституциявий суд фалаж ҳолатда ва бу маҳкама эшиги шикоят учун ëпиқ. Пировардида бу қарор ижроси республикада констуцияга қарши ҳолатни келтириб чиқармоқда, дейди Штефан Ҳаниш.

Штефан Ҳанишга кўра, Ўзбекистон бу қарори билан минтақавий ташкилотлар чунончи Евроосиë иқтисодий ҳамжамияти доирасида қабул қилинган келишувларни ҳам бузмоқда.

Бу чекловлар оддий одамлар ҳаëтини мушкуллаштирмоқда.

Ўзбекистонлик аëлга уйланиб¸ доимий яшаш ҳуқуқини олган 29 яшар турк фуқароси Комрон учун бу муаммо анчайин жиддий ва кутилмаган бўлди.

- Истанбулга бориб келиш учун олган билетларим куйиб кетди, бундан ташқари мен Истанбулда бир фирма билан англашма (шартнома) имзолашим керак эди. Бу ҳам барбод бўлди. Ишқилиб анча зарар кўрдим. Ҳозир ўз юртимга боришим учун чиқиш визасини расмийлаштирмоқдаман, дейди суҳбатдош.

Туркия ширкатларида ишлайдиган ўзбеклар ҳам бу муаммонинг тезроқ ечим топишидан умидвор.

Маълум бўлишича, чиқиш визасини расмийлаштирмаган рус, украин ва қозоқ фуқаролари қўлларида учоқ чиптаси бўла туриб¸ Тошкент аэропортидан чиқариб юборилган.

Ўзбекистондаги норасмий интернет нашри хабарига кўра бу йўловчилар ўзларига чипта сотган ширкатни маҳкамага берган.

Тошкентдаги "Урал ҳаво йўллари" учоқ ширкати чиптахонасининг Олга исмли сотувчисининг Озодликка айтишича, бундан буëн паспортида чиқиш визаси расмийлаштирилмаган йўловчиларга билет сотилмайди.

Россиянинг Лента.ру, Регнум ва бошқа ахборот воситаларида бу хабар пайдо бўлгач, бу ҳолат ортида Каримовнинг аксил-рус сиëсати ëтгани ҳақида ишоратлар пайдо бўлди.

Хорижга кириш-чиқиш республика идораси вакилига кўра 1996 йилдаги қонун бандининг бирдан ишлай бошлаши ва айниқса Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга Россия фуқаролари устидан қаттиқ назорат ўрнатилиши ортида сиëсий эмас¸ балки иқтисодий сабаб турибди.

- Кўплаб рус фуқаролари Ўзбекистонда бир кунлик ширкатлар очиб, кредит ва қарзларни ëпмасдан, фуқароларни чув тушириб бўлгач, тез Ўзбекистондан чиқиб кетмоқда. Расмий рухсат олинган пайтида ўзбек ПМЖ си соҳибининг яқин ўтмиши ўрганиб чиқилади, шалтоқ тозалаши сўралади ва ҳоказо, дейди Хорижга кириш-чиқиш республика идораси вакили.

Айни пайтда¸ халқ орасида ОВИР деб айтиладиган “Хорижга кириш-чиқишни расмийлаштирадиган идора" олдидаги навбат қуйруғи назорат кучайтирилишини кўзлаган буйруқ ортидан яна узайган. Янги йил арафасида узайган бу қуйруқ ОВИРчиларнинг кўзини қувнатмоқда, дейди айни идора ишини яқиндан билган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос микрофонсиз суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, жорий йилнинг август ойида ўзбек чегарачилари ўзлари "соғаëтган" муқаддас сигир елинида яна бир эмчак топишди. Ўзбекистон мулозимларининг ошиб бораëтган моддий эҳтиëжи “қонун” ҳарфларини ҳижжалашни тақозо қилди ва бундан фақат ОВИР мулозимлари ва чегарачилар хайр топди, дейди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG