Линклар

logo-print

"Юлдузли тунлар", "Авлодлар довони", "Уч илдиз", "Қора кўзлар" каби асарлари билан ўзбек китобхонлари орасида танилган адиб, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров 20 декабр куни 82 ëшда юрак хасталигидан оламдан ўтди.


Адибнинг Озодлик мухбири билан қисқагина суҳбатлашган қизининг сўзларига кўра, дафн маросими 21 декабр куни эрталабга белгиланган.

Пиримқул Қодиров ўзбек адабиётининг энг йирик намоёндаларидан бири эди.

Унинг "Юлдузли тунлар", "Авлодлар довони", "Уч илдиз", "Қора кўзлар" каби асарлари ўзбек халқи орасида севиб ўқилади.

Хусусан, "Юлдузли тунлар" тарихий романи 70-йилларда яратилган ва 1978 йилгача чоп этилмаган эди. Кейинчалик Шароф Рашидовнинг ёрдами билан чоп этилган бу асар ўзбек, рус, ҳинд, урду, турк, қозоқ, уйғур ва туркман тилларига ҳам ўгирилган.

Сўнгги йилларда Пиримқул Қодировнинг "Она лочин видоси" романи, "Амир Темур сиймоси" илмий-тарихий асарларини ёзган эди.

Пиримқул Қодиров ижодий фаолияти давомида таржима билан ҳам шуғуланган ва у Лев Толстой, Антон Чехов каби рус адабиёти буюкларининг кўплаб асарларини ўзбек тилига ўгирган. Шунингдек, унинг кўплаб бадиий танқид ва илмий йўналишидаги публицистик асарлари ҳам бор.

Ёзувчи 1994-йил "Шуҳрат" медали, 1998-йил "Эл-юрт ҳурмати" ордени ҳамда 2006- йил "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG