Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:26

Кобул қочоқ маҳбусларни Душанбега топширмоқчи


Афғонистон ҳудудида қўлга олинган қочоқ маҳбуслар Тожикистон ва Афғонистон ўртасида имзоланган икки томонлама шартномага мувофиқ Тожикистон ихтиёрига топширилади. Бу борада Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Замарай Башарий маълум қилди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Башарий 18 декабр куни Таҳор вилоятида ўтказилган махсус амалиёт чоғида саккиз кишидан иборат гуруҳ қўлга олинганини билдирди.

Афғон расмийси мамлакат шимолида ушланган кишилардан етти нафари шу йил августида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасидан қочган маҳбуслар эканини маълум қилди.

- Уларнинг исм-шарифларини эълон қилишдан тийиламан. Лекин шуни айтишим мумкинки, уларнинг беш нафари тожикистонлик ва уч нафари эса афғонистонлик фуқародир, деди Замарай Башарий.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги расмийси қўлга олинганлар қўшимча суриштирув ва тергов ишлари учун пойтахт Кобулга юборилганини ҳам қўшимча қилди.

Башарийнинг айтишича, айни пайтда Афғонистон ва Тожикистон ўртасида қўлга олинганларни Душанбе ихтиёрига топшириш борасида музокара бошланган.

- 20 декабр куни мамлакатимиз Ички ишлар вазири тожикистонлик касбдоши Абдураҳим Қаҳҳоров билан телефон орқали бу борада суҳбатлашган эди. Бу гуруҳ икки мамлакакт ўртасида имзоланган шартнома доирасида Тожикистон ихтиёрига топширилишига шубҳам йўқ. Чунки биз тожикистонлик касбдошларимиз билан ҳар доим яхши ҳамкорлик қилиб келганмиз ва бундан кейин ҳам шундай бўлади, - дея таъкидлади Замарай Башарий.

Аснода Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасидаги манба Таҳорда ушланган қочқин маҳбуслардан айримларининг шахси аниқланганини маълум қилди. Бу маълумотларни мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев ҳам тасдиқлади.

- Афғонистонда қўлга олинган қочоқ маҳбуслар орасида “кўри Малиш” лақаби билан танилган Ҳикмат Азизов, Баҳром Орифов бор. Шахси аниқланганлардан яна уч нафари афғонистонлик фуқародир. Улар Маҳмадали валади Қурбонали, Маҳмадали валади Тозагул, Муҳаммадзокир валади Маҳмадҳалимдир, - деди Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев.

Тожик расмийсининг билдиришича, Панж дарёси яқинидаги маҳаллий аҳоли вакилларидан айримлари қочқин маҳбусларнинг Афғонистон ҳудудига қочиб ўтишларига кўмаклашгани аниқланган. Айни пайтда бу ишда қўли борликда гумонланаётган шахслар сўроқ қилинаётгани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 1 декабрида Хатлон вилоятининг Балжувон туманидаги қишлоқларнинг бирида қуролланган номаълум кишилар милиция ходимларига ҳужум қилиб, улардан уч нафарини отиб ўлдирган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Асадуллоевдаги маълумотларга кўра, куни кеча Афғонистон шимолида қўлга олинганлар ўша балжувонлик милиционерларни отиб ўлдирганлардир.

Айтиш жоизки, ўтган ҳафта давомида Хатлон вилоятининг бир неча туманида қуролланган гуруҳни тутиш учун махсус амалиёти ўтказилган эди. Восеъ туман аҳолиси ҳам бу ҳудудда номаълум кишилар пайдо бўлиб қолганидан хавотир билдиргандилар.

Улардан бири Қурбоншаҳид туманлик Суҳроб Ойаҳмадов Озодлик мухбири билан суҳбатда номаълум кишилар билан дуч келиб қолганинини ва улар орасида “кўри Малиш” лақаби билан тожикистонликлар орасида танилган Ҳикмат Азизовни таниганини айтган. Ҳикмат Азизов 2009 йили Тавилдарадаги тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоси олган эди.

Ўшандай интервьюлардан бирида бошқа бир маҳаллий фуқаро қуролланган номаълум кишилар ўзаро ўзбек тилида суҳбатлашганини айтганди. Гарчи расмий маълумотларда қочоқ маҳбуслар орасида ўзбекистонлик фуқаролар ҳам борлиги таъкидланса-да, шу кунгача қўлга олинган ёки амалиётлар чоғида йўқ қилинганлар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги ҳозиргача эълон қилингани йўқ.

Эслатсак, Афғонистоннинг Таҳор вилоятида ушланган қочоқ маҳбуслар шу йил 23 августида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан қочган 25 маҳбусдан етти нафаридир.

Тожик расмийлари изолятордан қочган маҳбуслар орасида тожикистонликлар билан бирга уч нафар афғон фуқароси ва яна икки нафар ўзбекистонлик ҳамда беш нафар Россия фуқароси борлигини маълум қилганди.

Ўша воқеадан сўнг Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи ва уч нафар муовини вазифасидан бўшатилганди.

Ўтган тўрт ой давомида Тожикистон куч ишлатар тизимлари олиб борган қатор махсус амалиётларга қарамай, ҳозирда қочоқ маҳбусларнинг яна саккиз нафари озодликда қолмоқда.

Террорчилик, наркотик моддалар ноқонуний савдоси ва бошқа бир қатор оғир жиноятлар содир этганликда айбланиб қамалган ва ўта хавфли жиноятчи экани айтилаётган қочоқ маҳбусларнинг қолгани қаерда яширинганлиги Тожикистон Миллий хавфсизлик ходимлари билан бир қаторда оддий тожикистонликларга ҳам маълум эмас. Шу важдан маҳаллий аҳоли ҳар кунини хавотир ва қўрқинч билан яшашга мажбур бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG