Линклар

logo-print

Қорақўлликлар саросимада яшамоқда


Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турғанбаев республиканинг турли жойларида миллатлараро низо чиқиши ҳақидаги миш-мишларда асос йўқлигини айтади.

Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турғанбаев республиканинг турли жойларида миллатлараро низо чиқиши ҳақидаги миш-мишларда асос йўқлигини айтади.

Қирғизистоннинг Қорақўл шаҳри аҳли 21 декабрни ваҳимада ўтказмоқда, чунки шаҳарда бу куни миллатлараро низолар содир этилармиш, деган турли миш-мишлар авж олган. Аввалроқ бу шаҳарнинг турли жойларида “Сартларга ўлим” деган ёзувлар пайдо бўлганди.

Қорақўллик ўзбек аёли Зоҳида шаҳарликлар шу кунларда ваҳима ва хавотирда яшаётганликларини айтади:

- 21 декабр куни нима бўлишини ваҳима билан кутаяпмиз. Худди порох бочкасида ўтиргандаймиз. Турли миш-мишлар одамнинг юрагини олиб қўяр экан, - дейди Зоҳида.

Унинг айтишича, 6 декабрдан 7 декабрга ўтар кечаси Қорақўл шаҳри марказидаги бозорлар, савдо шаҳобчалари ва бинолар деворларида “Сартларга ўлим” деган ёзувлар пайдо бўлгач, шаҳарликлар орасида “21 декабр куни номаълум гуруҳлар миллатлараро низо чиқарар экан” қабилидаги миш-мишлар урчиб кетган.

Бироқ Иссиқкўл вилоят губернаторининг ўринбосари Мухамбет Асаналиев бу миш-мишлар асоссиз эканини, шаҳардаги вазият назорат остидалигини айтади:

- Миллатлараро низо бўйича халқ орасида юрган миш-мишларда жон йўқ. Бу бир гуруҳ бебошларнинг, безориларнинг қилган иши. Шаҳарда вазият назорат остида, - деди Мухамбет Асаналиев.

Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турғанбаев ҳам вилоят расмийсининг гапларини тасдиқлайди:

- Қорақўлдагина эмас, Ўшда ҳам, Тўқмоқда ҳам “Сартларга ўлим” деган ёзувлар пайдо бўлаяпти. Албатта, бундай ёзувлар пайдо бўлишига туртки бўлаётган шахслар бор. Аммо “миллатлараро низо бошланар экан” қабилидаги миш-мишларда асос йўқ, - деди Ички ишлар вазирлиги расмийси Турғанбаев.

Айтиб ўтиш лозимки, июн қирғини арафасида ҳам Ўш ва Жалолобод шаҳарларида миллатлараро муносабатларда мураккаб вазият пайдо бўлган, аҳоли орасида турли миш-мишлар тарқаган эди. Бироқ ўшанда ҳам қирғиз ҳукумати расмийлари, маҳаллий раҳбарлар бу шаҳарларда вазият назорат остида эканини ва “Манасдай қаҳрамони бор бағри кенг қирғиз эли миллий низоларга йўл қўймаслиги”ни даъво қилишган эди.

Шу сабабдан ҳам қирғизистонликларнинг кўпчилиги ҳукумат расмийларининг бундай баёнотларига ишонмайдилар.

Қорақўллик Мавлон эса 7 декабрда шаҳарда “Сартларга ўлим” деган ёзув пайдо бўлгач, маҳаллий қирғизлар орасида миллат суриштирадиганлари пайдо бўлиб қолганини, вазият мураккаб эканини айтади:

- Бу воқеадан сўнг муносабатлар аввалгидай эмас. Муносабатларда психологик ўзгаришлар содир бўлди. Аввалгидай иноқлик йўқ. Албатта миллатчилик руҳидаги ёзувлар вазиятга, миллатлараро муносабатларга таъсир кўрсатди, - деди Мавлон.

Айни пайтда Иссиқкўл вилоят Ички ишлар бошқармаси 7 декабр куни пайдо бўлган “Сартларга ўлим” ёзуви юзасидан жиноят иши очилганини ва бу сўзни ёзганларга нисбатан қидирув эълон қилинганини билдирган. Аммо орадан икки ҳафта ўтган бўлса ҳамки бу ишда силжиш кузатилгани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG