Линклар

Бишкек билан Тошкентнинг Ўшдаги манфаатлари муштаракми?

  • Сарвар Усмон

Ўшлик қочқинларга бир неча кун бошпана бергач¸ Тошкент раҳбарияти уларни яшин тезлигида Қирғизистонга қайтариб юборди.

Ўшлик қочқинларга бир неча кун бошпана бергач¸ Тошкент раҳбарияти уларни яшин тезлигида Қирғизистонга қайтариб юборди.

Жавоб топдим. Сўнгги ойларда қийнаб келаётган бир савол жавобини шу кунларда топгандайман. Ўтган ҳафтада Андижон вилояти ҳокими Жалолобод вилояти губернаторини Андижонда меҳмон қилганидан кейин топгандай бўлдим жавобни.



20 декабр куни ўшлик бир ҳуқуқ фаоли билан гаплашганимдан кейин топган жавобим янада тиниқлашгандай бўлди.

Унинг айтишича, шу кунда Ўшда шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож камида 15 ўзбек бор.

Июн қирғинида яраланган бу беморлар Ўшдаги касалхоналарга ётишдан қўрқаяпти. Уларни Россияга жўнатишга пул йўқ.

Ўзбекистонга ҳам. Андижондаги касалхонага етиб олиш учун юролмайдиган беморлар Ўш-Бишкек, Бишкек-Тошкент, Тошкент-Андижон йўналишларида учишига тўғри келади. Чунки чегара ёпиқ. Андижонгача учиш учун камида 300 доллар пул керак.

"Фарғоналик бир ҳуқуқ ҳимоячиси Оқ cарой билан гаплашиб, масалани ҳал қилишга уриниб кўришга ваъда берди", деди ўшлик ҳуқуқ фаоли.

Излаётганим жавобни, дастлаб, Ўшда – Мажримтолда, қирғизистонлик расмийларнинг айтишича, "аксилтеррор амалиёти" ўтказилганидан кейин топгандай бўлувдим.

Кейин Ўн адирдан "қурол топишди". Қурол топилиши билан боғлиқ равишда бир маҳаллий имом ва бир ўзбекистонлик қўлга олингани хабар қилинди. Масала янада ойдинлашди.

Топган жавобимнинг жавоб шаклига киришига мана шу фактлар асос бўлди.

Энди савол тўғрисида

Саволки, нима учун Тошкент қирғизистонлик ўзбеклар муаммосига лоқайд қолмоқда.

Тўғри, қирғин кунлари Тошкент ўз чегарасини очиб, қочқинларни бир неча кун боқди.

Тўғри, Ўзбекистон президенти БМТ минбаридан туриб Ўш бўйича халқаро текшириш ўтказишни талаб қилди.

Тўғри, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ЕХҲТни Ўш бўйича танқид қилди.

Бўлди. Қилган иши шу.

Лекин, юз минглаб одам кўз ёшига чўмилиб турса чегарасини очмай қўя олармиди? Очмаса халқаро жамоатчилик нима деган бўларди?

БМТ минбаридан, ЕХҲТ минбаридан чиқиш қила туриб Ўш ҳақида индамаса, халқаро жамоатчилик, дунёдаги ўзбеклар, Ўзбекистон халқи нима деган бўларди?

Жавоби аниқ-ку, бу саволларнинг, тўғрими?

Ўш қирғини бўйича Тошкент шу уч иш билан чекланди.

Бошқа иш қилгани йўқ. Нега?

Нима учун Тошкент Ўшдаги вазиятни барқарорлаштириш учун ихтиёридаги сиёсий, дипломатик воситалардан фойдаланмаяпти?

Нима учун биронта расмийси, ҳеч йўқ Бишкекка бориб қўймади? 90-йилги урушдан кейин Каримов шахсан ўзи Ўшга борган эдику?!

Нима учун Ўш ва Жалолободга етказиб берилган инсонпарварлик ёрдамлари орасида Ўзбекистонники кўринмади?

Ахир шу йил апрел воқеаларидан кейин Тошкент Ўшга бир эшелон озиқ-овқат, қурилиш материаллари етказиб берганди-ку?

Еб кетарга, инсонпарварлик ёрдами тариқасида. Ўшандаям хайрон бўлувдим: нима учун ва нима учун Ўшга?

Ёки беш-ўн кун қочқин боқиб қўйганини етарли, деб билдими?

Ахир, харажатнинг ҳаммасиям Тошкентнинг чўнтагидан бўлгани йўқ-ку?! Халқаро ташкилотлар берди пулни.

Ўз вақтида миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистондаги қочқинлар учун 5 миллион беражаги тўғрисида хабар пайдо бўлганди.

Рублда бўлсаям 5 миллион 5 миллионда, ахир!

Аразладими Тошкент? Аразлаган бўлса, Бишкекдан аразлагандир. Оддий қирғизистонлик ўзбекнинг нима айби бор?

Беш-олти мулозимини жўнатиб қўйса, уларни Қирғизистон расмийлари кутиб олса, аввал бир ёзганимдай, ҳеч йўқ Навоийнинг ҳануз мажақланиб ётган ҳайкалини тузаттириб қўйса вазият анча юмшаган бўларди-ку!

Йўқ, юмшамасди, барибир, деб кўринг-чи?

Ана, Жалолобод губернаторини Андижонда қабул қилишди-ку! Бўлар экану?

Демак, аразламабди-да Тошкент?!

Ё Андижоннинг ҳокими шунчалик мустақилмики, Жалолобод ҳокими билан қиммат коньякни Тошкентнинг изнисиз ичаверадиган?

Ҳа, шунақа, деб мени ишонтирингчи?

Манфаатлар муштараклиги


Ўшда, Мелис Мирзақматов озодликчилар, хусусан ўзбек хизмати мухбири саволларига жавоб берар экан, столидан президент Каримовнинг китобчасини кўтариб келиб, у кишини қанчалик ҳурмат қилишини айтганди.

Яқинда Мирзақматов ўшлик ўзбекларни йиғилишга йиғиб яна қўшни давлат президентини мақтади.

Балки кабинетида ҳам, йиғилишда ҳам Каримовни мақтар экан, Мирзақматовнинг бу иши ўзбекларнинг кўнглини олиш учун (алдаш учун, деб ўқинг) қилган шунчаки бир сиёсий трюкидир?

Балки.

Лекин Мирзақматовнинг Каримовни мақташини Тошкент билан Бишкек манфаатлари муштараклиги рамзи сифатида кўриш мумкин.

Андижон воқеаларини эсланг. Бузғунчилар Қирғизистондан келган, деганди Каримов.

Хонобод воқеаларини эсланг. Бузғунчилар Қирғизистондан келган, деганди Каримов.

Айнан "қирғизистонлик ўзбеклар" демаса-да, ҳамма билардики, Каримов қирғизистонлик ўзбекларни назарда тутаётганини.

Қирғизистонлик ўзбеклар турмушида диннинг роли фавқулодда кучайиб кетгани бор гап. Уларнинг сийрати тўғрисида гапиришга ожизлик қиларман, лекин сурати сўнгги йилларда кескин ўзгарди.

Уч йил олдин Ўшда бир ресторанга тўйга таклиф қилишганди. Бир ўзбек мактаби директори тўйига. Тўйхонада камида 300 меҳмон бор эди - атайлаб санаганман.

Меҳмонларнинг ярмидан кўпи хотин-қизлар – шаҳардаги мактаблар вакиллари - ўқитувчилар. Лекин уларнинг 95 фоизи ҳижобда эди. "Cюр" бўлиб кўринганди менга ўша манзара.

Бу манзара 10 мингдан зиёд одамни, шу жумладан қарийб 800 оиланинг бир нечадан аъзосини (тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовдан олинган маълумот) диний мотивлар билан қамаган Тошкент учун таҳликалидир.

Бас, шундай экан, ўзбекларнинг мамлакатдан, ҳеч йўқ Ўшдан чиқиб кетишини орзу қилаётган Қирғизистондаги муайян кучлар 6 ойдан бери Тошкентнинг тегирмонига сув қуймаяптими?

Ахир Ўшда ўзбек қанча камайса, Тошкентнинг назаридаги "исломчиларнинг" Андижон, Фарғона, Наманганга таъсири шунчалик озаядику.

Адашаётган бўлсам, нотўғри хулосалар қилаётган бўлсам, тўғриланг. Тўғрисини айтинг.

Июн қирғинини Ўзбекистон МХХси қилди, деган гаплар ҳам пайдо бўлганди. Мен бу қадар радикал фикрда эмасман.

Лекин, Тошкентнинг лоқайдлигини юқорида айтганим манфаатлар муштарак келиб қолгани билангина тушунтириш мумкиндир.

Вазиятнинг шу кундаги тадрижи айнан Тошкент истагандай. "Ўшдаги вазиятни исломчи террорчилар издан чиқараяпти", деган фикрни ҳам маҳаллий, ҳам халқаро жамоатчилик онгига сингдириш Тошкент манфаатига ётадиган ишдир.

Лекин бундай эканлигига, яъни вазиятни исломчи террорчилар издан чиқараётганига ишониш қийин. Чунки 11 июндан кейин тарқатилган хабарлардан биронтасида ҳам исломий фактор тилга олинган эмас.

Масалан, ҳатто ўша, Тошкент қўрқадиган, балки чиндан ҳам қўрқиш керак бўлган Хизбут-Таҳрирнинг ҳам фожиа кунларидаям, ундан кейин ҳам на бир иш қилгани, на бир баёнот бергани тўғрисида маълумот йўқ.

Мана энди, "иш қилиб қолиш" мумкин бўлган кунлардан 5-6 ой ўтиб бирдан исломчилар айбдорга чиқарилаяпти.

Матбуотга чиқмаган маълумот


Мажримтолдаги воқеа бўйича бир маълумот матбуотда эълон қилинмади. Бу маълумот махсус хизматлар бир-бирини ишонтириши учун уларнинг ички ёзишмаларида келтирилса керак.

Амалиёт чоғида ўлдирилган имом Фарҳод Нурматовнинг акаси Зокиржон Нурматов (норасмий маълумотларга қараганда, амалиёт чоғида у ҳам ўлдирилган) 90-йилларнинг иккинчи ярмида 3 ёки 4 йил Ўзбекистонда қамоқда ўтирган эди.

"Соқолли"лардан бўлган бу йигитни Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари Ўшдаги – Мажримтолдаги уйидан чақириб олиб, машинага тиққан ва чегарадан олиб ўтиб кетганди. Наманганнинг Чўжасига етганда тинтув қилишган, чўнтагидан "ўқ-дори чиққан".

Бу воқеани ўз вақтида журналист сифатида ёритганим учун ҳам яхши биламан.

Қайтараман, бу факт матбуотга чиқмади. Лекин махсус хизматларнинг ички ёзишмаларида бу ҳақда индалмаслиги мумкин эмас. Шундан кейин акаси диний мотивлар билан Ўзбекистонда қамалиб чиққан имомнинг террорчи эмаслигига биров ишонадими?

Аслида эса, диний мотивлар билан қамалган Зокиржон Нурматовнинг Ўзбекистон турмасидан 4 йилдаёқ бўшатилиши унинг гуноҳсизлиги аломати эмасми?

Ахир бошқалар 15, 20 йиллаб ўтирибди-ку "раскрутка" устига "раскрутка" бўлиб!

Мана шунақа гаплар.

Мен агар ўшлик ўртача бир ўзбекнинг менталитетини билмасам, ўқиганингиз гапларни ёзмаган бўлардим. Ўшлик ўзбекдан террорчи чиқиши қийин-ов.

Лекин ҳадеб бурчакка қадайверса, соқов тилга кириб кетиши, шол юриб кетиши ҳам бор гап.

Албатта, мен адашаётган бўлишим мумкин. Хулосаларим нотўғри бўлиши мумкин.

Ўзбекистон президенти Ўшнинг қаердалигини билмайдими?

Агар шундай бўлса, Тошкентнинг қирғизистонлик ўзбеклар тақдирига лоқайдлигини самарқандлик Ислом аканинг Ўшни билмаслигидан, уни "Ош" деб аташидан ("О"ни ўзбекча ўқинг) бу шаҳарнинг қаерда жойлашганини аниқ тасаввур қилолмаслигидан излаш керакдир?

Мана тунов кунги нутқидан бир парча.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Коллектив хавфсизлик кенгаши мажлисида чиқиш қилар экан, Ислом Каримов бундай деганди:

"O‘sh Andijon shahridan uzog‘i bilan 40 kilometr, chegaradan esa bor-yo‘g‘i 15 kilometr masofada joylashgan".(ЎзАдан олинди)

Ўзбекистон президенти чегаранинг қайси нуқтасидан ўлчаган, билмадиму лекин президент айтаётгандай Андижон орқали борсангиз Ўш "Дўстлик" чегара масканидан ўтишингиз биланоқ бошланади.

"Дўстлик"дан Ўшнинг янги автовокзалигача роппа-роса бир километр. Мен ўзим ўлчаганман.

Вокзалдан жануб Ўш, шарқу ғарб ҳам, шимол ҳам Ўш.

Шимолда Ўзбекистон йўналишидаги 1 чақиримнинг икки томони Ўшга қарашли ишхоналар, одамларнинг уйлари.

Шу ерда сўнгги нуқтани қўйсам ҳам бўлаверар эди. Лекин тилга олинган нутқда яна бир гап бор. Мана у:

"Roza Otunboyeva tashabbusiga binoan 11 iyun erta tongda men u bilan telefon orqali uzoq gaplashdim. Shunda men uni har qanday holatda ham biz tomondan birorta ham odam Qirg‘iziston chegarasidan o‘tmaydi, deb ishontirdim va o‘z so‘zimning ustidan chiqdim". (ЎзАдан олинди)

11 июн "эрта тонгда" вазият ҳали у қадар даҳшатли эмас эди-ку?

Вазиятнинг "har qanday holat"га айланиб кетишини президентлар аниқ билганми ё?

Ва ниҳоят¸ 21 декабр тушдан кейин Бишкекдан келган хабарга кўра¸ “КиргизГаз” давлат ширкати бошлиқ ўринбосари Нурлан Жаилдинов газ учун қарздорлик муаммосини ҳал қилиш учун Тошкентга отланган Қирғизистон делегациясининг Каримов ҳукуматини ҳар минг куб метр газ нархини 240 доллардан 140 долларга камайтиришни сўраяжагини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG