Линклар

Ашхобод Россия мобил ширкати фаолиятини тўхтатди


2005 йилдан бери МТС Туркманистон мобил алоқа бозорини ўз монополиясига айлантирган.

2005 йилдан бери МТС Туркманистон мобил алоқа бозорини ўз монополиясига айлантирган.

20 декабр куни мобил телефондан фойдаланувчи туркманистонликларнинг 80 фоизидан кўпроғига хизмат кўрсатиб келган МТС ширкатининг Туркманистондаги шўъбаси ўз лицензиясидан маҳрум бўлди. МТС раҳбарлари муаммони ҳал қилиш умидида Ашхободда музокара ўтказмоқда.


Ўз шўъба корхонасининг Туркманистон Алоқа вазирлиги қарори билан лицензиядан маҳрум этилиб¸ фаолиятини тўхтатгани масаласини Россия президенти Дмитрий Медведев даражасида муҳокама қилган МТС ширкати раҳбарияти 21 декабр куни¸ сўнгги хабарларга кўра¸ зудлик билан Ашхободга жўнаб кетган.

2005 йилдан бери Туркманистон мобил алоқа бозорининг 80 фоиздан кўпроғини назорат қилиб келган МТС ширкати раҳбарлари Бердимуҳамедов ҳукумати билан музокара олиб бораëтган айни пайтда¸ МТС хизматидан фойдаланиб келган миллионлаб туркманистонликлар мобил алоқадан мосуво қолмоқдалар.

Фарғона.ру ахборот агентлигининг ëзишича¸ МТС фаолиятининг тўхтатилиши муносабати билан унинг мижозлари давлатга қарашли Олтин аср ширкати sim карталарини сотиб олишга мажбур қолган ва оқибатда ҳозирда Туркманистонда ягона мобил ширкатига айланган Олтин аср шаҳобчалари олдида мисли кўрилмаган навбат ҳосил бўлган.

МТС ширкатининг Москвадаги расмийси Елена Кохановскаянинг Озодликка билдиришича¸ Туркманистон Алоқа вазирлиги ҳозирча ширкатнинг нима учун лицензиядан маҳрум этилгани борасида ҳеч қандай изоҳ бермаган.

- Биз ҳозирча туркман томонидан бирор изоҳ ололганимиз йўқ ва вазиятнинг ойдинлашувини кутмоқдамиз. Биз муаммонинг тезликда ҳал бўлиши ва англашинилмовчиликнинг тезда бартараф этилишига умид қилмоқдамиз¸ деди МТС нинг Москвадаги расмийси.

Ҳозирча Ашхобот ҳукумати мамлакатдаги миллионлаб одамни мобил ва интернет алоқасиз қолдирган бу қарорига расман изоҳ бермади. Аммо мустақил ахборот агентликларига кўра¸ Бердимуҳамедов расмийлари кўпдан бери мобил алоқа бозорини ўз монополиясига айлантирган МТС дан қўшимча даромад ундиришга ҳаракат қилган¸ аммо ўз ниятига етмагач¸ бу ширкатни рейдерлик усули билан тортиб олишга қарор қилган.

Айтилишича¸ Туркманистонда рўйхатга олинган 2¸5 миллиондан ошиқ мобил алоқа хизмати мижозларининг 2¸3 миллиони айнан МТС хизматидан фойдаланиб келган¸ давлатнинг Олтин аср ширкати эса¸ бор-йўқ 300 мингга яқин абонентга эга бўлган.

Кузатувчиларга кўра¸ МТС нинг ëпилиши билан вазият мутлақ Олтин аср¸ аниқроғи уни назорат қилувчи ҳукумат фойдасига ўзгаради. Айни пайтда¸ айрим тахминларга кўра¸ Олтин асрнинг техник жиҳатдан МТС дан тортиб олинаëтган мижозларга хизмат кўрсатишга қурби етмаслиги боис¸ Туркманистонда янги мобил алоқа ширкати пайдо бўлиши мумкин. МТС ўрнини эгаллаши кутилаëтган бу ширкатнинг эса¸ президент Бердимуҳамедов ва унинг оиласига қарашли ширкатлардан бири бўлиши тахмин қилинмоқда.

Айни пайтда¸ МТС раҳбарияти ҳозирча ўйиндан чиқиш ниятидан йироқ кўринади. Москвадан Ашхободга борган раҳбарларнинг бўҳронга ечим топиши баробарида ширкат миллионлаб мижозни қўлдан бой бермасликка ҳам уринмоқда.

Мобил алоқасиз қолган мижозларининг Олтин аср хизматига ўтиб кетиши олдини олиш учун МТС мижозларнинг хизматлар учун олдиндан тўлаган пуллари йўқолмаслиги¸ боз устига¸ МТС хизмати тикланишини кутадиган садоқатли мижозлар учун 20 фоизлик бонус таклиф қилинажагини маълум қилди.

МТС фаолиятининг тўхтатилиши¸ миллионлаб туркманистонликларни мобил алоқадан маҳрум қилиш баробарида¸ уларни ташқи дунë билан интернет орқали бошланиш имконидан ҳам мосуво қолдирди. Зотан¸ МТС ўз мижозларининг мобил телефон орқали интернетга уланишига имкон бериб келган ягона ширкат эди.
XS
SM
MD
LG