Линклар

Бу эски нақлни¸ ўзбекистонликларнинг аксариятини ўз ҳаққини билмаслик¸ Ўзбекистондаги ҳақсизликни кучайтиришга хизмат қилаëтганликда айблаган тошкентлик ўқитувчи тилга олади.

Фонар ёруғида сақланаётган жонлар

Самарқанд вилояти, Ургут туманидан телефон қилган Алишер туман шифокорлари тезкор ва оғир жарроҳлик амалиётларини ҳам фонар ёруғида ўтказишмоқда, дея яна электр токи танқислиги муаммосини тилга олди.

- Яқинда касалхонага борган эдим. Бир беморни олиб борган эдик. Шунақа свет йўқ экан. Ўша ерда фонарлар билан шамлар ëруғида текширишди. То уни текширгунча ўша ердаги врачлардан бири билан гаплашиб ўтирдим. “Тез операция қилиш керак бўлиб қолса, нима қиласизлар? Свет кўп ўчадими бу ерда?” десам, “Э биз ўрганиб кетганмиз бунақа аҳволга” дейди. Ҳамширалар фонарик тутиб туришар экан. Батареяда ëқиладиган фoнарни тутиб туришар экан. Барака топгурлар беморларни операция қилаëтганда ëқиб қўйса¸ ҳеч бўлмаса. Майли биз свет бўлмаса ҳам ўтираверамиз.

Озодлик: У ерда движок, свет йўқ бўлганда фавқулодда ишлатиш мумкин бўлган мосламалар йўқ эканми?

- Бор экан, лекин ҳаммага етмас эканда. Бинонинг ҳамма томонига етмас экан.

Озодлик: Фонар ëруғида қилинган амалиëтлар яхши ўтар эканми ишқилиб?

- Энди у тарафларини сўрамадим. Иложларингиз бўлса, бу ëқда мухбирларингиз бўлса, ўрганиб кўрсангизлар. Свет бизларда энди жуда ҳам муаммо. Бу муаммога 15 йилларча бўлди, дейди ургутлик Алишер.


Отнинг ювоши жангга, элнинг ювоши хонга яхши

Тошкентдан телефон қилган Акром Шарипов журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларни сурхондарёлик Раҳмонқул бободан ҳимоя қилар экан, бу икки журналист кўтарган муаммонинг Ўзбекистон ижтимоий ҳаётига сингиб кетганини айтади.

- Бор. Биринчидан, таниш-билишчилик. Иккинчидан, моддий манфаат. Агар ойлиги яхши ишлар бўлса, унга бегона киши қўйилмайди. Биринчидан, ўзларига тегишли бўлган киши, иккинчидан, моддий манфаат келтирадиган киши ëки юқорида таниши бўлган киши. Ҳақиқатни айтсангиз, сиғдирмаслик бор.

Асли менинг касбим ўқитувчи. Мактабда ишлаганимда синф раҳбари эдим. Рус аëл директор эди. Пул йиғиб беришни талаб қилган эди синф ўқувчиларидан. Мен бош тортган эдим. Шундан кейин менинг устимдан туҳматлар ëғдирилиб, мен уч-тўрт йил курашдим. Бунга район раҳбарлари, ҳокимият раҳбарлари, ички ишлар ҳаммаси бир томон бўлиб, мен 1000дан ортиқ киши билан олишганман.

Озодлик: Охири ғолиб чиқдингизми?

- Ғолиб чиққаним шу бўлдики, мени жазолай олмадилар. Ўзим бўшамагунимча ишдан ҳам ҳайдай олмадилар. Лекин менга туҳмат қилган кишиларнинг бирортаси ҳам жазоланмади. Ҳаттоки инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман Сайëра Рашидованинг идорасига бориб, ўринбосарга аризани топширганимда, аризани қабул қилмасдан “Қабул қиламан, лекин регистрация қилмайман. Агар ҳозир кетмасанг, милицияни чақириб “мени ҳақоратлади” деб қаматиб юбораман” деган жойлари ҳам бўлган.

Озодлик: Бу муаммолар йўқолармикан Ўзбекистонда қачондир?

- Йўқ, йўқолмайди.

Озодлик: Нимага?

- Биринчи сабаби халқнинг ўзи қонунни ўрганмайди, қонуннинг ишлашини талаб қилмайди. Биринчи навбатда халқнинг ўзи айбдор. Бир мақол борку “Отнинг ювоши пойгага яхши, элнинг ювоши подшога яхши”. Амалдорларга шу яхшида. Мана кўчаларда кўпчиликдан ҳужжат талаб қилса, дарров айб иш қилган чўрига ўхшаб ялиниб пул тутқазишга киришади. Ҳаққини талаб қилмайди. Кейин бизларга қонунни, конституцияни ҳуқуқ эмас бурчини кўпроқ ўрганиш керак, ҳеч ким ўрганмайди буни. Ҳар ким ўз бурчини бажарса, бировнинг ҳуқуқини поймол қилмайди. Буни одамлар тушунмайди. Юқоридан ҳам бор кўпроқ, лекин халқ ҳам талаб қилиши керакда, дейди тошкентлик Акром Шарипов.


Подшо вилоятимизга келтирган нур аримасин

Самарқанд шаҳридан телефон қилган Жавлон президент Каримовнинг бу вилоятга сафаридан эл мамнунлигини сўзлади.

Унинг сўзларига кўра, президентнинг порахўр амалдорларни жазолашни рағбатлантиргани ва унинг шарофати билан электр токи ва газ узилмаётгани самарқандликларнинг кўнглини чоғ қилмоқда.

- Самарқандда юрган крахабор, муттаҳамларни тозалаб кетганига биз хурсанд бўлиб ўтирибмиз. Бу ҳолваси ҳали. Шунақанги тартиб-интизомдан чиқиб кетганки, унча-бунча эмас.

Озодлик: Нимага бунақа деяпсиз? Ўзингиз гувоҳ бўлган ҳоллар борми?

- Ҳамма нарсани кўриб билиб туриб айтаяпман мен буни. Бу йилдан бошлаб системада шунақанги тозалашлар кетаяпти, шунинг учун бу йил ўзгаришлар бўлди. Бултур ҳам бор эди. Мана бу йил 21та орган ходимини қўлга олди деяпти. Бултур 21та эмас, ундан ҳам кўп эди. Ҳар йили бўларди, лекин бу йил ошкора бўлаяпти. Ҳар йили яширинча бўларди. Битта орган ходимини ҳибсга олса, уни ҳеч ким билмасди. Бу йил ошкора бўлаяпти.

Озодлик: Сабаби нимада?

- Бунинг сабаби ҳуқуқий-демократик давлат тузишга қараб бораяпмиз¸деб ўйлаяпмиз. Хурсанд бўлиб ўтирибмиз буни кўриб. Бу раҳбарлар одамларнинг шунчалик жонига теккан эканки, президент келишини одамлар кутган экан. Газлар умуман Самарқандда йўқ эди. Президент келишидан бир ҳафта олдин бутун газлар, светлар ҳаммаси жой-жойига тушиб қолди. Мана кетганига тўрт кун бўлган бўлса, ҳалигача яхши. Фақат президент келсагина яхши бўлиши керакми? Ҳамма вақт яхши қилса, раҳбарлар ишласа, яхши бўларканку мана. Мен ўйлайманки, юқоридаги раҳбарларга инсоф бердими Самарқандда ўзгаришлар бутун бошқача. Ойликларни бераяпти. Бултурги йилларда умуман одамлар ойлик ололмай овора бўларди. Мана одамлар “пластик бераяпти, ойлик бермаяпти” деб фақат нолийди. Аҳвол Самарқанд вилоятида жуда яхши. Унча-мунча эмас, дейди Самарқанд шаҳридан телефон қилган Жавлон исмли суҳбатдошимиз.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG