Линклар

Ақл ва мия вазни ўртасидаги алоқадорлик ëхуд Ким айбдор?


Гитлер ва унинг ғоялари бугунга келиб Россия миллатчилари саждагоҳига айланмоқда.

Гитлер ва унинг ғоялари бугунга келиб Россия миллатчилари саждагоҳига айланмоқда.

Одамнинг ақл-фаросати нимага боғлиқ? Наҳот пешонасининг кенглиги ва миясининг вазнига?!


100 йил олдин бу муаммо билан қизиқиб кўрган олимлар буюк инсонлар миясини ўрганишга киришибди. Натижада қизиқ фактлар аниқланибди... Одам миясининг ўртача оғирлиги 1,4 кг экан - эркакларники оғирроқ, аёлларники сал енгилроқ.

"Ана! Айтувдимку...", дегани зинҳор шошилманг, соч ва товуқ ҳақидаги мақолни ҳам эслашнинг ҳожати йўқ. Ҳақиқатан, генийларнинг мияси оддий одамларникидан оғирроқ экан. Лекин, буюкликнинг асло калла катталиги ёки оғирлигига боғлиқ эмаслиги ҳам исботланибди: буюклар орасида тарозига солинган энг оғир калла асли татар оиласидан бўлган рус ёзувчиси Иван Тургеневга - 2 килою 12 грамм, энг енгили эса¸буюк немис кимёгари Юстус Либихга тегишли экан: унинг мия оғирлиги бир килодан ҳам камроқ чиқибди. Лекин энг оғир ва катта мия - 2850 грамм !!! - психиатрия касалхонаси мижозига тегишли экан!

Нима учун бу гапни бошлаганимни тушунтираман...

Ҳар қандай одам оғир вазиятга тушганида биринчи навбатда бу қийинчиликлар сабабчисини қидиришга тушади. Камдан-кам инсон айбни ўзида ахтаради. Худди шундай жамиятда ҳам...

Одатда, оғир аҳволга тушган ёки ўтиш даврини бошидан кечираётган давлатларда мушкул вазиятни юзага келтирган айбдорлар қидирилади ва ...албатта топилади! Инсоният тарихида бундай "айбдорлар" сон-саноқсиз топилган: Қадимги Ҳиндистонда лўлилар, Римда насронийлар, насронийлар ҳукмронлиги даврида мусулмонлар, мусулмон давлатларида ғайридинлар, ўнта ахмоқ орасида битта аққли ва ўнта ақлли орасида битта ахмоқ.
Битта оролда ўнта Жумавой йиғилса Робинзон¸ албатта¸ нимададир айбдор деб топилиб¸ пишириб ейилади...

Мен фикрларимга бўладиган эътирозларнинг олдиндан олдини олган ҳолда¸ гап дин эмас, балки ғоядан ўз манфаатлари йўлида устамонлик билан фойдалана олувчилар ҳақида кетаётганини эслатиб қўймоқчиман, холос.

Хуллас, айбдор қидириш бўйича одамлар тўдасига тенг келувчи жонивор йўқ! Қизиғи, айбдорлар қаторига қўшилиш учун бошқалардан оз-моз фарқ қилмоқ етарли: ранги, бўйи, оғирлиги, ақли, миллати, тили...

Тескари ҳолат бўлиши мумкинми?

Тасаввур қилинг, Германия, ўтган асрнинг 30- йиллари... Бир тўда яҳудийлар кўчага немисларга қарши қаратилган шиорларни кўтариб чиқса-я! Ёки Москва, 2010 йил охирлари... Бир гуруҳ гастарбайтерлар Манежная майдонида "Яшасин ўзбеклар!", "Гастарбайтерлар, олға!", "Москва-Черкизов бозоридагилар учун!", деб шаҳарда қийқириб юрса-чи?!

Ўтган асрда германиялик қўнғизмўйлов бир миллатнинг бошқа миллатдан устунлиги ғояси остида ҳокимиятни эгаллашга эришди. Қанчалик ахмоқона туюлмасин, лекин ўзининг яҳудийларга қарши қаратилган ғояси билан у миллионлаб немисларни ўз ортидан эргаштира олди. Гап ҳам шундаки, немислар ЎЗИ ЭШИТМОҚЧИ бўлган фикрларни урушда қаттиқ контузияланиб психиатрик клиникада даволанган Гитлердан эшитди, орқасидан жарликка қараб эргашди. Нима бўпти¸ кимёвий бомбадан калласидан қаттиқ зарба еган бўлса?! Зато керакли гапларни гапираяпти!

“Бирор гап гапиришдан олдин одамларнинг оғзига қаранг!" Бу менинг гапларим эмас, бу ўша миясидан зарба еган қўнғизмўйловнинг пропаганда вазири Йозеф Геббельснинг сўзлари.
Хуллас, фашистлар Германиясида "орийлар" назарияси яратилди; бир одамнинг иккинчисидан аққлироқ, “тозароқ” эканлигини исботловчи “олимлар” қўзиқориндек етишиб чиқди. Қарангки, бир одамнинг бош суяги бошқасиникидан бир қатор параметрлар бўйича "тўғрироқ" экан, бурни эса "маданиятлироқ" кўринишда экан. Кулманг! Бу жиддий "тадқиқотлар" натижалари.

Ажабланарлиси, мен қадимий ва гўзал маданиятга эга бугунги Тожикистонда тожикларнинг "орийлар"га мансублиги ёки эрксевар қирғизларларнинг айрим вакиллари оғзидан “титул миллат”нинг имтиёзлари ҳақида жиддий оҳангда гапирилган сўзларни эшитаётганимда қўнғизмўйловнинг руҳий хасталиги ва контузияланганига ўзим ҳам ишонмай кетаман.

Звиад Гамсахурдиа деган бир грузин раҳбари бўлган эди. Унинг “Ким грузин бўлмаса, демак бу ерда меҳмон!”, деган гаплари Грузия жамиятини фуқаролар уруши ёқасига олиб келиб қўйгани наҳот эсимиздан чиқди? Миллатчиликни давлат ғояси даражасига кўтариб тараққиётга эришган бирорта жамиятни кўрсатинг-чи?

Нацизм ва миллатчиликка йўлиққан жамият жон талашаётган касал одамга ўхшайди. Бундай вазиятга тушган жамият қилаётган жиноятларию ножўя ҳаракатларини нима биландир оқлаши зарур. "Ўзлари айбдор, биринчи бошлади!", "Бизнинг маданиятимизни (урф-одатларимизни, қоидаларимизни, қонунларимизни ва ҳоказо), ҳурмат қилмади!", "Нега у мендан кўпроқ ойлик олиши (яхшироқ яшаши, ақллироқ бўлиши ва ҳоказо) керак?", каби чақириқлар инсондаги сўнгги қаршилик кўрсатувчи механизмларни ўчиради ва ўзга фикрга, маданиятга, турмуш тарзига эга одамларни йўқ қилишга йўл очади.

Бу механизмлар қаторида ВИЖДОН ҳам вақтинчалик (ёки айрим ҳолларда бутунлай!) ўчирилади. Гитлернинг "Буюк Райхи"да яҳудийларни бутунлай қириб фашистлар тинчиди, деб ўйлайсизми? Асло, яҳудлардан кейин концлагерларга руҳий касаллар, улардан кейин қариялар (улардан нима наф?) жўнатилган. Демак, масала миллатни тозалашда ҳам эмас, айбдор қидиришда экан-да!

"Менда виждоним йўқ! Менинг виждоним Адолф Гитлер!" Бу ҳам менинг сўзларим эмас, бу - Генрих Гиммлер. Айтмоқчи бўлган гапимни илғаётган бўлсангиз, ҳар қайси бузғунчилик ёки қотиллик учун шу ҳатти-ҳаракатларни оқловчи баҳона керак.

Яна фикрингизни бояги олимлар тадқиқотларига қайтармоқчиман...

Олимлар тадқиқотларни давом эттириб¸ энг оғир мия монгол ва бурятларга, энг енгили Австралия аборигенларига тегишли эканини аниқлашибди. Мия оғирлигининг иқлим ва озиқ-овқат рационига боғликлиги исботланибди. Қолаверса, ақллилик даражаси синапслар- миядаги нейронлар орасидаги алоқалар сонига боғлиқ экан.

Одам мия тузилиши, юрак уриши, нафас олиши билан бошқалардан фарқ қилмаса, миллатчилик феноменининг мазмуни нимада? Наҳот тананинг рангида ёки кўзнинг писка-писка эмаслигида?

Миллатчилик ва шовинистик кайфиятнинг ўрнашиши жамиятда ақл-фаросатга асосланиб фикрлаётган одамларнинг камайиб бораётганидан эмас, балки бундай одамларни эшитишни хоҳламаётганлар сони кўпайиб боратганидан дарак эмасмикин? Оломонни эса бошқаришдан осон нарса йўқ.

Бугун биз сиз билан мудҳиш тарихий воқеалар гувоҳи бўлиб турибмиз. Кўп миллатли Россия катта синов олдида турибди: кўп миллатли улкан Россия жамияти нацизм хавфига қарши тура олмаса¸ майда давлатчаларга бўлиниб фуқаролар уруши домига тортилиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам¸ кейинги йўлни жамият ўзи танлайди... Қолаверса, дунёда тоза миллатнинг ўзи йўқ, дейишим учун тарихчи бўлишим ҳам шарт эмасдир...

Шу кунларда Москвада миллатчи ёшларнинг кўчаларда "Россия руслар учун!", "Кавказликларга ўлим!", деб дод-вой солиб юрганини эшитавериб¸ буни Москва учун нормал ҳолат сифатида қабул қилаётганимни сезиб қолдим. Мен қандайдир ваҳшийлик, ёввойилик тўла бу кўзларни 90- йилларда Новгарзонда "Йўқолсин турклар!", деб қийқираётганлар, 2010 йилда "Сартлар кет!" деётганлар орасида кўргандекман... Миллатчиликнинг миллати йўқ. У дастлаб "миллий ғурур" ёки "миллий ўзликни англаш", деган¸ бир қарашда¸ зиёнсиз ғоялардан озиқланиб туради. Лекин уни алангага айлантириш қанчалик қийин масала?!

Фашизмдан энг кўп азият чеккан русларнинг фарзандлари ўн миллионлаб ҳалок бўлганлар хотирасига қўйилган Хотира алангасидан 30 метр нарироқда гитлерчиларнинг "Зиг Хайль!!!" ҳайқириғи остида қўл кўтариб турганини кўриб "Одам хотираси бунчалик қисқа бўлмаса?", дегинг келади.

Ёки бу касалликми? Унда айрим даврларда жамиятларнинг миллатчилик деб номланмиш бу ўта юқумли ва хавфли касалликка йўлиқиб туриши қонуният эканда...

...........................
Куни кеча Москвада ўлдирилган ўзбекистонлик Дамир Қаршиевнинг қотили қўлга олинди. Рус миллатининг тозалиги учун курашаётган 20 ёшли Сергей Вненкнинг отаси аслида озарбайжонлик экан. Москвани рус бўлмаганлардан тозалашга уриниб¸ шу баҳонада 37 кишини чавақлаган Артур Ринонинг отаси эса чукча бўлганлигини ҳисобга олсак, миллатчилар “тозалашни”дастлаб ўз сафларидан бошлаши керакмикан, деган фикрга бордим. Ёки миядан...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG