Линклар

Беларусда журналистлар ҳам оммавий тартибсизликларда айбланмоқда


Беларусда 18 нафар мухолиф сиёсатчи ва журналист, шунингдек, президентликка ўн номзоддан олти нафари Минскда 19 декабр куни оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланмоқда.

Айбланаётганлар орасида "Новая газета" мухбири ва "Хартия-97" мухолифат сайти муҳаррири ҳам бор.Улар Беларус КГБси ҳибсхонасида ушлаб турилибди. Ҳибсга олиш чоғида улар калтакланган.

Якшанба кунги сайлов натижалари, овоз беришдаги сохтакорликлардан норози минглаб одам Минск кўчаларига чиққан, милиция эса уларни куч билан бостириб юзлаб намойишчини ҳибс этган эди.

Намойишларда иштирок этганлари учун 600 дан ортиқ намойишчи турли маъмурий жазоларга тортилди.

Расмий маълумотларга кўра, улардан 580 нафарига 15 суткалик қамоқ жазоси берилган. Қолганлари эса йирик миқдорда жаримага тортилган.

19 декабрда бўлиб ўтган сайловларда Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенко ғолиб чиққанди. Марказий сайлов комиссиясига кўра, Лукашенко қарийб 80 фоиз овоз тўплаган.

Президентлик сайловларида Александр Лукашенкога қарши 9 номзод кураш олиб борди.
XS
SM
MD
LG