Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:06

Тожикистон хориждаги дин толибларининг барчасини юртга қайтармоқда


Тожик расмийлари хориждан қайтган тожикистонлик талабалар ўз юртларида диний таҳсилни давом эттириши мумкинлигини айтмоқдалар.
Тожик расмийлари хориждан қайтган тожикистонлик талабалар ўз юртларида диний таҳсилни давом эттириши мумкинлигини айтмоқдалар.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат маҳаллий ҳокимиятлари масъулларига хорижий давлатларда ноқонуний диний таҳсилини давом эттираётган сўнгги тожикистонлик талабаларни ҳам ватанига қайтаришни топширди.

Тожик жамиятида “Ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган бир пайтда давлат раҳбари Имомали Раҳмон диний мадрасаларда ўқиётган тожикистонлик талабаларини ватанига қайтариш масаласини яна бир бор кўндаланг қилиб қўйди.

Куни кеча республика шаҳар ва туман раислари иштирокида ўтказилган ҳукумат йиғинида президент Имомали Раҳмон “хориждаги мадрасаларда ноқонуний таҳсил олаётган энг сўнги талаба ватанига қайтарилиши зарур”лигини қайта таъкидлади.

Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раис ўринбосари Мавлон Мухторов бу борадаги ҳукумат дастурининг асосий мақсади ҳақида гапиради.

- Фуқароларимизни исломий давлатлардаги диний мадрасалардан қайтаришдан асосий мақсадимиз ёшларимизнинг хорижда диний таълим олишларини тартибга солишдир. Маълум бир тартиб-қоида йўқлиги сабабли кўп ҳолларда фуқароларимиз айрим экстремистик гуруҳлар тузоғига тушиб қолаётир. Улар фуқароларимизнинг паспортларини олиб қўйиб, ўзларини эса тутқинликда сақлаб, хусусий мадрасаларида экстремистик ишларга жалб қилаётгани ҳақида далилларимиз бор, - деди Мавлон Мухторов.

Расмийнинг билдиришича, шу мақсадда ўтган бир неча ой давомида 6 ёшдан 30 ёшгача бўлган 1200 га яқин фуқаро ватанига қайтарилган.

- Яна 300 дан ортиқ талаба ўшандай ноқонуний мадрасаларда таълим олишни давом эттирмоқдаки, тугаб бораётган йил сўнгига қадар улар ҳам Тожикистонга олиб келинади, дея қўшимча қилди Мавлон Мухторов.

Айтилишича, Тожикистон ҳукумати Миср, Эрон ва Туркия давлатлари билан бу борада келишув ҳам имзолаган.

Айрим кузатувчилар иқтидордаги ҳукуматнинг бу қарорини ёшларнинг хорижда диний таълим олишлари келажакда бу мамлакат миллий хавфсизлигини савол остига қўйиши мумкинлигидан чўчиётгани билан изоҳлашади.

Бироқ парламент қуйи палатаси депутати Сайидумар Ҳусайниq бу иддаоларни рад этар экан, тожикистонлик талабалар диний таълим олаётган Миср, Эрон ва Туркия каби давлатлар дунёда барқарорлиги устивор давлатлар сифатида танилганини ва бу мамлакатларда ҳеч қандай хавф йўқлигини таъкидлайди.

- Миср, Эрону Туркия мадрасаларида биздан борган талабалар учун ҳеч қандай хавф йўқ. Аммо хатарли эканидан дунё жар солаётган Афғонистону Покистонда ҳам ўқиётган фуқароларимиз бор бўлишига қарамай, шу кунгача Покистондан бирор киши ватанига қайтарилмаган, - дейди Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси ўринбосари Саидумар Ҳусайний.

Айни пайтда ўтган ойлар давомида тахминан 200 га яқин тожикистонлик талаба Афғонистондан ўз юртига қайтарилгани ҳақида баъзи маълумотлар бор.

Шу ўринда айтиш жоизки, хориждаги таҳсили тўхтатилган тожикистонлик ёшлардан кўпчилигининг кейинги тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

Тожикистон Таълим вазирлиги қошида хориж мадрасаларидан қайтган талабаларни “имтиҳон” қилиш бўйича махсус комиссия ташкил қилинган.

Бу комиссиянинг вазифаси хориждан қайтарилган талабаларнинг билим даражасини текшириш ва шунга мувофиқ мактаб ва олийгоҳларга жойлашдан иборат.

Аммо парламент депутати Саидумар Ҳусайний талабаларнинг ҳаммаси ҳам осонлик билан таълим даргоҳларига жойлаша олмаётганини айтади.

- Бизнинг оиламиздан фақат бир фарзандим хориждан қайтди. Уни ҳам
ўзимиз жуда катта қийинчиликлар билан хусусий лицейлардан бирига жойлаштирдик. Аммо аксарият 18 ва 20 ёшли ҳамда ёши ундан юқори бўлганлар уйига қайтганининг эртаси куни ҳарбий хизматга олиб кетилди, - дейди Сайидумар Ҳусайний.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг хорижий мадрасаларда таҳсил олаётган ёшларни ватанига қайтаришга оид даъвати илк бор шу йил августида янграганди.

Президент жаноблари ўшанда исломий мамлакатлардаги хусусий мадрасаларда ноқонуний диний таълим олаётган ёшларнинг аксар қисми экстремистик ва террористик гуруҳларга қўшилиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.

Аснода бир гуруҳ таҳлилчилар хориждаги таҳсилидан мосуво бўлган ёшларга ватанидаги мактабу олийгоҳларда ўқишини давом эттиришлари учун шароит ва имкониятлар берилиши лозимлигини урғулашади.

"Акс ҳолда, - дейди мустақил таҳлилчилар, - бу муаммо тожик жамиятидаги барқарорликни издан чиқариш учун туртки бўлиши мумкин".
XS
SM
MD
LG