Линклар

logo-print

Шу кунларда хорижда юрган ва хорижга йўл олаётган аксар ўзбекистонликларни қизиқтириб турган биометрик паспорт жорий этилиши тартиби тўғрисидаги савол билан Озодлик мурожаат қилган Ўзбекистон Республикаси ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туманларидаги Кириш, чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бўлимлари ходимлари шундай жавоб бермоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра¸ биометрлик паспорт Ўзбекистонда 2011 йилнинг январ ойидан бошлаб берилиши ва биринчи навбатда хорижга чиқаётган ҳамда хорижда юрган фуқароларнинг паспортлари алмаштирилиши керак эди.

Озодлик мухбирларининг бу жараённинг яна нега кечикаётгани ва унинг кейинида нима кутилаётгани ҳақидаги саволларига жавобан Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бошқармаси ва унинг жойлардаги бўлимлари вакиллари бирор жўяли жавоб айта олмаятилар.

Жумладан, Тошкент шаҳри Учтепа тумани Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бўлими ходими паспортни бемалол эскисига алмаштириб олаверинг, деб жавоб берди.

- Алмашмаяпти.

Озодлик: Агар чет эл визасини олиб қўйган бўлсангиз ва 1 январдан кейин чиқаман десангиз, аэропортда янги пасоорт сўрайди дейишаяпти.

- Йўқ, унақа нарса йўқ.

Озодлик: Қачондан алмашади?

- Ҳали унақа нарса йўқ.

Озодлик: 2011 йил ичида алмашмайдими ишқилиб. Бемалол кетаверсак бўладими?

- Йўқ, ҳали алмашмайди.

Туман даражасидаги ходимининг бу жавобини Тошкент шаҳар Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бўлими ходимлари ҳам тасдиқлади.

- Ҳозир янги паспорт бўйича аниқ бир нима йўқ. Сиз бемалол бориб алмаштиришингиз мумкин.

Озодлик: 1 январдан бошлаб бошланади деб айтишаяптику.

- Паспортнийга боринг ундан кўра. Бу ОВИРку.

Озодлик: Паспортнийдагилар “Бизда аниқ гап йўқ. Қанча муддатга қолдирилганини билмаймиз. Қолдирилган бўлиши ҳам мумкин, бошланиб қолиши ҳам мумкин” деган мавҳум гап қилди. Шаҳардагилар кўпроқ билишади, ўшалардан сўраб кўринг, дейишди.

- Биз ҳам янги келганмиз¸ гапнинг очиғи. Аниқ кўрсатма йўқ ҳозир бизларда.

Айни жавобни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қошидаги Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бошқармасидан ҳам олдик.

- Ҳали бошланмади. Хабаримиз йўқ ҳали бизларнинг. 1 январдан кейин телефон қилинг. Бу ернинг ўзида ҳамма ëқ жимжитку ҳали (паспорт) алмашиш тўғрисида.

Аввал хабар берганимиздек, аслида Ўзбекистонда биометрик паспорт тизимига ўтиш тўғрисида президент фармони эълон қилинган ва унда бу жараён 2010 йилнинг январ ойидан бошланиши айтилган эди.

Кейинчалик бу жараён яна ҳукумат қарори билан 2011 йил январига кечиктирилди ва шу кунгача ҳам янги паспорт айнан қачондан бошлаб берила бошланиши расман эълон қилинмади.

Аммо, бунақа масалалар Ўзбекистон Ички ишлар органларининг кутилмаган янгиликларига гувоҳ бўлган баъзи ўзбекистонликларнинг кўнглида “2011 йил январидан бирданига бир қарор билан жараён бошлаб юборилса-чи?!” деган хавотир ҳам бор ва бу шу кунларда кўпчилик тингловчилар томонидан тилга олинмоқда ҳам.

Қайта ва қайта мурожаатларимиз чоғида Ички ишлар бошқармасидан бу саволга жавоб ололмадикку, аммо, Тошкент шаҳар Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бўлимида айни кунларда прокуратура фаолият олиб бораëтганидан хабар топдик.

- Городскойдан рақам берган билан барибир телефонни олмайди.

Озодлик: Нимага?

- Прокуратура текшираяпти.

Бу ходим текширув сабабларини айтмади. Сабабларни суриштириб, шаҳар бўлимининг паспорт билан ишлаш бўлимига боғланганимизда шундай жавоб олдик.

Озодлик: Шу нарсани яхшироқ биладиган ким бор у ерда?

- Қолмади уже.

Озодлик: Нимага қолмаган?

- Уже ишдан бўшатиб юборди.

Озодлик: У ерда Наргиза деган қиз бор эди.

- Наргиза ҳам кетди, Раъно ҳам кетди, Шаҳло ҳам кетди, Меҳрибон ҳам кетди. Ҳаммаси кетди.

Озодлик: Нимага унақа бўлиб кетди?

- Бошқа службага ўтишдими, такомиллаштирилади борган сари.

Айни идоранинг шаҳардаги туманлардан бири бўлимидан биридан туриб Озодликка сўзлаган бошқа бир ходим шаҳар бўлимида катта миқдорда давлат маблағи ўмарилгани устидан текширув бораётганини айтди.

Аммо бу хабарга расман ойдинлик киритиб берадиган мутасадди топилмади.

Хуллас, президент фармони ортидан Ўзбекистонда биометрик паспортга ўтилиши тўғрисида бошланган шов-шув нега бирданига тинчиб қолгани сабаблари қоронғулигича, бунинг Тошкент шаҳри Кириш¸ чиқиш ва фуқароликни қайддан ўтказиш бўлимидаги текширувларга алоқаси бор-йўқлиги ҳақидаги саволлар эса очиқлигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG